2022 йил 8-9 сентябрь кунлари пойтахтимизда Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарларининг 14-саммити бўлиб ўтади. Мамлакатимизда ушбу нуфузли халқаро анжуманга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
"Парламент етакчилиги: барқарорлик ва фаровонликни янада самарали таъминлашда хавф-хатарларни баҳолаш" мавзуида ўткзиладиган саммитда Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар ҳамда ҳамкор халқаро парламент ташкилотларининг аёл раҳбарлари иштирок этади.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида БМТ Бош Ассамблеясининг Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги резолюциясини қабул қилиш таклифини илгари сурганди. Парламентлараро иттифоқ томонидан давлатимиз раҳбарининг ушбу ташаббуси қизғин қўллаб-қувватланган.
Шунингдек, 2021 йил сентябрь ойида Венада ташкил этилган Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарларининг 13-саммитида навбатдаги анжуманни Ўзбекистон билан ҳамкорликда ўтказиш ҳақида келишиб олинганди. Ўшанда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева Ўзбекистоннинг пандемиядан кейинги даврдаги устувор йўналишларидан бири сифатида асосий эътиборни хотин-қизларнинг иқтисодий рағбатлантирилиши масаласига қаратди.
Хусусан, ҳаётимизнинг барча соҳаларида аёллар иштирокини қўллаб-қувватлаш, уларга грантлар, кредитлар ажратиш, шунингдек, қизлар, аёлларни ўқитиш ва касб-ҳунарларга ўргатиш борасидаги мамлакатимиз тажрибаси ҳақида батафсил маълумот берилди. Юртимизда хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини кучайтириш йўлида амалга оширилаётган ибратли ишлар алоҳида қайд этилди.
Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарлари 14-саммитининг МДҲ мамлакатлари орасида Ўзбекистонда илк бор ўтказилиши жаҳон ҳамжамияти томонидан мамлакатимизнинг парламентаризмни ривожлантириш борасидаги натижалари, гендер сиёсатда эришган самаралари, жамиятни демократлаштириш йўлидаги шиддатли ислоҳотлар туфайли қўлга киритган ютуқларининг эътирофидир.
Бўлажак саммит фикр ва тажриба алмашиш, шунингдек, лидер аёллар ўртасида алоқа ўрнатиш ва ҳамкорлик қилиш учун қулай мулоқот майдонига айланиши тайин.
Бу ҳақда сўз борганда, дунё парламентларининг етакчи халқаро ташкилоти сифатида 179 мамлакатни ўзида бирлаштирган Парламентлараро иттифоқ мулоқот учун энг йирик майдон ҳисобланишини алоҳида таъкидлаш лозим.
Бунда бутун дунё парламентларининг аниқ ҳаракатларига таянган ҳолда, вакиллик демократияси, тинчлик ва халқаро хавфсизлик, барқарор тараққиёт, инсон ҳуқуқлари ва гуманитар ҳуқуқ, гендер тенглик, халқаро савдо-сотиқ, шунингдек, таълим, фан ва техника соҳаларида самарали парламент дипломатиясидан фойдаланиш муҳим роль ўйнамоқда.
Парламентлараро иттифоқ ташкил этилганидан кейинги 133 йил давомида кўплаб халқаро ва минтақавий парламентлараро ташкилотлар юзага келиши учун намуна бўлиб хизмат қилди. Ҳозирги кунда глобал ва минтақавий парламентлараро ташкилотларнинг сони 100 тадан ошади.
Парламентлараро иттифоқ БМТ билан яқин ҳамкорлик қилади ва унинг мақсадлари ҳамда вазифаларини қўллаб-қувватлаб келади. Парламентлараро иттифоққа БМТнинг Бош Ассамблеяси қошидаги кузатувчи-ташкилот мақоми берилган.
Ўзбекистон Парламентлараро иттифоққа 1992 йилда аъзо бўлган. Мамлакатимиз 2017 йил 13 октябрдан мазкур Ташкилотдаги аъзолигини қайта тиклади. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Парламентлараро иттифоқ билан фаол ҳамкорлик қилмоқда.
Бу фикримизни 2019 йил 17 октябрда Ўзбекистон тарихида илк бор мамлакатимиз вакили Парламентлараро иттифоқ Ижроия қўмитасининг аъзоси бўлгани факти ҳам яққол тасдиқлайди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов 2020-2023 йиллар оралиғидаги муддатга ушбу лавозимга сайланди ҳамда Парламентлараро иттифоқ Вице-президенти этиб тайинланди.
Шу ўринда Ўзбекистонда аёлларга кўрсатилаётган юксак эътибор туфайли 2020 йилда мамлакатимиз парламенти хотин-қизлар сони бўйича дунёдаги 190 та парламент орасида 37-ўринга кўтарилганини қайд этиш мақсадга мувофиқдир. Аёллар сони Қонунчилик палатасида депутатлар умумий сонининг 32 фоизини, Сенатда эса 25 фоизини ташкил этиб, бу орқали Ўзбекистон тарихида илк маротаба миллий парламентда хотин-қизлар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етишига эришилди.
Жаҳон банкининг аёллар, бизнес ва қонун индексида 2020 йилда Ўзбекистон хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича аҳамиятга молик ислоҳотларни амалга оширган 27 давлат қаторига киритилди ва 5 поғонага юқорилаб, 190 давлат орасида 134-ўринни эгаллади.
Сенатда Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ишлаб турибди. Хотин-қизларнинг сиёсий партиялардаги улуши 44 фоиз, олий таълимда 40 фоиз, тадбиркорликда 35 фоизга етди.
Бошқарув лавозимларидаги хотин-қизлар улуши 26 фоизни ташкил этмоқда. Раҳбарликка заҳирага олинган аёллар сони 2016 йилда атиги 3 минг нафар бўлгани ҳолда, 2021 йилда ушбу рақам 15 мингдан ошди.
Президентимиз томонидан аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун давомий равишда кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хусусан, “Инсон қадри учун” тамойили асосида қабул қилинган, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида бу борада ҳам устувор вазифалар белгилаб олинди.
Хулоса қилиб айтганда, бўлажак халқаро анжуман доирасида адолат, интеграция ва атроф-муҳит муҳофазаси, хотин-қизларнинг репродуктив саломатлик соҳасидаги эҳтиёжлари, пандемиядан кейинги иқтисодиётни тиклаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш сингари масалалар муҳокама этилади.
Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарлари 14-саммити якунида Тошкент декларациясини қабул қилиш режалаштирилган. Иштирокчиларнинг Самарқанд шаҳрига зиёратини уюштириш кўзда тутилмоқда.
Ойдин ИБРОҲИМОВА,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази
матбуот хизмати ходими
- Қўшилди: 06.09.2022
- Кўришлар: 4730
- Чоп этиш