Янги Ўзбекистон – хорижликлар нигоҳида

ЎЗБЕКИСТОН РАҲБАРИНИНГ САУДИЯ АРАБИСТОНИГА СЎНГГИ 30 ЙИЛДАГИ БИРИНЧИ ДАВЛАТ ТАШРИФИ ЯКУНЛАРИ ТОШКЕНТ ВА АР-РИЁД УЧУН ҲАМКОРЛИКНИНГ ЯНГИ ҚИРРАЛАРИНИ ОЧАДИ

 

Хорижий экспертлар Ўзбекистон Президентининг Саудия Арабистонига давлат ташрифи якунлари ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини билдирмоқда.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Саудия Арабистонига давлат ташрифи якунлари халқаро бизнес ва экспертлар ҳамжамиятининг диққат марказида бўлди. Экспертларнинг аксарияти мамлакатлар икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш учун ҳали ишга солинмаган улкан салоҳиятга эга экани, ташриф чоғида эришилган келишувлар икки давлат раҳбарларининг ўзаро манфаатли муносабатларни изчил кенгайтириш ва мустаҳкамлаш борасидаги юксак сиёсий иродасидан далолат бераётганини эътироф этмоқда.

Фумихико КАТО,

Япония Миллий нефт уюшмаси раисининг ўринбосари ва ижрочи директори, Япониянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси:

— Ўзбекистон билан Саудия Арабистони ўртасидаги ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши ва кенгайиши ғоят муҳим бўлгани ҳолда, Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва осойишталик мустаҳкамланиши, барқарорлик ва иқтисодий тараққиёт таъминланиши нуқтаи назаридан алоҳида аҳамиятга эга.

Ҳар икки давлат Марказий Осиё ва Яқин Шарқдаги минтақавий сиёсат ва иқтисодиёт масалаларида, шу жумладан, “афғон муаммоси” деб номланган низонинг ҳал қилинишида муҳим етакчилик ролини ўйнамоқда.

Шуни қайд этиш керакки, минтақадаги давлатлар Япония учун жуда муҳим ҳамкорлар ҳисобланади, чунки Ўзбекистон билан стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилган бўлса, четдан сотиб олинадиган нефт маҳсулоти умумий ҳажмининг 40 фоизи мамлакатимизга Саудия Арабистонидан импорт қилинади.

Япония ушбу мамлакатлар ҳукуматлари билан биргаликда Афғонистонга ёрдам кўрсатмоқда, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларини такомиллаштириш ва Трансафғон темир йўли қурилиши лойиҳасини амалга оширишга, шунингдек, табиий ресурслар ва энергетика соҳасида кўмаклашмоқда.

Умид қиламанки, икки давлат раҳбарлари учрашувларининг натижалари сиёсий, савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш учун ўзига хос пойдевор бўлади.

Станислав СУЛОВСКИЙ,

Полша Сиёсий фанлар институтининг профессори:

— Ўзбекистон Президентининг давлат ташрифи стратегик нуқтаи назардан муҳим аҳамиятга эга, деган фикрдаман. Ўзбекистон учун, айниқса, ташқи сиёсатнинг сўнгги пайтларда кўзга ташланаётган Осиё йўналиши, яъни шарқий қирраси Европа, яъни ғарбий йўналиши каби долзарб мазмунга эгадир. Ўзбекистоннинг кўп қиррали ташқи сиёсат асосидаги муваффақиятли мувозанатлашуви геосиёсий нуқтаи назардан бугунги мураккаб даврда аллақачон ўзининг ижобий натижаларини бермоқда.

Ўзбекистон сўнгги йилларда изчил иқтисодий ўсишни намоён қилмоқда. Мамлакат иқтисодиёти тез орада дунёнинг энг яхши 50 давлати сирасига кирадиган Осиёнинг қатор мамлакатлари муваффақиятини такрорлаши мумкин. Биз Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон хавфсизлиги ва барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилган самарали саъй-ҳаракатларини кузатмоқдамиз. Геосиёсий нуқтаи назардан Саудия Арабистони нафақат энергетика, балки дунёнинг муҳим минтақасидаги барқарорликни мустаҳкамлаш бўйича ҳам халқаро муносабатлар тизимида жуда муҳим ўрин тутади.

Бундан ташқари, икки давлат раҳбарлари қатор муҳим соҳалардаги алоқаларни ҳар томонлама мустаҳкамлашга муваффақ бўлдилар. Ташрифнинг дастлабки натижаларидан аён бўлишича, молиявий ва сармоявий жиҳатдан Саудия Арабистони Ўзбекистон бозорида фаол иштирок этишдан жуда манфаатдордир. Ўзбекистонда амалга ошириш учун Саудия Арабистони билан кўп миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари имзоланиши Тошкентнинг мисли кўрилмаган муваффақияти ҳисобланади.

Икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик салоҳияти жуда мустаҳкам. Ҳамкорлик саноат қурилиши, металлургия, энергетика, юқори технологиялар, транспорт инфратузилмаси, туризм сингари соҳаларда ҳам самарали ривожланиши мумкин.

Шабир Аҳмад ХОН,

Пешовар университетининг Минтақавий тадқиқотлар маркази директори, профессор (Покистон):

— Ушбу тарихий ташриф турли соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг фаоллашувига янги суръат бағишлайди, деб ҳисоблайман.

Ўзбекистон ва Саудия Арабистонини диний-маънавий қадриятлар, бой илмий ва маданий мерос боғлаб туради. Саудияликлар ўзбекларни буюк Ислом мутафаккири, файласуф ва аллома Имом Бухорийнинг авлодлари сифатида юксак ҳурмат қилади.

Саудия Арабистони 1992 йил биринчилардан бўлиб Ўзбекистон давлат мустақиллигини тан олган. Шуниси ҳам муҳимки, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони минтақавий ва халқаро хавфсизлик ҳамда ривожланиш масалалари бўйича умумий қарашларга эга. Тошкент ва Ар-Риёд халқаро ва минтақавий ташкилотларда бир-бирини фаол қўллаб-қувватламоқда.

Шуниси аёнки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликка янги суръат бағишлайди ва ўзаро ҳамкорликни янада фаоллаштиради. Ташриф натижаси ўлароқ, ҳамкорлик янада кенгайгани ҳолда “яшил” иқтисодиёт, рақамлаштириш, юқори технологиялар, инновациялар, кичик ва ўрта бизнес каби соҳаларни қамраб олади.

Жорий лойиҳалар ҳеч бир қийинчиликларсиз амалга оширилишининг таъминланиши ва уларнинг кўламини янада кенгайтириш учун қатор ҳужжатлар ва битимлар имзоланди. Ташриф сўнгги йиллар давомида мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумотларни бериш имконини яратиши баробарида икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни бунданда равнақ топтириш учун янги имкониятлар эшикларини очди.

“Дунё” АА

 

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech