ДАВЛАТ ХИЗМАТИ ФАОЛИЯТИГА ЯНГИЧА ЁНДАШУВ

Мамлакатимизда соҳалар ривожи йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Барча учун имкониятлар кўлами кенгаймоқда. Қайси бир тизимни олманг, янгиланишларни кўрасиз.

Ёшлар ва кам таъминланганлар билан ишлаш, таълим, соғлиқни сақлаш тизимида туб ислоҳотларни амалга ошириш, “маҳаллабай” ишлаш билан ҳар бир оиланинг муаммоларига кириб бориш ҳисобига минглаб муаммолар ечилмоқда. Ҳар жабҳада салмоқли амалий натижалар бўй кўрсатмоқда.

Куни кеча давлатимиз раҳбари томонидан давлат хизматини ислоҳ қилиш бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда давлат хизматини ислоҳ қилиш ҳамда бошқарувда натижадорлик ва сифатни ошириш ҳақида фикр юритилар экан, шубҳасиз, бу борада тегишлича таклифлар ва фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Президентимиз давлат хизматида 118 минг нафар ходим меҳнат қилаётгани, ходимларга самарали ишлаш учун муносиб шароитлар яратилгани, улар сафини ёш кадрлар билан тўлдириш борасидаги саъй-ҳаракатлар мунтазамлик касб этгани, айниқса, давлат хизматида 40 ёшгача бўлган ходимлар сони 37 фоиздан 61 фоизга етгани, шунга қарамасдан, ҳали давлат хизмати чинакам халқни рози қиладиган тизимга айланмаганини алоҳида таъкидлади.

Бу рақамлар замирида аниқ масъулият ва вазифалар бор. Хусусан, давлат хизматида меҳнат қилаётган кадрлар ўз устида тинимсиз ишлаши, билими ва касб салоҳиятини мунтазам ошириб бориши зарур. Давлат  хизматчилари аҳоли билан ишлаш ва мурожаатларга жавоб беришда инсонлар психологиясини яхши билиши, шунга мос равишда муомала ва шахслараро мулоқот маданиятини мукаммал эгаллаган бўлиши зарур.  

Маълумки, сўнгги 2 йил давомида чуқур муҳокамалар асосида “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун тайёрланди. Ушбу қонун билан белгиланаётган янги тизимнинг ҳар бир идора ва ҳудуд кесимида қандай ишлаши, бу борада турган устувор вазифалар йиғилишда таҳлилий муҳокама қилинди.  

Ушбу қонунни қабул қилишдан асосий мақсад нимада эди? Бу каби саволлар жуда кўпчиликни ўйлантиргани аниқ. Аммо, шуни ҳам таъкидлаш жоизки, бугунги кунга қадар давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқий мақомини белгиловчи, уларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимояси масалаларини тартибга солувчи, давлат фуқаролик хизматига кириш, ўташ ва тугатишни умумий ёндашувини мустаҳкамловчи яхлит қонунимиз мавжуд эмасди. 

Қонунчиликда давлат фуқаролик хизматчиларига белгиланган мезонлар, уларнинг фаолиятини баҳолаш жараёнлари, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тартиб-таомиллари белгиланмаган эди.

Шу маънода, янги қонун ушбу соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этишда, давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги давлат сиёсати ягоналигини таъминлашда айни муддао бўлди. Қонуннинг ҳар бир бандида давлат фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари билан бирга, унинг жавобгарлиги, чекловлар ҳам ўрнатилгани қайд этилган.

Ҳеч шубҳасиз, мазкур қонун моҳиятан фуқаролик ҳуқуқларимизни янада мустаҳкамлаш ва масъулият билан фаолият олиб боришда,  хусусан, давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш учун янгилик сари интилишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.  

 

  Севара Ишмуратова,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Умумий бўлим бошлиғи

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech