Инсон ҳуқуқларига оид адабиётлар – “ Билим” ахборот-кутубхона марказига тақдим этилди

Жорий йилнинг 12 август куни Инсон ҳуқулари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда Тошкент шаҳар “Билим” ахборот-кутубхона маркази ходимлари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тошкент шаҳар “Билим” ахборот-кутубхона маркази директори Ҳафиза Каримова бошчилигида масъул ходимлар билан суҳбат давомида мазкур кутубхона ва унинг тарихи билан боғлиқ қизиқарли маълумотлар олиниб, келгусида кутубхоналар фаолиятини мустаҳкамлаш бўйича ўзаро фикр алмашилди.

 Тошкент шаҳар “Билим” ахборот-кутубхона марказида 7 та бўлим мавжуд бўлиб, уларда 60 нафар ходим фаолият юритади. У узоқ йиллардан буён Ватанимизнинг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, миллий қадриятларимиз, анъана ва урф-одатларимизни асраб-авайлаш,  халқимиз, айниқса, ёш авлод қалби ва онгига она юртга муҳаббат, истиқлолга садоқат туйғуларини чуқур сингдириш борасида фаолият юритаётган кутубхоналардан саналади.

Қарийб 85 ёшни қаршилаётган бу кутубхона 1937 йил октябрь ойида  атиги 10 000 нусха китоб фонди билан Яккасарой тумани марказий кутубхонаси негизида ташкил топган. Китоб фонди мунтазам равишда бойитилиши натижасида, 1972 йилда у 48 619 нусхага етган. 1977 йилда мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар жараёнида кутубхоналарни марказлаштириш ишлари амалга оширилиши натижасида, «Bilim» марказий шаҳар кутубхонасига марказлаштирилган кутубхоналар тизимининг методик маркази сифатида фаолият олиб бориш мақоми берилди.

Ҳозирги кунга келиб китоб фонди сезиларли даражада ортган, яъни 200 мингга яқин адабиётлар шундан, қарийи II асрлик тарихга эга бўлган 487 та нодир нашрлар фонди бўлиб, унда энциклопедиялар,  техника, география ҳамда жаҳон мумтоз адабиётларига оид жуда мухим асарлар сақланмоқда. Бу, ўз навбатида, китобхонларнинг жаҳон миқёсидаги илм-фан, маданият, санъат ва бошқа турли билимлардан ҳам баҳраманд бўлишига кенг имконият яратди.

Китобларни фойдаланувчиларга етказиш ва аҳоли маданий савиясини оширишда фойдаланувчиларга Электрон ресурслардан фойдаланиш ва ўқув заллари хизмати бўлими етакчилик қилади. Ушбу бўлим Ахборот-кутубхона марказининг асосий фаолиятини ташкил этиб, унинг муҳим вазифаси фойдаланувчиларнинг ахборот ва адабиётга бўлган талабларини тез ва сифатли қондиришдан иборат.

Бўлим бошлиғи Муҳайё Иноятованинг таъкидлашича  китобхонлар томонидан босма адабиётлардан фойдаланиш жараёнида электрон адабиётларига ҳам талаб ортиб бормоқда. Ҳозирги кунда 15 000  дан зиёд адабиётларнинг элеторон нусхаси яратилган. Кутубхона фойдаланувчилари ҳам 15 000 нафардан ошган. Китобхонларга масофадан туриб хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган.

“Билим” ахборот-кутубхона марказига инсон ҳуқуқларига оид 33 номдаги 300 га яқин нусхадаги адабиётлар беғараз тақдим этилди.

 

Ҳамидулло Мўминов,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази “Инсон ҳуқуқлари уйи”  ходими

Малика Талипова,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази “Инсон ҳуқуқлари уйи”  етакчи мутахассиси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech