ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДАГИ КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТЛАР: ХАЛҚЧИЛ, ОЧИҚ ВА ШАФФОФ

Жорий йил 5 август куни Хитой пойтахти – Пекин шаҳрида жойлашган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Бош қароргоҳида “Янги Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотлар” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди. Офлайн ва онлайн тарздаги ушбу халқаро тадбир Ўзбекистоннинг Хитойдаги Элчихонаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистоннинг “Тараққиёт стратегияси” маркази ва ШҲТ Котибияти томонидан ташкил этилди.

Давра суҳбатида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти раҳбарияти, Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги масъул ходимлари, ШҲТга аъзо, кузатувчи ва ҳамкор ҳисобланувчи давлатлар элчилари ва ваколатли вакиллари, дипломатик корпус, шунингдек, Хитойнинг ижтимоий-сиёсий, эксперт-таҳлил, ишбилармонлар доиралари намояндалари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Мулоқот асносида иштирокчиларга Ўзбекистоннинг ҳозирги тараққиёт босқичидаги шиддатли ва қамровдор ислоҳотлар самаралари ҳақида атрофлича маълумот берилди. Учрашувда таъкидланганидек, мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳот:

биринчидан, Асосий қонунни Ўзбекистон тараққиётининг замонавий реал ҳолати билан уйғунлаштириш;

иккинчидан, мамлакатни янада барқарор ривожантиришнинг конституциявий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш;

учинчидан, Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси доирасидаги ислоҳотлар изчил ва узвий асосда амалга оширилишини таъминлашни кўзда тутади.

 

Халқаро давра суҳбатига Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котибининг ўринбосари Сохайл ХАН модераторлик қилди.

 Чжан МИН, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Бош котиби (видеомурожаат):

– Мамлакатингизда Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва халқингиз фаровонлигини юксалтириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаймиз. Бугун Ўзбекистон ўз тараққиётининг муҳим босқичида дадил одимламоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда кенг кўламли ислоҳотлар дастурини амалга ошириш изчил давом этмоқда. Ўзбекистонга ташрифларим чоғида мамлакатингизда улкан ўзгаришларнинг гувоҳи бўлдим.

Ўзбекистонда аҳолининг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя ва соғлом экологик муҳитни таъминлашга эътибор тобора кучайтирилаётгани эътиборимни тортди. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар ижтимоий давлат тамойилларига тўла мос келади.

Айниқса, Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳот “Инсон қадр-қиммати, шаъни ва ғурури учун” деган устувор тамойилни рўёбга чиқаришга қаратилгани алоҳида аҳамиятга эга. Инсон қадр-қиммати – тинч-осойишта ва хавфсиз ҳаётни, фуқароларнинг ажралмас ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, мамлакатда истиқомат қиладиган ҳар қайси инсон учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилмаларни изчиллик билан барпо этиш, малакали тиббий хизмат, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя ва соғлом экологик муҳит имкониятларини яратиш деганидир.

Бугунги кунда Ўзбекистон томонидан олиб борилаётган очиқ ва фаол ташқи сиёсат мамлакатнинг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилмоқда. Ўзбекистон халқаро жараёнларнинг муҳим иштирокчиси бўлиб, минтақавий ҳамкорликка жадал суръат бағишламоқда, ШҲТ маконида тинчлик ва барқарор ривожланишга муҳим ҳисса қўшмоқда.

Акмал САИДОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, Конституциявий комиссия раиси (онлайн мулоқот):

– Конституциявий ислоҳот Ўзбекистоннинг келгусида ҳам барқарор тараққий этиши, халқимизнинг фаровонлиги ортиши, юртимизнинг янада обод бўлиши ва Ватанимизнинг дунёдаги обрў-эътибори бундан-да юксалишига қаратилган устувор вазифаларни бажаришга хизмат қилади.

Ушбу конституциявий ислоҳотнинг ташаббускори бевосита Ўзбекистон халқи эканини алоҳида таъкидлаш лозим. Айни жараёнлар ҳозирги кунда мамлакатни ривожлантиришнинг асосий принципи ҳисобланувчи “Инсон – жамият – давлат” тамойили негизида амалга оширилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев конституциявий ислоҳотни умумхалқ муҳокамаси ва референдум асосида, халқимизнинг фикр-мулоҳазалари, хоҳиш-иродаси ва қўллаб-қувватлашига таянган ҳолда амалга ошириш зарурлигини таъкидлади. Ўзбекистон Президенти таъбири билан айтганда, “конституциявий ислоҳотни фуқароларимиз фикри ва қўллаб-қувватлаши асосида референдум орқали амалга оширсак, бу том маънода халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси – ҳақиқий халқ Конституцияси бўлади”.

Бундай демократик ёндашув “Конституциянинг ягона манбаи ва муаллифи – халқдир” деган тамойилга тўла мос келади. Бинобарин, Ўзбекистон халқи Конституцияга киритиш таклиф этилаётган янги норма ва қоидаларни онгу тафаккури, қалбидан ўтказиб, уларга холис ва ҳаққоний муносабатини билдирмоқда. Давлатимиз раҳбари ишонч билан таъкидлаганидек, “Барчамиз Асосий қонунимизда ўзимизни, оиламизни, маҳалламизнинг орзу-умидларини кўришга интилаётганимиз – бу табиий ва мутлақо тўғри".

Ўзбекистонда Асосий қонунга ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия тузилган. Комиссия таркиби депутатлар, сенаторлар, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан вакиллар, фуқаролик жамияти институтлари фаоллари, ҳуқуқшунослар, сиёсатшунослар ва бошқа мутахассислардан иборат.

Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия фаолиятининг учта босқичини аниқ белгилаб берди.

Биринчи босқич – Конституцияни ўзгартириш бўйича таклифларни қабул қилиш, жамлаш ва таҳлил қилишни ташкиллаштириш.

Конституциявий комиссия таклифлари асосида ишлаб чиқилган лойиҳа Парламентнинг Қонунчилик палатасига тақдим этилди. Шу муносабат билан Конституциявий комиссия фаолиятининг биринчи босқичи якунига етди.

Иккинчи босқич – Парламент томонидан ишлаб чиқилган янгиланган Конституция лойиҳасини умумхалқ муҳокамасида кўриб чиқиш.

Жорий йил 1 августигача эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамасида ёшлар, ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, тадбиркорлар, фуқаролик жамияти институти вакиллари, умуман ватанимиз тақдирига бефарқ бўлмаган юртдошларимиз катта қизиқиш билан иштирок этиб, ўз таклифларини билдирди. Умумхалқ муҳокамаси доирасида 150 мингдан ортиқ таклиф келиб тушди.

 Учинчи босқич – умумхалқ муҳокамаси натижасида маромига етказилган Конституцияга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини референдум ўтказиш йўли билан қабул қилиш.

Айни вақтда Конституциявий комиссияда ҳар бир таклиф ва экспертиза хулосалари экспертлар, мутахассислар, олимлар, сиёсатчилар иштирокида атрофлича муҳокама қилиниб, шу асосда Конституциявий қонун лойиҳаси маромига етказиляпти.

Шундан сўнг Конституциявий қонун лойиҳаси парламент қуйи палатаси қўмиталарининг қўшма йиғилиши, сиёсий партиялар фракцияларида муҳокамалардан ўтказилади ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлиси кун тартибига олиб чиқилади. Қонун лойиҳасининг матни тайёр бўлиши билан депутатлар муҳокамасига киритилади ва халқ вакилларининг фикрини инобатга олган ҳолда Конституциявий қонун лойиҳаси референдумга қўйилади.

 

 Ли ЮНЦЮАНЬ, Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши ҳузуридаги Европа ва Осиёни ижтимоий ривожлантириш институти директори:

– Ўзбекистондаги Конституция ислоҳоти миллий устувор йўналишларингизга мос бўлиб, мамлакатни барқарор ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлайди. Бу Ўзбекистонда амалга оширилаётган чуқур ислоҳотлар, янги Тараққиёт стратегиясини амалга оширишнинг қонунчилик асосларини такомиллаштириш жараёнининг мантиқий давомидир.

Шу билан бирга, ушбу жараён халқаро стандартларга тўлиқ мосдир. Шубҳасиз, Ўзбекистонда амалга оширилаётган Конституция ислоҳоти, умуман, изчил ўзгаришлар мамлакат миллий тараққиётига оид комплекс вазифаларни амалга оширишда муҳим асос бўлади.

Янгиланадиган Конституциянгизда Ўзбекистон ижтимоий давлат ҳисобланишига тааллуқли қоида алоҳида ўрин эгаллаётгани таҳсинга сазовор. Чунки ижтимоий давлатда барчага ва ҳар бир шахсга  муносиб ҳаёт шароитлари яратилади.

Бундай мақомга эга мамлакат фуқаролари ўз муаммолари билан ўралашиб, давлатнинг эътибори ва ғамхўрлигидан четда қолиб кетмайди. Шу маънода, Ўзбекистонда Асосий қонунни ислоҳ этишда айнан ижтимоий давлатга хос нормаларга, хусусан:

фуқароларнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, унинг дахлсизлигини кафолатлаш, аҳолининг барча қатламлари, айниқса, муҳтож тоифаларни уй-жой билан таъминлаш бўйича давлатнинг мажбуриятларини мустаҳкамлаш;

оила институтининг конституциявий асосларини ривожлантириш;

боланинг манфаатлари, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун барча шароитларни яратиш;

ногиронлиги бўлган инсонлар – жамиятнинг тўлақонли аъзолари, деган тамойил негизида уларнинг конституциявий ҳуқуқ ва кафолатларини белгилаб қўйиш;

табиатдаги глобал иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ вазиятнинг тобора кескин тус олаётганини назарда тутган ҳолда, экологик хавфсизлик йўналишига доир экологик-ҳуқуқий нормаларни ифода эттиришга катта эътибор қаратилаётганини қўллаб-қувватлайман.

 

 Ли ЦЗИГО, Хитой Халқаро муносабатлар академияси Евроосиё институти директори:

– Ўзбекистон ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, тараққиётни жадаллаштириш ва миллий фаровонликни ошириш йўлида илгари одимламоқда. Бу жараён Ўзбекистоннинг халқаро фаоллигига ҳам жадал суръатлар бағишлаяпти.

Айни шароитда мамлакат Асосий қонунини ўзбек жамиятининг замонавий воқеликлари билан уйғунлаштириш жуда муҳим ва долзарбдир. Конституциявий қонун лойиҳаси умуммиллий тарзда муҳокама қилингани жуда муҳим.

Буларнинг барчаси Конституция ислоҳоти халқ манфаатларидан келиб чиқаётгани, жамиятнинг кенг қатламларидан таклифлар олинаётганининг далолатидир. Демак, мамлакатнинг янгиланган Конституцияси чинакам халқ Конституциясига айланади.

 

 Сюй ТАО, Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши ҳузуридаги Европа ва Осиёни ижтимоий ривожлантириш институти бош илмий ходими:

– Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳот табиий равишда мамлакат тараққиёти динамикасига ҳамоҳангдир. Бугун Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига кўтарилди ва бу жараённи ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш керак.

Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамаларида фуқароларнинг хоҳиш-иродасини кенг ифодалашга устувор аҳамият қаратилаётгани эътиборга молик. Ошкоралик, очиқлик ва инклюзивлик – Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳот жараёнини шу омиллар билан тавсифлашни истардим.

 Су ЧАН, Хитой Ижтимоий фанлар академияси қошидаги Хитой ва Россия ўртасидаги стратегик ҳамкорлик кенгаши директори ўринбосари:

– «Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат» тамойилининг конституциявий тарзда мустаҳкамлаб қўйилиши давлатнинг жамият олдидаги масъулиятини кучайтиришда жуда муҳимдир. Янада муҳими, Ўзбекистон тараққиётининг «Инсон – жамият – давлат» тамойилига асосланган янги парадигмасида инсон омилига алоҳида урғу берилаётганидир.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган жорий ислоҳотлар мамлакат тараққиётининг изчиллиги ва узлуксизлигини таъминлайди. Бу янгиланишлар жараёни мамлакатнинг миллий устувор манфаатларига тўла мос экани диққатга молик.

Энг асосийси, Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳот жуда долзарб. Чунки ушбу жараён келажакда мамлакат янада жадал тараққий этишининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва мукаммаллаштиришга хизмат қилади.

 

Ли ЯНЬ, Хитой Халқаро муносабатлар академияси Евроосиё институти илмий ходими:

– Мен Ўзбекистон Конституциясига хусусий мулк ва тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида киритилаётган ўзгартиришлар ҳақида гапирмоқчиман.

Конституциявий ислоҳот фуқароларнинг иқтисодий фаолияти учун ҳуқуқий майдонни кенгайтирмоқда. Бу, ўз навбатида, барқарор тараққиётни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

 Мулоқотда, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ  Республикасидаги  Фавқулодда  ва  мухтор  элчиси  Фарҳод Арзиев иштирок этди ва сўзга чиқди.

Давра суҳбатида муҳокама қилинган мавзу юзасидан Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва Эрон дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Элчиларнинг чиқишларида мамлакатимиздаги ислоҳотлар жараёнлари, Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришдаги фаол саъй-ҳаракатлари ва Шанхай ҳамкорлик ташкилотидаги муваффақиятли раислиги юқори баҳоланди.

 Ғулом МИРЗО тайёрлади

Тошкент –Пекин – Тошкент

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech