Конституциявий комиссияга келаётган жамоавий таклифларнинг ўзига хослиги нимада?

Фарғона вилояти Сўх туманидан 5 минг нафар фуқаро имзолаган хатда сўхликлар конституциявий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаши таъкидланган. Куни кеча матбуотда ушбу хат таҳлилига бағишланган мақола эълон қилинди.

Ҳозирги кунда умумхалқ муҳокамаси қизғин давом этаётган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан нафақат фуқаролар, балки ташкилот ва муассасалардан ҳам Конституциявий комиссияга кўплаб жамоавий таклифлар келмоқда.

 Жамоавий таклифлар асосан парламент палаталарининг турли қўмиталари, партиялар фракциялари, вазирлик ва ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари, таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари томонидан юборилмоқда.

         Бундай жамоавий таклифларнинг ўзига хослиги нимада?

Биринчидан, бу хатларда Конституциявий қонун лойиҳасининг барча моддалари бўйича имкон қадар тизимли таклифлар жамланган.

Иккинчидан, таклифларнинг изчиллиги ва ўзаро уйғунлиги таъминланган бўлиб, улар деярли бир-бирини инкор этмайди.

Учинчидан, таклифлар ҳам тегишли тор соҳа мутахассислари, ҳам малакали ҳуқуқшунослар экспертизасидан ўтказилгани туфайли нисбатан аниқ ва пишиқ-пухта шаклда киритилади.

Бу омилларнинг барчаси, шубҳасиз, Конституциявий комиссия таркибида фаолият олиб бораётган қонун ижодкорларининг катта ҳажмдаги ва машаққатли ишларини бир қадар енгиллатишга хизмат қилади.

Шу ўринда Конституциявий комиссияга яқинда келиб тушган иккита жамоавий таклифнинг мазмун-моҳияти ҳақида мухтасар сўз юритамиз.

Булардан бири – Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича гендер-ҳуқуқий экспертиза хулосасидир. Ушбу “Хулоса” Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси томонидан тақдим этилган.

Маълумки, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасида Асосий қонуннинг 37-моддаси янги таҳрирда берилган бўлиб, бешта янги банд қўшилмоқда. Хусусан, айни модданинг 3-банди қуйидаги нормадан иборат:

“Ҳомиладорлиги  ёки  боласи  борлиги  сабабли  аёлларни  ишга  қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади”.

“Хулоса”да қайд этилишича, “Ушбу нормада боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланиши бир жинсдаги шахсларни бошқа жинсдаги шахсларга нисбатан устун ҳолатга тушириб қўядиган вазиятларни, ҳолатларни ёки мезонларни яратиш, шу жумладан гендер тенгсизликни келтириб чиқариши мумкин”.

Бу фикрнинг ҳуқуқий тасдиғига сифатида Халқаро меҳнат ташкилотининг Меҳнат ва иш турлари соҳасида камситиш тўғрисидаги конвенцияси талабларига таянилган. Ҳақиқатан ҳам, мазкур Конвенциянинг 1-моддасига кўра, камситиш – бу меҳнат ёки иш турлари соҳасидаги муомала ёки имкониятлар тенглигининг йўқолишига ёки бундай тенгликкак путур етказилишига олиб келувчи фарқлаш, чеклаш ҳамда устун қўйишлардир.

Миллий қонунчилигимизда, хусусан, сайлов тўғрисидаги қонунларда хотин-қизлар орасидан номзодлар сайловларда кўпроқ кўрсатилишини рағбатлантириш учун квота ажратишга қаратилган бундай “камситиш”ли нормалар мавжуд бўлиб, жаҳон қонунчилиги амалиётида улар “ижобий дискриминация” деб юритилади. Шунга қарамай, Конституциявий комиссия ушбу таклифни асосли ва чуқур ўрганиб чиқишига аминмиз.

 “Хулоса”даги кейинги таклиф Конституциявий қонун лойиҳаси 37-моддасининг 4-бандига тааллуқли. Ушбу бандда шундай дейилган:

“Ҳар бир ишловчи аёл ҳомиладор бўлган тақдирда ва туғиш даврида ҳақ тўланадиган таътилга ҳамда янги туғилган чақалоқни парвариш қилиш учун  таътилга  ёки  болани  фарзандликка  олиш  учун  таътилга  чиқиш ҳуқуқига эга”.

“Хулоса”да изоҳланишича, ушбу норма амалдаги миллий қонунчиликка мос келмайди. Янада аниқ қилиб айтганда, айни шу конституциявий нормада кўзда тутилаётган ҳуқуқий кафолатлар Меҳнат кодекси ҳамда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунда нисбатан кенгроқ қамровга эга.

Хусусан, Меҳнат кодексининг 234 моддасида болани парваришлаш учун таътиллардан отаси, буваси ёки болани амалда парваришлаётган бошқа қариндошлари ҳам тўлиқ ёки қисмларга бўлиб фойдаланиши мумкинлиги кўрсатилган. Кодекснинг 235-моддасига мувофиқ, янги туғилган болаларни бевосита туғруқхонадан фарзандликка олган, яъни болага васий этиб белгиланган шахсларга ҳам нафақа тўлаган ҳолда таътил берилиши ва уларнинг хоҳишига кўра, бола уч ёшга киргунича қўшимча таътиллар берилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 24-моддасида бола туғилиши муносабати билан она ҳам, ота ҳам, ҳақ тўланадиган таътил олиш ҳуқуқига эгалиги белгиланган.

Конституциявий қонун лойиҳаси 37-моддасининг 4-бандидаги янги нормада эса ушбу имкониятлар кўлами жуда торайиб қолган. Яъни, болани парваришлаш учун таътиллардан фақатгина “ҳар бир ишловчи аёл” фойдаланиши мумкинлиги назарда тутилмоқда, холос.

Бу, ўз навбатида, мазкур конституциявий нормада халқаро ҳуқуқ ва миллий қонунчиликда мустаҳкамланган хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари таъминланиши зарурлигини кўрсатиб турибди. Ишончимиз комилки, Конституциявий комиссия айни ҳолатни ҳам инобатга олади.

“Хулоса”да Конституциявий қонун лойиҳасига фақат танқидий-таҳлилий таклифлар билдириш билангина чекланилмаган. Аксинча, айрим нормаларга ижобий баҳо берилган ва уларнинг аҳамияти ҳуқуқий негизда талқин этилган.

Жумладан, “Хулоса”да қайд этилганидек, Конституциявий қонун лойиҳасининг 63-моддаси 2-бандидаги норма: “Никоҳ аёл ва эркакнинг ихтиёрий розилигига ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади”, деган шаклда мазмунан тўлдирилгани эътирофга лойиқ. Чунки амалдаги Асосий қонуннинг худди шу нормаси аниқ баён этилмагани боис ҳуқуқни қўллаш амалиётида турли тушунмовчиликларни келтириб чиқараётган эди.

Лойиҳада никоҳ томонлари аёл ва эркак эканига аниқлик киритилган. Натижада турли баҳсларга замин яратаётган масала ижобий ҳал этилган.

Яна бир эътироф: амалдаги Конституциянинг 65-моддасида фақатгина оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши кўзда тутилган. Конституциявий қонун лойиҳасида эса 63-модданинг 3-бандидаги норма қуйидагича: “Оналик, оталик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади”.

Яъни, мазкур конституциявий норма гендер тенглик талабига мувофиқлаштирилган. Натижада, “Хулоса”да қайд этилганидек, ота-онанинг тенг ҳуқуқлиги ва оилавий муносабатлар тенглигини таъминлашга ҳуқуқий имконият яратилмоқда.

Конституциявий комиссияга келиб тушган эътиборга лойиқ жамоавий таклифлардан яна бири – Конституциявий қонун лойиҳасини лингвистик экспертизадан ўтказиш бўйича таққослаш жадвалидир. Бу ўринда лингвистик экспертиза, Конституциявий комиссия сўровига асосан, Атамалар комиссияси ҳузуридаги етук тилшунос олимлар иштирокида тузилган ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилганини алоҳида таъкидлаш лозим.

“Таққослаш жадвали” – 31 бетдан иборат ниҳоятда салмоқли ҳужжат. Унда Конституциявий қонун лойиҳасида қўлланган юридик жумлалар ўзбек адабий тилининг расмий иш услуби қоидаларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан чуқур таҳлил қилинган ва зарур ўринларда тегишли сўз ва ибораларнинг талабга мос шакллари тавсия этилган.

Мисол учун, “Таққослаш жадвали”да Конституциявий қонун лойиҳасидаги (умуман, амалдаги қонун ҳужжатларида ҳам баъзан учрайдиган) “қўлланилади” сўзини – “қўлланади”, “норма” сўзини – “меъёр”, “умум эътироф этилган” иборасини – “умумэътироф этилган” шаклида ёзиш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, лойиҳанинг 26-1-моддаси хирги бандидаги: “...тинтув ўтказишни ёки кўздан кечиришни амалга оширишга ҳақли эмас” деган жумлани қуйидаги: “...тинтув ўтказишга ёки кўздан кечиришга ҳақли эмас” тарзида янги таҳрирда бериш сўралмоқда. Чиндан ҳам, бундай ёндашув давлат тилининг расмий иш услуби қоидаларига талаби, қолаверса, юридик тил ифода услубининг ҳам талабидир.

Бинобарин, таклиф этилаётган жумлада конституциявий қоидани ифода этишда ихчамликка амал қилинган. Яъни, 9 та сўздан ташкил топган аввалги таҳрирдаги матнга нисбатан янги матнда 2 та сўз тежалган.

Албатта, “Таққослаш жадвали”да милий қонунчилик тили учун махсус жорий этилган айрим қоидалар инобатга олинмаган таклифлар ҳам учрайди. Масалан, тилшунос экспертлар “халқ депутатлари Кенгаши” иборасида “Кенгаш” сўзини барча ўринларда кичик ҳарфда ёзиш зарур, деб ҳисоблайди. Ваҳоланки, қонунчилик тилида  “Кенгаш” сўзини бош ҳарфда ёзиш юзасидан алоҳида қонун ҳужжати қабул қилинган.

Энг муҳими, Конституцияга киритиш тавсия этилаётган янги қоидаларни онгу тафаккур билан чуқур мушҳода этиб, қалб тарозисидан ўтказиб, холис ва ҳаққоний асосда билдирилган бу каби таклифлар янгиланган Асосий қонунимизнинг мукаммалигини таъминлашга, унинг том маънодаги халқ Конституциясига айланишига қаратилган.

 

Ғулом Мирзо,

журналист

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech