Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс пойдевори

Жорий йилнинг 22-24 июль кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс пойдевори” мавзуидаги VI Халқаро конгресс мамлакатимиз маданий ҳаётида муҳим воқеа бўлгани эътироф этилмоқда.

Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти томонидан ташкил этилган ушбу анъанавий халқаро анжуман иштирокчиси академик Акмал САИДОВ билан шу ҳақда суҳбатлашдик.

– Ҳурматли Акмал Холматович, Сиз VI Халқаро конгресснинг очилиш тадбирида модераторлик қилдингиз. Аввалги бешта халқаро конгресс ишида ҳам фаол иштирок этгансиз. Ушбу анъанавий халқаро маданият анжуманига асос солиниши тарихи ҳақида мухтасар сўзлаб берсангиз.

  • Халқаро конгресс, аниқ қилиб айтганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва 2017-2021 йилларда мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларига кенг татбиқ этилган Ҳаракатлар стратегиясининг мевасидир. Чунки айнан Ҳаракатлар стратегиясида Янги Ўзбекистонни барпо этиш учун ҳар томонлама ҳозирлик кўриш, мамлакатимиз заминида Учинчи Ренессанс пойдевори қўйилишига эришиш, бунда Ватанимизнинг барча имконияти ва салоҳияти, жумладан, бой тарихий ва маданий мероси ютуқларидан самарали фойдаланиш истиқболлари белгилаб берилганди.

Шу асосда Биринчи халқаро конгрессЎзбекистон маданий мероси – халқлар ва мамлакатлар ўртасидаги мулоқот учун йўл” мавзусида 2017 йил 15-16 май кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилди. Ўз навбатида, 2018 йил 6-8 июнь кунлари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида – Иккинчи халқаро конгресс, 2019 йил 22-23 август кунлари Тошкент шаҳрида – Учинчи халқаро конгресс, 2020 йил 15-18 декабрь кунлари пойтахтимизда – Тўртинчи халқаро конгресс ва 2021 йил 13-21 сентябрь кунлари Тошкент, Нукус ва Хива шаҳарларида – Бешинчи халқаро конгресс доирасидаги маданий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтди.

Кейинги иккита халқаро конгресс “Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс пойдевори” мавзусига бағишланди. Бу бежиз эмас. Бунда ҳам мамлакатимизда амалга оширилаётган “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосий мезон бўлгани табиийдир.

Яъни, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси еттита устувор йўналишдан иборат бўлиб, бешинчи устувор йўналиши – маънавий тараққиётни таъминлаш, ушбу соҳани тубдан ислоҳ этиш ва янги босқичга олиб чиқишни кўзда тутади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи – маънавиятдир. Биз янги Ўзбекистонни барпо этишда ана шу иккита мустаҳкам устунга, яъни бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиётга ҳамда аждодларимизнинг бой мероси, миллий ва умуминсоний қадриятларга асосланган кучли маънавиятга таянамиз”.

Халқаро конгресснинг ташкилотчилари қайси ташкилот ва муассасалар? Иштирокчилари кимлардан иборат?

Халқаро анжуманнинг асосий ташаббускори Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ҳисобланади. Бутунжаҳон жамияти «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳаси асосида ташкил этилган ва 2018 йилда Парижда расман рўйхатдан ўтган.

Мазкур лойиҳанинг бош ҳомийси – “Eriell Group” нефть-сервис компаниясидир. Ушбу компания Бутунжаҳон жамияти ҳомийси ва конгресс ташкилотчиси ҳисобланади.

Бу йил “Eriell Group” компанияси ҳомийлигида ўтказилган Олтинчи халқаро конгресс Ўзбекистон Фанлар академияси, Ташқи ишлар вазирлиги, Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Абу Райхон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, ЮНEСКО ишлари бўйича Миллий комиссия, Ислом цивилизацияси маркази, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Давлат авиакомпанияси, “Замон пресс инфо” нашриёт уйи, шунингдек,  ISESCO, IRSICA сингари халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилди.

Бундан ташқари, Бутунжаҳон жамиятининг ICCN, «Mueller&Schindler» нашриёт уйи (Австрия), Ал-Фурқон (Буюк Британия) каби халқаро ҳамкорлари ҳам бу борада катта ёрдам кўрсатиб келмоқда.

Олтинчи халқаро конгресс ишида дунё миқёсида таниқли 250 дан ортиқ шарқшунос, тарихчи, этнограф ва санъатшунос олимлар, машҳур халқаро музейларнинг 50 нафар директори, халқаро ташкилотларнинг 6 нафар нуфузли эксперти, 15 нафар академик, 25 нафар профессор, 22 нафар фан доктори, кўплаб музейлар ходимлари,  маданият ва санъат соҳаларини ёритишга ихтисослашган ОАВ ижодкорлари – жами 32 давлатдан 350 дан ортиқ вакил иштирок этди.

Очилиш маросимида ЮНEСКО Бош директорининг маданият бўйича ўринбосари Эрнесто Ренато Оттоне Рамирес айтган мана бу эътирофли сўзлар ёдимда сақланиб қолди: “Ўзбекистон Республикаси ҳукуматига мамлакатнинг бой маданий меросини асраб-авайлаш борасидаги тинимсиз саъй-ҳаракатлари учун ташаккур билдираман. Халқаро конгресс бу эзгу ишга катта ҳисса қўшишига шубҳам йўқ”.

Ушбу халқаро маданият анжуманининг аҳамияти нимада?

– Бу ҳақда фикр юритганда, аввало, Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган Марказий Осиё минтақаси, хусусан, Ўзбекистон замини асрлар давомида турли халқлар ва цивилизациялар ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришда ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётганини жаҳон ҳамжамияти яхши билиши ва юксак эътироф этишини таъкидлаш лозим.

Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, “Бундан уч минг йил муқаддам минтақада илк шаҳарлар ва давлатчиликнинг вужудга келиши бу ҳудудда янги ҳаётий тушунчалар ва фалсафий қарашларнинг, илм-фан, хусусан, тиббиёт ва астрономия, жўғрофия ва математика, геодезия, меъморчилик соҳаларининг, маданий-маърифий ва диний қадриятларнинг жадал тараққий этишига асос яратди”.

Шу маънода, ҳар йили ташкил этилаётган Халқаро конгресс:

Биринчидан, ўзбек миллий маданияти ва санъати бутун жаҳонда нечоғлик кенг тарқалганини теран англаш имкониятини яратади.

Иккинчидан, Ўзбекистоннинг маданий ва илмий ривожига катта ҳисса қўшади. Чунки тадқиқотчиларни бирлаштириб, Ўзбекистон санъати ва тарих фани илгари қадам ташлашига хизмат қилади.

Учинчидан, жаҳон музейлари ва коллекцияларида сақланаётган Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш имкониятини кенгайтиради.

Тўртинчидан, бундай анжуманлар жаҳоннинг кўплаб музейлари, шахсий коллекцияларида сақланаётган қадимий осори-атиқаларимиз ҳақида мунтазам янги маълумотларга эга бўлишимиз учун ниҳоятда аҳамиятлидир.

Бунга биргина мисол: Олтинчи халқаро конгрессда иштирок этган тожикистонлик олимлар ушбу мамлакат музейлари, кутубхоналари, олий таълим муассасаларида Ўзбекистон билан боғлиқ жуда кўплаб осори атиқалар мавжудлигини, Душанбеда Соҳибқирон Амир Темур ҳақида эски ўзбек тилида бундан тўрт аср аввал битилган нодир қўлёзма ҳам борлигини таъкидладилар. Келгусида ана шундай асарларнинг факсимил нусхаларини чоп этиш, бугунги алифбода нашр қилиш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Ушбу конгрессда илк бор қатнашган Тожикистон Миллий музейи директори Зафаршо Сафо Иброҳимзода ўз кечинмаларини мана бундай ифодалади:

“Тадбирга турли мамлакатлардан 150 дан ортиқ олимлар таклиф этилгани менда катта таассурот қолдирди. Бу, албатта, жаҳон ҳамжамияти Самарқандни тамаддунлар маркази сифатида тан олишидан далолат беради. Жаҳон жамоатчилиги Ўзбекистоннинг бой маданий меросидан хабардор бўлиши учун бундай тадбирларни тез-тез ўтказиб туриш керак, деб ҳисоблайман.

Ҳақиқатан ҳам, ушбу Халқаро конгресс, бир томондан, Ўзбекистоннинг бой маданий меросини жаҳон миқёсида ўрганиш ва оммалаштиришга кенг йўл очса, иккинчи томондан, дунё бўйлаб сочилиб кетган миллий меросимизга оид осори-атиқаларни излаб топиш, жамлаш ва тизимлаштиришга хизмат қилади.

– Анжуман иштирокчилари учун ноёб китоблар тақдимоти ўтказилгани ҳақида ҳам тўхталсангиз?

– Бу анжуман ҳар йили ўтказилиши муносабати билан хорижий коллекцияларда сақланаётган Ўзбекистон маданий мероси намуналарига аталган китоблар мунтазам чоп этиб борилади. Ўтган 6 йил давомида «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳаси доирасида миллий осори-атиқаларимизга бағишланган 60 та китоб-альбом чоп этилгани бу фикримизнинг яққол тасдиғидир.

Олтинчи халқаро конгресс доирасида “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркумидаги 10 та янги китоб-альбом, яъни 51-60 жилдларнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу китоблардан хорижлик мутахассисларнинг маданий меросимиз ҳақида ўз фикрларини билдириб ёзган мақолалари жой олган. Китоб-альбомларда хорижий давлатларда сақланаётган осори-атиқаларимиз ҳақида батафсил маълумот берилгани жуда муҳим.

Бундан ташқари, Европанинг етакчи матбаа корхоналаридан бири – “Mueller& Schindler” нашриётида  ўзбек заминининг буюк фарзанди, атоқли  олим  Мирзо Улуғбек буюртмаси билан яратилган “Китаби сиварил-кавакиб ас-сабита” (“Қўзғалмас юлдузлар тасвири ҳақидаги китоб”) қўлёзмасининг  факсимил нусхаси  намойиш этилди.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, халқаро конгресс иштирокчилари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукуматига маданият соҳаси, гуманитар фанларнинг тобора ривожланиб бораётгани, Ўзбекистон халқларининг маданий меросини асраб-авайлашга қаратилган ташаббуслар доимий равишда қўллаб-қувватланаётгани учун чуқур миннатдорчилик билдирилгани бежиз эмас.

Бинобарин, «Ўзбекистон обидаларидаги битиклар», «Ўзбекистон фан ва маданияти олимлар асарларида» туркумларига мансуб салмоқли китобларни нашр этиш бўйича ишлар ҳам изчил давом эттирилмоқда. Айни мавзуларда 60 дан ортиқ фильм суратга олинган, Ўзбекистонда ва хорижда кўплаб медиа-форумлар ўтказилган.

Бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти томонидан “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси доирасида нашр этилаётган китоблар эътироф этилмоқда. Ушбу ноёб китобларни энг йирик илмий муассасалар, кутубхоналар ва музейларга имкон қадар кенг тарқатишга бўлган қизиқиш тобора ортиб бормоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Бутунжаҳон жамиятининг VI Конгресси якунлари бўйича қабул қилинган Декларацияда алоҳида таъкидланганидек, «Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан Ўзбекистонда Янги Ренессанс – Янги Уйғониш даврининг пойдевори қўйиляпти, бу эса мамлакатимизда маънавий-маърифий соҳада туб ўзгаришларни амалга оширишда ҳам ўз ифодасини топмоқда».

 

Ғулом Абдураҳим суҳбатлашди

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech