ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ КИТОБСЕВАР ИНСОНЛАРИ БЎЛАЙЛИК!

9 август — Халқаро китобсеварлар кунидаги ўйлар

 Яқинда жаҳоннинг энг китобсевар халқлари ҳақидаги маълумотга кўзим тушди. Халқаро маданият индексига кўра, “Дунёда энг кўп китоб ўқийдиган аҳолига эга мамлакат” деган мезон бўйича кучли 26 та давлат рейтинги Интернетда эълон қилинибди.

Ушбу рейтингда биринчи ўринни эгаллаган Ҳиндистонда одамлар китоб мутолааси учун ҳафтасига ўртача 10 соату 42 дақиқа сарфлар экан.  Рўйхатнинг охирига бўлса ҳам илиниб қолган Жанубий Кореяда ушбу кўрсаткич 3 соату 6 дақиқани ташкил этмоқда.

Рейтинг рўйхатида, шунингдек, Таиланд (9:24), Хитой (8:00), Филиппин (7:36), Миср (7:30), Чехия (7:24), Россия (7:06), Швеция (6:54), Франция (6:54), Венгрия (6:48), Саудия Арабистони (6:48), Польша (6:30), Венесуэла (6:24), Жанубий Африка Республикаси (6:18), Австралия (6:18), Индонезия (6:00), Аргентина (5:54), Туркия (5:54), Испания (5:48), Канада (5:48), Германия (5:42), АҚШ (5:42), Италия (5:36), Бразилия (5:12), Япония (4:06) давлатлари ҳам бор.

Аммо, ушбу рўйхатда Ўзбекистонни излаб тополмадим. Унга Марказий Осиё минтақасининг бошқа давлатлари ҳам кирмаган.

Холбуки, Шарқда китоб ва мутолаа маданияти азалдан қадрланган.  Улуғ аллома аждодимиз Шайх Нажмиддин Кубро ибораси билан айтганда,  “Китоб — саҳрода дўст, ҳаёт йўлларида таянч, ёлғизлик дамларида йўлдош, бахтиёр дақиқаларда раҳбар, қайғули дамларда мададкор, одамлар орасида зебу зийнат, душманларга қарши курашда қуролдир”.

Жорий йил 23 апрелида ЮНEСКО Бош директори Одри Азуле Бутунжаҳон китоб капитали бўйича маслаҳат қўмитасининг баҳолаш натижаларига кўра Франциянинг Страсбург шаҳрини 2024 йил учун Жаҳон китоб пойтахти этиб белгилади. 2001 йилдан ҳисоблаганда Страсбург бу номга муносиб кўрилган 24-шаҳар саналади.

Бунга қадар Мадрид (2001), Александрия (2002), Нью-Деҳли (2003), Антверпен (2004), Монреал (2005), Турин (2006), Богота (2007), Амстердам (2008), Байрут (2009), Любляна (2010), Буэнос-Айрес (2011), Ереван (2012), Бангкок (2013), Порт-Харкорт (2014), Инчеон (2015), Вротслав (2016), Конакри ( 2017), Афина (2018), Шаржа (2019), Куала-Лумпур (2020), Тбилиси (2021), Гвадалахара (2022) ва Аккра (2023) шаҳарлари “Жаҳон китоб пойтахти” номига сазовор бўлган.

Бинобарин, ЮНЕСКО ҳамда китоб саноатининг учта асосий сектори – ноширлик, китоб савдоси ва кутубхоначилик соҳалари фаолияти билан шуғулланадиган халқаро ташкилотлар ҳар йили 23 апрелда дунё шаҳарларидан бирига “Жаҳон китоб пойтахти” фахрий унвонини тақдим этиши хайрли анъанага айланган. Бундай шарафга сазовор бўлган шаҳар, одатда, китоб ва китобхонликни кенг тарғиб этиш, йил давомида бу борада алоҳида чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш мажбуриятини зиммасига олади.

Шу муносабат билан камина “23 апрель — Бутунжаҳон китоб ва муаллифлик ҳуқуқи куни” арафасида чоп эттирган мақоламда бундан бир неча йил илгари академик Акмал Саидов матбуотда Тошкент шаҳрини – “Жаҳон китоб пойтахти”га айлантириш ташаббусини илгари сургани ҳақида ёзгандим. Ҳақиқатан ҳам, мамлакатимиз пойтахти бу фахрий унвонга ҳар томонлама муносиб, деб ўйлайман.

Шунинг учун Тошкент “Жаҳон китоб пойтахти” унвонига мушарраф бўлмаганига астойдил ранжигандим. Энди эса Ўзбекистоннинг “Дунёда энг кўп китоб ўқийдиган аҳолига эга мамлакат” рейтингига кирмай қолганидан афсусланмоқдаман.

Бугунги кунда гуркираб тараққий этаётган пойтахтимиз учун, энг асосийси, турли халқаро рейтингларда юқори ўринларни изчил забт этаётган Янги Ўзбекистон учун бундай марралар чўт эмас, назаримда. Агар ҳар икки рўйхат ўзаро қиёсланадиган бўлса, аксарият мамлакатларнинг иккала рейтингда ҳам борлигини кўриш мумкин. Халқона айтганда, “Ҳаракатда – баракат” деганлари шу.

Албатта, сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам китобхонликка катта эътибор қаратилмоқда. Ҳаракатлар стратегияси доирасида мамлакатимизда матбаа ва ноширлик соҳасини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, босма маҳсулотлар бозорини ривожлантириш бўйича кенг қамровли ва тизимли ишлар амалга оширилди.

Бунда, шубҳасиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 16 мартда қабул қилинган "Ноширлик ва матбаа соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори алоҳида аҳамиятга эга бўлди.

Кейинги даврда мамлакатимизда ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини кучайтиришга, уларнинг китоб билан дўст бўлишига, аҳолининг китобхонлик савиясини янада оширишга катта эътибор берилаётгани давлатимиз раҳбари томонидан бешта муҳим ташаббус илгари сурилгани мисолида яна бир бор яққол тасдиғини топди.

Шу ташаббусларнинг тўртинчиси айнан китоб ва китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган. Ушбу ташаббус доирасида юртимизда китобхонлик клуби ташкил этилди, умумтаълим мактабларига юз минглаб нусхада китоблар совға қилинмоқда.

Давлатимиз раҳбари китобсиз, яъни илмсиз фаровон келажакка эришиб бўлмаслигига ўз вақтида эътибор қаратди. Хусусан, 2017 йил 12 январда Президентимизнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши имзоланганди. Ўтган вақт ичида бу йўналишда салмоқли ишлар амалга оширилди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрда қабул қилинган “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги ҳамда 2019 йил 7 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорлари айни соҳадаги ислоҳотларнинг изчиллигига кенг йўл очди.

Янада муҳими, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидаги еттита устувор йўналишдан бири маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқишни кўзда тутади. Тараққиёт стратегиясининг 72-мақсадида: биринчидан, аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада ривожлантириш; иккинчидан, китобхонликни кенг оммалаштириш; учинчидан, “Китобсевар миллат” умуммиллий ғоясини рўёбга чиқариш вазифалари белгилаб берилган.

Аслида ҳам, китоб ва китобхонлик ҳар бир даврнинг энг долзарб мавзуларидан бири бўлиб келган. Ҳозирги кунда унинг долзарблик кўлами янада ортди. Таниқли адиб ва аллома Мирзо Кенжабек таъбири билан айтганда, “Китобга қайтиш виждонга қайтишдир. Китобга қайтиш ҳақиқатга, инсофга, адолатга, маънавият ва маърифатга, умуман олганда, ҳаётга қайтишдир. Китобсиз ҳаёт руҳсиз ҳаётдир. Руҳсиз ҳаёт эса ўлимдир”.

Бироқ ҳамма юртдошларимиз ҳам айнан шундай фикрдами? Билмадим...

Бир ижодкор танишимнинг надомати бу борада ҳозирча некбинлик қила олмаслигимизнинг ифодсидек туюлди. Туғилиб-ўсган қишлоғида жамоатчилик кутубхонаси очишга бел боғлаган ўша қаламкаш дўстимиз отамерос ҳовлисини кутубхонага мослаштириш орзуси билан яшамоқда. У кутубхонанинг бошланғич китоб фондини шахсий кутубхонасидаги китоблар ҳисобига тўлдириш ниятида. Бу ерда аҳолига бепул кутубхона хизмати кўрсатилади, дейди.

Қишлоқда янги кутубхона очиш жараёнини моддий томондан озгина қўллаб-қувватлашга эҳтиёж мавжудлиги ҳақида вилоят ҳокимлигига хат ёзган экан. Лекин, бир неча ой бўлибдики,  нафақат кутубхона очиш ташаббуси билан чиққан фаол зиёли сифатида, балки маҳаллий давлат ҳокимияти идорасига мурожаат йўллаган фуқаро мақомида ҳам ҳалигача хатига ҳеч қандай жавоб олмабди.

Ваҳоланки, Президент Шавкат Мирзиёев ҳақли танқид қилганларидек, юртимиздаги 9 минг 309 та маҳалланинг 6 мингдан ортиғида кутубхона мавжуд эмас. Агар ўша зиёли ҳамюртимизнинг ташаббуси эртами-кеч рўёбга чиқса, бу уятли (!) рўйхатдаги салмоқли рақам ҳар тугул биттага камаяди.

Ҳаракатда – баракат, дейилгани бежиз эмас.

 

Ғулом Мирзо,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech