Янгиланаётган Ўзбекистон билан қалин шериклик муносабатини боғлаган давлатлардан бири Ҳиндистон Республикасидир. Сўнгги беш йил давомида олиб борилган муваффақиятли ва изчил ислоҳотлар Ўзбекистон обрўсини янада оширди. 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида нафақат Президент Шавкат Мирзиёев, балки бутун халқнинг истиқболли қарашлари акс этди. Ислоҳотлар жараёнида давлат раҳбари энди ортга йўл йўқлигини доимо таъкидлайди. Бу халқаро ҳамжамият томонидан ҳам чуқур мамнуният билан қарши олинди.
– Ҳиндистон Ўзбекистон етакчисининг юрт равнақи йўлидаги, оддий фуқаролар манфаати ҳамма нарсадан устун қўйилган саъй-ҳаракатини, ёш авлод эртанги куннинг бунёдкори бўлиб етишишини таъминлай оладиган демократик давлат қуришга интилишини, Янги Ўзбекистонни қуриш ҳақидаги қарашларини тўла қўллаб-қувватлайди, – дейди Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Маниш ПРАБҲАТ.
– Ўзбекистоннинг барча давлатлар билан шериклик ва ҳамкорликни янада кучайтириш, айниқса халқаро ташкилотлар билан алоқани янги босқичга олиб чиқиш йўлидаги одилона қарори Ҳаракатлар стратегияси доирасида эришилган энг катта муваффақиятлардан биридир.
Шуни алоҳида қайд этмоқчиманки, Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасида бир неча минг йилдан буён давом этиб келаётган дўстона муносабат сўнгги йилларда мутлақо янги босқичга чиқди.
Зеро, тарихий ва маданий муштараклик халқларимизнинг дўстона риштаси, ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойилига асосланган, бугунги кунда стратегик шериклик даражасига кўтарилган ҳамкорлик икки томонлама кенг қамровли муносабатга мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистонга охирги икки йилда икки бор ташриф буюрди. 2018 йил октябрь ойида давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди, 2019 йил январь ойида эса «Жўшқин Гужарат-2019» халқаро инвестиция саммитида иштирок этди. Мазкур ташрифлар стратегик шериклик муносабатини сифат жиҳатидан юқори даражага кўтарди.
Мулоқотлар давомида эришилган жуда кўп йўналишлардаги аниқ келишувлар айни пайт ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Мавжуд улкан имконият ва салоҳиятдан янада самарали фойдаланиш мақсадида бугунги кунда ҳамкорлигимиз турли жабҳаларда ривожланмоқда. Сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ва технологик, туризм, олий таълим, илм-фан ва инновация, соғлиқни сақлаш, маданият, ҳудудлараро ҳамкорлик ва бошқа соҳалар шулар жумласидан.
Ҳиндистоннинг улкан иқтисодий, технологик ва интеллектуал салоҳияти Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг янги қирраларини очиш учун яхши имкониятдир.
Инвесторларимизнинг Ўзбекистонга қизиқиши тобора ортмоқда. Хусусан, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, фармацевтика, соғлиқни сақлаш, меҳмонхона инфратузилмасини бошқариш, автомобиллар учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш, олий таълимнинг турли йўналишларида қўшма дастурлар яратиш бўйича мустаҳкам алоқа ўрнатилган.
Масалан, 2010 йилдан буён «Навоий» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида автомобиль эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйган «UzMinda» Ўзбекистон-Ҳиндистон қўшма корхонаси ўз фаолиятини янада кенгайтириш ниятида. Шунингдек, биотехнология ва агрокластер, тўқимачилик, чарм, косметика маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қатор бошқа йўналишларда қўшма лойиҳалар амалга оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бугунги кунда БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзоси ҳисобланган Ўзбекистон айни пайт Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик қилмоқда. Самарқанд ўз тарихида илк бор БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош Ассамблеясига мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Мухтасар айтганда, Ўзбекистон ва Ҳиндистон барча соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш учун улкан салоҳиятга эга. Ана шу имкониятларни рўёбга чиқариш, халқларимиз ўртасидаги тарихий дўстликни мустаҳкамлаш, хавфсизлик ва барқарор ривожланишга интилишни ўзаро рағбатлантириш фаолиятимиз туб моҳиятини ташкил қилади, мақсадларимизни акс эттиради.
Элчи сифатида ўзим ҳам Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги кенг қамровли алоқани янада ривожлантириш учун бор куч-ғайратимни, тажриба ва билимимни сафарбар этишни, сидқидилдан меҳнат қилишни шарафли бурчим, деб биламан, дея таъкидлайди Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Маниш ПРАБҲАТ.
- Қўшилди: 23.08.2022
- Кўришлар: 4786
- Чоп этиш