Маърифат – тараққиётнинг тамал тоши

8 сентябрь – Халқаро саводхонлик куни (International Literacy Day) Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасида нишонланадиган муҳим халқаро саналардан биридир. У Теҳрон шаҳрида 1965 йил 8 сентябрда очилган Таълим вазирларининг саводсизликка барҳам бериш бўйича халқаро конференцияси тавсияси асосида ЮНЕСКО томонидан 1966 йили жорий этилган.

Бу санани дунё миқёсида байрам қилишдан кўзланган асосий мақсад – инсониятнинг саводхонлик даражасини ошириш ва айни соҳада жаҳон ҳамжамиятининг фаоллигини мунтазам кучайтириб боришдир. Жорий йилда Халқаро саводхонлик куни 57-марта нишонланмоқда.

Айни чоғда, буюк цивилизацияларга асос солган илғор халқлар, шу жумладан, иккита Ренессанснинг бошида турган халқимиз учун саводхонлик мезони неча минг йиллик тарихга эга. Улуғ шоир ва мутафаккир бобомиз Алишер Навоий асарларида “савод” сўзи ўндан ортиқ маънода қўллангани ҳам бу фикрни яққол тасдиқлайди.

Хусусан,  Навоий ҳазратларининг “Садди Искандарий” достонида шундай мисра бор:

Узуб ҳикмат авроқини тундбод,

Кутуб учтию элга қолди савод.

Бу ўринда “савод” сўзи қоралама, яъни ёзувнинг биринчи нусхаси, деган маънони англатади. Ўз навбатида, айни шу калом “Фарҳод ва Ширин” достонидаги:

Учунчи ой равон бўлди саводи,

Бурунғи йилда Қуръон бўлди ёди,

мисраларида саводхонлик – ёзув-чизувни ўрганиб олганлик ҳолатидан дарак бериб келмоқда.

 Бугунги кунда ҳам луғатимиздаги саводхонлик, саводлилик сўзлари шундай маънога жуда яқин тушунчаларни ифодалайди. Хусусан, саводхонлик:

биринчидан, аҳоли маданий савияси кўрсаткичларидан бўлиб, оддий матнларни ўқий олиш ёки уларни ўқиш ва ёза олиш кўникмаси – хат-саводлиликни билдиради;

иккинчидан, одамнинг адабий тил меъёрларига мувофиқ келадиган оғзаки ва ёзма нутқ малакаларига эгалигини англатади;

учинчидан, муайян соҳа бўйича етарли билимга эгаликни ифодалайди.

Халқимиз нафақат билимли ва маълумотли, балки кўп ўқиган, мустақил фикрловчи инсонларга ҳам саводли дея баҳо беради. Зеро, савод – билим, тушунча ва тажрибадир.

Шу билан бирга, саводхонликнинг зидди бўлган “саводсизлик” сўзи саводга эга эмасликни, савод йўқлигини англатиш учун қўлланади. Саводсиз, одатда, ўқиш-ёзишни билмайди. Саводсизлик – етарли билим, маълумотнинг йўқлигидир.

Халқаро саводхонлик куни дунё миқёсида нишонланиши бежиз эмас. Чунки саводхонлик – инсон учун байрамдир. Бинобарин, бугунги инсонлар замонавий ҳаётнинг ҳар бир соҳаси бўйича муайян даражада саводи борлиги учун бахтиёр, тўкис ва фаровон яшайдилар.

Афсуски, сайёрамизда саводсизлиги туфали бундай бахтдан мосуво инсонлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Нега деганда, ер юзида ҳали оддий ўқиш-ёзишни билмайдиган миллионлаб одамлар бор. Айрим мамлакатларда биргина болакайнинг бошланғич таълим олиши учун бутун бошли оила маблағ жамғаришига тўғри келади.

Баъзи мамлакатларда хотин-қизларнинг хат-саводли бўлиши шарт эмас, деган алимсоқдан қолган тушунча ҳали ҳам кучда. Қаердадир мактаблар етишмайди. Яна қаердадир урушларнинг тинмаётгани мавжуд мактабларда ҳам ўқиш-ўқитиш имкониятларини чиппакка чиқармоқда.

Халқаро ҳамжамиятнинг бу борадаги узоқ йиллик изчил саъй-ҳаракатларига қарамай, ҳозирги вақтда дунё миқёсида 773 миллион нафардан зиёд инсон ҳатто бошланғич хат-саводга эга эмас. Шунингдек, 600 миллиондан ортиқ бола ва ўсмирларнинг ўқиш ҳамда математика бўйича ибтидоий даражадаги билими ҳам йўқ. Бу салбий омиллар, ўз навбатида, саводсизлик муаммосининг ҳалигача долзарблигидан далолат беради.

БМТ маълумотларига қараганда, коронавирус пандемияси туфайли мактабларнинг ёпилиши муносабати билан сайёрамиздаги жами ўқувчиларнинг 62,3 фоизи, яъни 1 миллиард нафардан кўпроғи дарсларга қатнашида узилишлар юз берган. Энг ёмони, пандемия инқирози таълим олиш ва саводхонликни ошириш соҳасида мавжуд бўлган тенгсизликни янада кучайтириб юборган.

Шу маънода, саводхонлик – чинакамига байрам. Саводхонлик – бахт. Саводхонлик – тинч-осойишта ва баркамол, барқарор ва тараққийпарвар ҳаёт гаровидир.

Ҳар йили Халқаро саводхонлик кунини нишонлашда ЮНЕСКО ва бошқа халқаро ташкилотлар, ҳукуматлар, хусусий сектор, фуқаролик жамияти ҳамда таълим-маърифат муассасалари вакиллари фаол иштирок этади. Инсоният саводхонлигини юксалтириш ишига улуғвор ҳисса қўшган шахслар халқаро мукофотлар билан тақдирланади.

ЮНЕСКО ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда 2021 йилда саводхонлик даражаси 99,99 фоизни ташкил қилган. Ҳисоботда мазкур халқаро ташкилот томонидан умумжаҳон саводхонлик даражасига эришишда Ўзбекистон ҳукумати ва таълим соҳаси ходимларининг ҳиссаси эътироф этилган. Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистонда мактабгача таълим муассасалари сонини тўрт баравар кўпайтиришга ва аҳолининг тез ўсишига қарамай, мактабгача таълим билан қамраб олишни 2017 йилдаги 24 фоиздан 2021 йилда 62 фоизга оширишга муваффақ бўлингани алоҳида таъкидланган.

Ҳақиқатан ҳам, бугунги кунда жаҳоннинг етакчи давлатлари қатори мамлакатимизда таълим ва тарбияга устувор вазифа сифатида ёндашилмоқда. Истиқлолнинг кейинги олти йилида таълим тизимининг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлашга қаратилган мустаҳкам занжир яратилди.

Айни пайтда таълим соҳасида энг қулай шароитлар барпо этиш учун мактабларнинг ўқув дастурлари, ўқитиш услуби, дарсликлар мазмуни тубдан қайта кўриб чиқилмоқда. Янги мактаблар қуриш, устоз ва мураббийларнинг машаққатли меҳнатини рағбатлантириш, мактабгача таълим, касб-ҳунар таълими, олий таълим ҳамда илм-фан соҳаларини давр талаблари негизида ислоҳ қилишдек эзгу амаллар келгусида ҳам изчил давом эттирилади.

Президентимиз  таъбири билан айтганда, “Тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам бу – илм-фан, таълим ва тарбиядир. Эртанги кунимиз, Ватанимизнинг ёруғ истиқболи, биринчи навбатда, таълим тизими ва фарзандларимизга бераётган тарбиямиз билан чамбарчас боғлиқ”.

 

Ғулом Мирзо,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech