“Китобсевар миллат” ғоясини ҳаётимизга кенг татбиқ этиш йўлида

“Дунёдаги ҳар қайси давлат, ҳар қайси халқ биринчи навбатда ўзининг интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратлидир. Бундай енгилмас куч манбаи эса инсоният тафаккурининг буюк кашфиёти – китоб ва кутубхоналарда”.

 Давлатимиз раҳбарининг ана шу фикрларининг тасдиғи сифатида мамлакатимизда аҳолига ахборот-кутубхона хизматини кўрсатишни такомиллаштириш, ривожлантириш ва китобхонлик маданиятини оммалаштириш ишлари изчил юксалмоқда. Бу ҳақда фикр юритганда, аввало, Ҳаракатлар стратегияси доирасида сўнггги беш йилда соҳада салмоқли натижаларга эришилганини таъкидлаш лозим.

Ўз навбатида, 2022 йил 28 январда Президентимиз Фармони билан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тасдиқланди. Тараққиёт стратегиясини 2022 йил – Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йилида амалга оширишга  оид давлат дастурида аҳолига ахборот-кутубхона хизматини кўрсатишни янада ривожлантириш, китобхонликни кенг оммалаштириш юзасидан устувор мақсад-вазифалар белгилаб берилди.

Бунда, айниқса, “Китобсевар миллат” умуммиллий ғоясини  рўёбга чиқариш масаласи кун тартибига қўйилгани жуда муҳим. Шу асосда          мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари қатори пойтахтимизнинг Яшнобод туманида ҳам аҳолига ахборот-кутубхона хизматлари кўрсатишнинг янги тизимини яратиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, туманимиз аҳолиси учун “Дўстлик” метро станциясидан чиқиш жойида салкам 3 гектарлик боғ барпо этилди ва аҳоли серқатнов ушбу манзилда “Электрон кутубхона” ташкил этилди.

Интернет ривожланган бир даврда ҳаммани ҳам кутубхонага жалб қилиш деярли имконсиз экани сир эмас. Шу маънода, боғ ва сайлгоҳларда, одамлар гавжум ҳудудларда бундай маърифат марказларининг ташкил этилиши айни муаммонинг мақбул ечими эканини тажрибамиз тасдиқламоқда. 

Туман ахборот-кутубхона сайти (qr-ebook.uz) яратилиб,  унга бугунги кунда кўп ўқиладиган энг долзарб мавзудаги 600 номдан ортиқ адабиёт жойлаштирилди. Бу база янада бойитиб  борилмоқда.

Китоб қайси кўринишда бўлмасин, қоғозда ёки электрон шаклда эканидан қатъи назар, унинг мазмуни ва аҳамияти ўзгармайди. Боғ оралаб ўтиладиган йўлак бўйлаб сайтимизнинг QR-кодларини  ўрнатиб чиқишда ана шу оддий ва асл ҳақиқатни ҳисобга олдик. 

Аҳоли, айниқса, ёшларимиз ўқишга ёки ишга шошилар экан, йўл- йўлакай сайтимизнинг QR-коди орқали ўзларига зарур адабиётларини  телефонларига юклаб олмоқда. Бу, бир томондан, юртдошларитмизнинг вақтини тежаётган бўлса, иккинчи томондан, китобхонлик ва мутолаа имкониятларини осонлаштирмоқда.

Бундай имкониятга эга бўлмаганлар учун Яшнобод туман ахборот-кутубхона марказида планшетлар бор. Ушбу планшетларга зарур адабиётларни юклаб олиш ва ўқиш учун қулай шароитлар яратилган.        

Яна бир муҳим жиҳат: бундай янги “Электрон кутубхона”ларда электрон база, Интернет тизими билан бемалол ишлайдиган мутахассислар ишлаши керак. Чунки электрон китобларни ва керакли сайтларни топишда фойдаланувчиларга тез ва сифатли ёрдам кўрсатиш талаб этилади.

Буларнинг барчаси, бир томондан, кутубхона ва кутубхоначилар нуфузини оширишга хизмат қилса, иккинчи томондан, китобхонлик маданияти янада юксалишига, жамиятимиз билим даражаси изчил ортишига олиб келади.

 Ёшларимиз ушбу имкониятлардан унумли фойдаланмоқда. Сайтимиз ҳисоблагичи кейинги уч ойлик фаолияти давомида 99 минг марта китоб юкланганини кўрсатди. Кўришлар сони 269 минг 124 тани ташкил этди. 

Шу маънода, келгусида дунё миқёсида китобсевар миллат бўлишимизга ишончимиз бисёр. Чунки биз – буюк давлат, буюк тарих, буюк маданият яратган халқмиз.

Бир сўз билан айтганда, ёшларимизнинг китоб мутолааси орқали нафақат билим олиб, дунёқарашини муносиб шакллантириши, айни чоғда, интеллектуал салоҳиятини ҳам ошириб бориши Янги Ўзбекистон тараққиётида, ҳеч шубҳасиз, ўз ўрни ва аҳамиятини яққол намоён этади.  

                                                          

Яхшигул Атаева,

Тошкент шаҳар Яшнобод туман ахборот-кутубхона

маркази директори

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech