ДАВЛАТ РАМЗЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШНИНГ КОНСТИТУЦИЯВИЙ АСОСЛАРИНИ БЕЛГИЛАШ ЛОЗИМ

Шу кунларда халқимиз, кенг жамоатчилик ўртасида конституциявий қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинмоқда. Кўплаб таклифлар билдирилиб, уларнинг ҳар бири Конституциявий комиссия томонидан кўриб чиқилмоқда. Мен ҳам мана шу ислоҳотларга ўзимни дахлдор сезиб, Асосий қонунимизга таклиф билдиришни жоиз билдим.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 5-моддасига давлат рамзларининг қонунлар билан ҳимоя қилиниши тўғрисидаги нормани киритиш мақсадга мувофиқ. Конституция давлатни жаҳонга танитадиган ҳужжат, у кўпгина хорижий тилларга таржима қилиниб, жаҳон миқёсида кенг ўрганилади, давлат рамзлари ҳимоясининг конституция билан мустаҳкамланиши бундай ҳимоянинг халқаро муносабатларда ва миллий миқёсда устуворлигини белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси давлат рамзлари муқаддасдир. Улар давлатнинг мустақиллигини, Ўзбекистон халқи ва давлатининг иродаси, мақсадлари ва орзу-интилишларини ифодалайди. Давлат рамзларида конституциявий тузум хусусиятлари ўз аксини топади. Шунинг учун давлат рамзларини тасдиқлайдиган қонунларнинг барқарорлигини таъминлаш мақсадида уларга конституциявий қонун мақоми берилиши мақсадга мувофиқ.

Давлат рамзларига нисбатан ҳурматсизлик бу конституциявий тузумга нисбатан, давлат суверенитетига нисбатан, халқ ва давлат иродасига нисбатан ҳурматсизликни англатади. Давлат рамзларига ҳурматсизлик ва таҳқирлаш қандай ҳаракатларда ўз ифодасини топишини, давлат рамзларидан фойдаланишда эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш лозимлигини қонунчилик билан белгилаш мақсадга мувофиқ. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 215-моддасига мавофиқ, давлат рамзларига ҳурматсизлик қилиш жиноят жавобгарликка сабаб бўлади.

Давлат рамзлари соҳасидаги қонунчиликни давлат рамзларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан қуйидагича такомиллаштириш мақсадга мувофиқ:

биринчидан, давлат рамзлари тасвири туширилган матодан йўлаклар, минбарлар, ўтириш учун мўлжалланган жиҳозларда, шунингдек, одоб-аҳлоқ қоидалари ва жамиятда юриш-туриш қоидаларига зид равишда улардан қоплама сифатида фойдаланиш тақиқланиши;

иккинчидан, давлат рамзларидан маънавиятга, фуқароларнинг миллий ва диний туйғуларига дахл қиладиган мазмунда ва маъносини бузиб талқин қилиб фойдаланишга йўл қўйилмаслигини;

учинчидан, ранги ўзгарган, эскирган, шикастланган, йиртилган давлат рамзлари ва уларнинг тасвирларидан фойдаланиш тақиқланиши;

тўртинчидан, давлат рамзларидан тижорат мақсадларида фойдаланганда давлат рамзлари акс этган товар белгилари бир марталик фойдаланишга мўлжалланган маҳсулотларда, шахсий гигиена воситаларида, уларнинг ўровлари ва қадоқларида ишлатилиши ман қилиниши;

бешинчидан, ташкилот, корхона, муассасалар рамзлари давлат рамзларига ўхшаш бўлиши мумкин эмаслиги, уларнинг ҳужжатлари ёки реклама материалларининг реквизитларига давлат рамзлари элементларини киритишга йўл қўйилмаслигини белгилаш.

Ўйлаймизки, Конституцияда давлат рамзларига мана шу мазмундаги муносабат муҳрланса, жамиятда ватанпарварлик руҳи ҳукмрон бўлиши, фуқароларимизда юртимиз ва бугунги ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси юксалишига хизмат қилади.

 

 

Ўткир Очилов,

Юридик фанлар номзоди, доцент 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech