Жорий йил 24 август куни Тошкент шаҳрида шу мавзуда Миллий форум бўлиб ўтди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Миллий форумда мамлакатимизда фаолият юритаётган фуқаролик жамияти институтлари фаоллари, давлат органлари вакиллари, шунингдек, халқаро ташкилотлар экспертлари иштирок этди. Онлайн режимда юртимизнинг барча ҳудудларидан фуқаролик жамияти вакиллари ҳам фаол қатнашдилар.


Тадбирда асосан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат ва нодавлат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш механизмларини такомиллаштириш ҳамда ушбу йўналишда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида маслаҳатлашув ўтказиш амалиётини янада кенгайтириш исиқболлари муҳокама қилинди. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июнда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижроси таҳлилига алоҳида эътибор қаратилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов қайд этганидек, ўтган даврда Миллий стратегияни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг жами
78 бандидан 60 таси бўйича ишлар тўла бажарилган бўлса, қолган 18 банди ишлар изчил давом этмоқда. Миллий стратегияда 33 та қонун ва бошқа ҳужжатларни қабул қилиш назарда тутилган бўлиб, бугунга қадар 12 та қонун ҳамда Президентмизнинг 7 та фармони ва 3 та қарори қабул қилинган.





Айни вақтда 10 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган ва уларни қабул қилиш жараёни амалга оширилмоқда. Шунингдек, 5 та янги кодекс лойиҳаси, 7 та амалдаги кодекснинг янги таҳрири лойиҳаси тайёрланиб, турли босқичларда муҳокамадан ўтказилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 мартдаги Фармони билан “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” тасдиқланди. Концепция инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, демократик қадриятларни ҳимоя қилишда давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида ижтимоий шериклик муносабатларини кучайтириш масалаларини ўз ичига олган.
Форум иштирокчиларнинг таъкидлашича, ўтган икки йил давомида Миллий стратегия доирасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларнинг тўлиқ бажарилишига эришилмоқда. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий механизм яратилди.
Иштирокчилар Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида фуқаролик жамиятини ривожлантириш истиқболлари борасида белгиланган вазифалар хусусида ҳам атрофлича сўз юритдилар. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлашда жамоатчилик назоратининг ҳамда оммавий ахборот воситаларининг ўрни, мамлакатда барча миллат ва элатларнинг ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини таъминлаш учун яратилган шарт-шароитлар юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.
Форумнинг шўъба мажлисларида миллий экспертлар ва ННТ фаолларининг ўндан ортиқ маърузаси тингланди. Шу негизда болалар, ёшлар, хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган шахслар, меҳнаткаш-мигрантлар, уларнинг оила аъзолари ва одам савдосидан жабр кўрган шахслар, ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа аҳоли қатламларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоат бирлашмаларининг салоҳияти, давлат ва нодавлат секторнинг ўзаро ҳамкорлигини кенгайтириш, атроф-муҳитни муҳофаза этишда ННТ фаоллигини оширишга қаратилган ижтимоий лойиҳалар натижадорлигини ошириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.











Инсон ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилишда давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ижтимоий шериклигини янада кучайтириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди.
Миллий форум якунида инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида ижтимоий шерикликни ривожлантиришга ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ фаол ННТ вакиллари тақдирланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 24.08.2022
- Кўришлар: 5365
- Чоп этиш