Конституцияга мувофиқ ҳаракат қилиш инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини адолатли ҳамда тенг асосда ҳимоя қилишни англатади. Мансабдор шахслар Конституцияга зид хатти-ҳаракатлари учун жавобгарликка тортилиши керак. Конституция одамлар фаровонлиги ва уларнинг манфаатларининг энг олий ҳуқуқий кафолати ҳисобланиб, жамият ҳаётини шакллантириш ва давлатни ташкил этишнинг асосий воситаларидан бири саналади.
Инсон ҳуқуқлари замонавий давлатнинг конституциясида марказий ўринни эгаллайди ҳамда жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларни белгилайди. Шу боис, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги нормалар замонавий Конституция лойиҳасининг ажралмас қисми ҳисобланади.
Инсон ҳуқуқлари ва демократик конституциявий тузум ўртасидаги боғлиқлик Конституция қабул қилинишига ёки конституциявий ислоҳотга олиб келадиган жараёндан бошланади. Бундай жараён жамиятнинг барча соҳалари вакилларининг кенг иштирокига асосланган бўлса, муваффақиятли натижаларга олиб келади. Конституцяивий ислоҳотларни амалга ошириш фақат сиёсий арбобларга топширилмаслиги керак, чунки бу жараённинг биргаликдаги муаллифлиги катта аҳамиятга эга. Бунда иштирокчилар ўз фикрларини эркин билдириши ва ҳеч қандай тўсиқларсиз ҳокимият вакиллари билан мулоқот қилиш имкониятига эга бўлишлари мумкин.
Таъкидлаш лозимки, юртимизда амалга оширилаёттган конституциявий ислоҳотларда давлат ва жамиятнинг барча вакиллари иштирок этишлари учун кенг имкониятлар яратилди. Фуқаролар ҳам ўз сиёсий фаолликларини намойиш этиб, Конституцияни такомиллаштириш бўйича Конституциявий комиссияга 60 мингдан ортиқ таклифлар билдиришди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, Конституцияни такомиллаштиришда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатлари масаласи асосий ўринни эгаллаши лозим. Шу муносабат билан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Конституциянинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларига бағишланган нормаларни такомиллаштириш, уларни инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномллар ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига мувофиқлаштириш ҳамда Конституцияда акс эттириш бўйича ўзининг бир қатор таклифларини Конституциявий комиссияга йўллади.
Амалдаги Конституция хорижий илғор тажриба ҳамда халқаро стандарт ва талабларга ҳар томонлама мос келади. Лекин, ундаги баъзи нормаларни такомиллаштириш, бугунги кун талабларига мослаштиришни замон тақозо этмоқда. Юқоридагилардан келиб чиқиб бир қатор Конституциявий комиссияга тақдим этилган қуйидаги таклифлар инобатга олинди:
Биринчидан, Конституциянинг 1-моддасида Ўзбекистоннинг ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат эканлигини белгиловчи қўшимча. Мазкур норма дунёнинг кўплаб давлатлари конституцияларида мавжуд. Шунингдек, уларда давлат тузилиш шакли ҳам белгиланадиган ҳоллар кўплаб учрайди.
Иккинчидан, Конституциянинг ҳуқуқий мақомини унинг ўзида белгилаш. Яъни, Конституциянинг 15-моддасини “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси олий юридик кучга эга ва Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида қўлланилади” деган норма билан тўлдириш таклиф этилган. Амалдаги қонунчиликда бу Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрсидаги қонунчиликда белгиланган. Хорижий давлатлар тажрибасида (Россия, Белорус ва бошқалар) Конституциянинг мақомини унинг ўзида белгилаш тажрибаси мавжуд. Мазкур таклиф Комиссия томонидан қабул қилиниб Лойиҳага қўшилган.
Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг ўз мамлакатидан чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга экстрадиция қилиниши мумкин эмаслиги тўғрисидаги норма билан тўлдириш. Марказ томонидан билдирилган ушбу таклиф Конституциянинг 22-моддасига қўшимча сифатида киритилган.
Шунингдек, бир қатор долзарб масалалар ҳам борки, уларни Конституцияга киритиш унда инсон ҳуқуқлари янада кафолатланишини ҳамда демократик бўлишини таъминлайди.
Лойиҳада 18-моддани янги биринчи ва иккинчи қисмлар билан тўлдириш таклиф этилган. Шу муносабат билан, учинчи қисмдаги “фуқаролар” сўзи барчанинг қонун олдида тенглигини истисно этмоқда. Яъни, Ўзбекистонда жуда кўплаб чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар истиқомат қилиши ва фаолият юритиши инобатга олинса, бу халқаро ҳуқуқ нормаларига зид бўлади. Зеро, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 2-моддасида ҳар бир давлат ўз ҳудудида турган ва ўз юрисдикцияси остида бўлган барча шахсларнинг ҳукуқларини ҳеч бир айирмачиликсиз, ҳурмат қилиш ва таъминлаш мажбуриятини олади. Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, 18-модданинг 3-қисмини қуйидаги таҳрирда баён этиш мақчадга мувофиқ:
“Ўзбекистон Республикасида барча бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, танасининг ранги, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, ногиронлиги, туғилган жойи, яшаш жойи, ёши, эътиқоди, шахси, ижтимоий ва хизмат мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар”.
Таъкидлаш жоизки, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги қоидалар демократик конституцияларнинг асосини ташкил этади. Конституциявий ислоҳотларнинг муваффақияти унда турли қатлам вакилларининг манфаатлари инобатга олинганлиги ҳамда улар томонидан қўллаб-қувватланишига боғлиқ бўлади. Бу эса, Конституцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг қай даражада кафолатланганлигига боғлиқ бўлади. Шу сабабли, Конституцияга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги лойиҳада юқоридаги таклифларнинг инобатга олиниши катта аҳамиятга эга.
Рустам Атовуллоев,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази бош юрисконсульти
- Қўшилди: 01.08.2022
- Кўришлар: 5463
- Чоп этиш