12 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси якунлари асосида қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Мажлисда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Конституциявий комиссия раиси Акмал Саидов сўзга чиқиб, қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берди.
— Ҳозирги кунда конституциявий ислоҳотларнинг масъул палласига кирдик, — деди А.Саидов. — Мамлакат миқёсида жуда катта ишлар олиб бориляпти. Айни вақтда конституциявий ислоҳотнинг иккинчи босқичига қадам қўйдик. Биринчи босқич 62 мингдан ортиқ таклиф асосида тайёрланган ва ҳозирги кунда умумхалқ муҳокамаси якунланган Конституциявий қонун лойиҳасини тайёрлаш босқичи бўлса, иккинчиси — умумхалқ муҳокамаси босқичидир.
Таклифларни олиш шу йил 31 июль куни тугади. Бугунги кунда фуқароларимиздан келиб тушган 150 мингдан ортиқ таклифни таҳлил қилиш, умумлаштириш ва Конституциявий қонун лойиҳасига киритиш устида иш кетяпти.
Кейинги вақтда Қонунчилик палатасига ташриф буюрган ҳар бир хорижий делегация аъзоларини Таклифлар билан ишлаш гуруҳи, Конституциявий комиссия матбуот хизмати ходимларининг олдига олиб кириб, суҳбат уюштиряпмиз. Улар қуйи палатада яратилган шароитлар билан танишиб, конституциявий ислоҳот жараёнида қандай иш олиб борилаётганини амалда кўришмоқда. Ўз навбатида, дунёдаги конституциявий ислоҳотлар тажрибасида Ўзбекистон яратган тизимга ўхшаган халқ билан бирга кенг муҳокама қилиш тизимини кўрмаганини айтишмоқда.
Худди шу тажрибамиз ҳақида Женевадаги 30 дан ортиқ халқаро ташкилот вакиллари, Нью-Йоркда эса Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош қароргоҳида 40 дан зиёд давлатнинг доимий вакиллари ва бошқа халқаро ташкилотлар мутасадди юқори мансабли шахсларининг олдида ҳам айтиб бердик.
Халқаро ҳамжамият вакиллари Ўзбекистон конституциявий ислоҳотнинг ўзига хос моделини яратиш учун бетакрор тажриба тўплаганини эътироф этишди. Асосийси, мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни юқори баҳолаб, бу борада Ўзбекистоннинг тутган йўлини тўлиқ қўллаб-қувватлашди.
Конституциявий қонун лойиҳаси бугунги кунга қадар 10 га яқин миллий экспертизадан ўтказилди. Қолаверса, халқаро даражада ҳам экспертизалар ўтказиляпти. Масалан, яқинда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Бош комиссари томонидан жуда мазмунли, қўллаб-қувватланадиган таклифлар келиб тушди.
Шу билан бирга, Тошкентда БМТнинг Доимий мувофиқлаштирувчиси, ЮНИСЕФ, ЮНЕСКО каби халқаро ташкилотлар вакиллари билан 3 та халқаро жамоатчилик маслаҳатлашуви ўтказдик. Дунё Конституцияларида бола ҳуқуқлари, хотин-қизлар ва ногиронлар ҳуқуқлари қандай мустаҳкамлангани ва бу борадаги хорижий тажрибалар биз эълон қилган Конституциявий қонун лойиҳасидаги қоидалар билан қиёсий таҳлил қилинди.
Халқаро ҳамкорларимиз Ўзбекистонда конституциявий ислоҳот борасида жуда илғор қадамлар қўйилаётганини таъкидладилар. Лойиҳанинг сифати ва даражаси ҳозирги кундаги жаҳон конституциявий тараққиётининг тенденцияларига тўла мос келишини эътироф этиб, бир қатор амалий таклифлар бердилар.
Шуни алоҳида айтиш керакки, бугун хорижий давлатларда ҳам Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотга қизиқиш ниҳоятда катта. Хусусан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) амалдаги раиси, Польша ташқи ишлар вазири Збигнев Рау Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳот ўз вақтида ўтказилаётганини билдирди.
Бугунги кунга қадар Конституциявий қонун лойиҳаси мазмуни ва моҳиятини тушунтиришга бағишлаб халқаро ташкилотлар даражасида 11 та, хорижий давлатларда 9 та тадбир ўтказилди. Шу ўринда халқаро даражада бўлиб ўтган мулоқотларда билдирилган бир-иккита фикрга тўхталмоқчиман.
Масалан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг биринчи ўринбосари Aмина Муҳаммад мамлакатимизда халқнинг фаол иштирокида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотни олқишлаб, сўнгги йилларда аёллар ва ёшлар ҳуқуқларини мустаҳкамлаш бўйича Ўзбекистон чемпион эканини қайд этди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Aссамблеяси раиси A.Шаҳид эса Ўзбекистон БМТ Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш борасида ривожланаётган мамлакатлардан олдинда бораётганини таъкидлади. Конституциявий ислоҳотнинг мазмун-моҳиятига тўхталар экан, A.Шаҳид Ўзбекистон Бош Қомусига таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар Барқарор тараққиёт мақсадлари билан ҳамоҳанг бўлган қатор муҳим вазифалар устуворлигини белгилаб берганини юксак баҳолади.
ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) директори Маттео Мекаччи “Ўзбекистон Президентининг иккита ташаббуси, яъни Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамасига чиқарилиши ва референдум орқали қабул қилиниши жаҳон ҳамжамияти томонидан қўйиладиган энг демократик талабларга жавоб берадиган ташаббуслардир. Буни биз тўла қўллаб-қувватлаймиз”, деган фикрларни айтди.
Умуман олганда, халқаро ҳамжамиятнинг Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотларга муносабати, бу борада тайёрлаган лойиҳамизни қўллаб-қувватлаши биз учун ҳам ғурур, ҳам катта кўмак, десак, муболаға бўлмайди. Буларнинг барчаси Ўзбекистон айни соҳада ҳам энг тўғри йўлдан бораётганидан далолатдир.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 16.08.2022
- Кўришлар: 5124
- Чоп этиш