Мамлакатимизда конституциявий ислоҳот изчил давом этмоқда. Турли учрашув ва мулоқотларда миллий экспертлар ушбу муҳим жараённинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини юртдошларимизга кенг тушунтириб бераётган бўлса, хорижий ва халқаро экспертлар айни соҳадаги дунё тажрибасининг ибратли жиҳатларига эътибор қаратмоқдалар.
О.Е.Кутафин номидаги Москва давлат юридик университети профессори, юридик фанлар номзоди, Россия Федерациясида хизмат кўрсатган юрист Владимир Лафитский ҳам юртимизга ташрифи доирасида конституциявий ислоҳотга бағишланган бир қанча тадбирларда иштирок этди.
Маълумот учун: Владимир Ильич Лафитский – 1957 йили Москвада туғилган, 1979 йили Москва Давлат университетининг Ҳуқуқшунослик факультетини тугатган. 1984 йили юридик фанлар номзоди илмий даражаси учун диссертация ёқлаган.
У 1992-1993 йилларда Россия Федерацияси Конституциявий комиссияси эксперти ва ишчи гуруҳи аъзоси бўлган. Давлат ва ҳуқуқ назарияси, Россия ва хорижий мамлакатлар конституциявий ҳуқуқи каби мавзуларда кўплаб китоблари ва илмий мақолалари эълон қилинган.
Профессор В.Лафитскийнинг таъкидлашича, Конституция – нафақат ҳуқуқий ҳужжат, айни чоғда, у миллий тараққиётнинг ҳар бир бурилиш босқичида халқнинг орзу-ҳаваслари, режа-дастурлари ва хоҳиш-иродасини ўзида мужассам этадиган мафкуравий, маънавий Бош қомус ҳамдир. Шу маънода, Конституцияни ҳар бир фуқаронинг жамики талаб-истаклари ва орзу-ниятларига жавоб берадиган йўсинда ёзиш керак, токи инсон: “Чиндан ҳам, бу – менинг Конституциям”, деб фахрлансин.
Немис ҳуқуқшуноси Р. фон Иеринг қайд этганидек, “Конституция лойиҳасида барча фуқароларнинг сиёсий манфаатлари уйғунликда акс этиши зарур”. Конституция халқ ва давлат ўртасидаги маънавий боғлиқликни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга хизмат қилиши, ҳар бир фуқаро учун муқаддас, эъзозга сазовор бўлиши лозим.
– Ҳурматли Владимир Ильич, Ўзбекистон билан Россиянинг конституциявий ислоҳот борасидаги тажрибасини қиёслаганда, қандай фарқли ва ўхшаш хусусиятларни кўрасиз?
- Россия Федерациясидаги сўнгги конституциявий ислоҳот 2020 йилда бўлиб ўтганди. Бизнинг бу борадаги тажрибамизга нисбатан Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳот модели ўзининг бир қатор хусусиятлари билан ажралиб туради.
Биринчидан, Ўзбекистон тажрибасида аҳолининг турли гуруҳ ҳамда қатламлари ўртасида Конституцияга киритиладиган масалалар ва нормаларни аниқлаштириш юзасидан “бирдамлик, манфаатлар яқинлиги нуқтаси”ни топишга муваффақ бўлингани жуда муҳим. Худди шу негизда тўғри ёзилган Конституция, бир томондан, халқнинг жипслашишига имконият яратса, иккинчи томондан, фуқароларда якдиллик, ўзини шу Ватан ва халқнинг узвий бир қисми сифатида ҳис этиш туйғуси ривожланишига олиб келади.
Айни чоғда, Конституцияда “осмондан тушган” деймизми ёки “бармоқдан сўриб олинган” деймизми, ҳар ҳолда, ҳеч қандай кераксиз, қуруқ, ҳавойи жумлалар бўлмаслиги даркор. Конституциявий ислоҳот жараёнида мамлакатнинг турли ҳудудларида истиқомат қиладиган аҳоли билдирган фикрларга жиддий эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ.
Иккинчидан, Конституцияни “персонификация”лаштиришга, яъни уни бамисоли инсондек “мукаррамлаштириб” юбормасликка қаратилган саъй-ҳаракатлар диққатга моликдир. Зеро, Асосий қонуннинг асосий вазифаси жамият тараққиёти талаб этадиган эҳтиёжларга жавоб беришдан иборат бўлиши ва у мамлакатда яшайдиган ҳар қайси инсон учун тушунарли тилда битилиши кифоядир.
Учинчидан, мамлакатингизда аҳолининг ҳуқуқий ва конституциявий маданиятини юксалтиришга катта аҳамият берилмоқда. Бу, ўз навбатида, жамиятда ҳуқуқ фалсафаси ва ҳуқуқ мафкураси устувор бўлишига хизмат қилади.
Тўртинчидан, конституциявий ислоҳотни амалга оширишда миллий тараққиёт қонуниятларини ҳисобга олиш билан бир қаторда, халқаро ва хорижий конституциявий тажрибанинг ибратли жиҳатларини ўзлаштиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бундан ташқари, Конституциянгизда маҳалла ва оила каби тушунчаларга тааллуқли ҳуқуқий анъана ва одатларнинг барчаси наинки сақлаб қолинмоқда, балки янада ривожлантирилмоқда.
– Давлатнинг “конституциявий монандлиги” деган тушунча нимани англатади?
– Аввало, ҳар қандай Конституция – бетакрор миллий ўзликнинг ифодасидир. Шу нуқтаи назардан, конституциявий ислоҳот жараёнида давлатнинг конституциявий монандлигини, янада содда қилиб айтганда, ўзига хос конституциявий қиёфасини мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этади.
Бунда, албатта, аҳоли қатламларининг руҳиятига сингиб кетган диний туйғулар ва жамиятда шаклланиб улгурган азалий қадриятларга дахл қилинмагани маъқул. Шунингдек, замонлар синовида тобланган миллий анъана ва одатларни асраб-авайлашга эътибор қаратиш жуда муҳим.
Россиянинг бу борадаги тажрибасига қарайдиган бўлсак, Конституциямизнинг Муқаддимаси, биринчи ва охирги боблари 1993 йилдаёқ ёзилган бўлиб, ҳалигача ўзгартирилмасдан келмоқда. Хусусан, Муқаддимада “жаҳон ҳамжамиятининг узвий бир қисми эканимизни англаган ҳолда”, “ҳозирги ва келажак авлодлар олдида Ватанимиз учун жавобгарлик масъулияти зиммамизга юкланганини ҳисобга олиб”, “Ватанга муҳаббат ва садоқат, адолат ва ҳақиқатга ишонч туйғуларини бизга мерос қолдирган аждодларимиз хотирасини ёд этиб” ва шу каби бир қатор жумлалар қайд этилган.
Бу тушунчаларнинг барчаси, моҳиятан олиб қараганда, халқимиз руҳиятининг тимсолларидир. Шунинг учун ҳам улар ўзгартирилмаслиги керак. Бинобарин, Ўзбекистоннинг янгиланадиган Конституциясида ҳам жамият ва давлатнинг ўзига хос қиёфасини белгиловчи ўзак тушунчаларнинг ўзгартирилишини тақиқлайдиган нормалар кўзда тутилиши лозим, деб ўйлайман.
Албатта, баъзан бу ибораларга беписанд қараш, уларни нотўғри англаш ҳолатлари ҳам ҳаётда учраб туради. Шунга қарамасдан, худди шу тушунчалар анъанавий қадриятларимизни бешикаст сақлаб қолишга йўл очади. Бу, ўз навбатида, бутун мамлакатнинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш имконини беради. Айни шундай мезонларга таяниб ёзилган Конституция энг жиддий синов – замонлар синовидан муваффақият билан ўтишига ишончим комил.
– Ўзбекистоннинг “конституциявий монандлиги” деганда нималарни назарда тутасиз?
– Табиийки, Конституциявий қонун лойиҳасида акс эттирилган ижтимоий давлат, ҳуқуқий давлат, дунёвий давлат, адолатли ва очиқ фуқаролик жамияти каби замонавий янгиликларнинг ўзиёқ Ўзбекистоннинг “конституциявий монандлиги” ҳақида юксак тасаввурлар уйғотади. Лойиҳа матнини таҳлил этганда, хусусан:
- Муқаддимада: “ҳар бир инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати, фаровонлиги ҳамда манфаатлари тўғрисида ғамхўрлик қиладиган, инсонпарвар, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлатни барпо этиш ҳамда мустаҳкамлаш борасида ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятимизни англаган ҳолда”, деган жумла мустаҳкамлангани;
- оила институти, аёл ва бола ҳуқуқларининг конституциявий асослари янада ривожлантирилгани;
- фуқаролик жамияти ва шахсга алоҳида бўлим, шунингдек, фуқаролик жамияти институтларига бутун бошли бир бобни бағишлаш орқали фуқаролик жамиятининг аҳамияти кафолатли таъкидлангани;
- “фуқаролик жамияти институтлри” тушунчасига илк бор таъриф берилгани, маҳалланинг конституциявий мақоми янада аниқ белгилаб қўйилганига амин бўлдим.
Бу ҳуқуқий нормалар туфайли ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назорати институтларининг ривожланиши учун конституциявий даражада йўл очилмоқда. Худди шу мезонлар, шубҳасиз, Ўзбекистоннинг “конституциявий монандлиги”ни ҳам намоён этади.
Биз мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантиришга тааллуқли нормалар туркумини Россия Конституциясига киритиш учун 1993 йилдан буён ҳаракат қилиб келамиз. Аммо, ҳатто 2020 йилги конституциявий ислоҳот асносида ҳам Конституциямиз матнида шу соҳага оид айрим чизгиларни акс эттиришга муваффақ бўлдик, холос. Сизлар айни йўналишда биздан анчагина олдинлаб кетяпсизлар.
– Мамлакатда Конституция устувор бўлиши керакми ёки халқаро ҳуқуқ нормаларими?
– Конституциявий ислоҳот жараёнида Конституция ва қонун устуворлиги, умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормалари амал қилиши принципларига бағоятда синчковлик билан ёндашиш лозим. Бунда жамият ва давлат, миллий манфаатлар нуқтаи назаридан устувор аҳамиятга эга масалалар жуда аниқ белгилаб қўйилиши зарур.
Давлатнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиши – халқаро ташкилотлар доирасида ҳам, ички ва ташқи сиёсат соҳаларида ҳам доимий кураш майдонида бўлишини талаб этади. Амалдаги умумэътироф этилган принциплар ва халқаро ҳуқуқ нормалари доирасида миллий манфаатларни ҳимоя қилиш ҳамда ҳимоя қилишга муваффақ бўлиш фарз ва қарздир.
Хулоса ўрнида шуни айтмоқчиманки, умумэътироф этилган принциплар ва халқаро ҳуқуқ нормалари ҳамда мамлакат қўшилган халқаро шартномалар миллий ҳуқуқ тизимининг узвий қисмига айланиши лозим. Давлат ҳокимияти органлари, шу жумладан, судлар ўз фаолиятида ана шу яхлит ҳуқуқий асосларга таяниши зарур.
– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.
Ғулом Мирзо суҳбатлашди
- Қўшилди: 05.09.2022
- Кўришлар: 4866
- Чоп этиш