27 СЕНТЯБР ХАЛҚАРО ТУРИЗМ КУНИ

27 сентябрда аксарият дунё мамлакатларида Халқаро Туризм куни байрам сифатида нишонланиб, шу куни туризм йўналишларига бағишланган  турли хил тадбир ва фестиваллар ўтказилади. Бугунги кунда мазкур соҳада фаолият юритаётганлар сайёҳларга ҳар томонлама қулай ва хавфсиз шароит яратиб беришга ҳаракат қилишмоқда. 

Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг маълум қилишича, дунё ялпи ички маҳсулоти ҳажмининг ўндан бир қисми, яъни халқаро инвестицияларнинг 11 фоиздан ортиғи туризм ҳиссасига тўғри келади. Бутун дунё бўйича сайёҳлар оқими йилига 4,5 фоизга ўсмоқда.

Туризм соҳасида улкан салоҳиятга эга Ўзбекистон ҳам ўзининг қадимий обидалари, муқаддас зиёратгоҳлари, хушманзара табиати ва файзли гўшалари билан сайёҳларни ўзига ром этмоқда.

Маълумотларга кўра:

Юртимиз сайёҳлик кўлами ва тарихий жойлар сони бўйича дунёдаги етакчи ўн мамлакат қаторида туради. Ўзбекистонда етти мингдан ортиқ меъморий ва археологик обида мавжуд. Бундай бебаҳо мерос халқимизнинг битмас-туганмас бойлиги ҳисобланади.

Мамлакатимизда сўнгги беш йилда туризм, жумладан, экотуризм, зиёрат туризми, гастрономик туризм ривожланди. Шу боисдан, Бухоро, Хива, Самарқанд, Марғилон, Термиз сингари қадимий масканларимизда жаҳон халқлари иштирокида Шарқ тароналари, шашмақом, бахшичилик, фестиваллари мунтазам ўтказилиб келинмоқда. Уларнинг иштирокчилари ажиб бир қадимийликни, сирлиликни ҳис этганларини яширмайди. Ўзбек элига дунё халқлари эътиборининг кучайиб бораётгани бу қадимий маконда туризм индустриясини ички ва ташқи кўринишларда кенг ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжудлигини кўрсатмоқда. Қолаверса, соҳа мутахассислари таъкидлаганларидек, сайёҳлик замонавий иқтисодиётнинг истиқболли тармоғи бўлиб, биринчидан, унинг бошқа соҳалар каби хом ашё, ишчи кучи, маблағ каби кўплаб ресурсларни доимий талаб этмаслиги, иккинчидан, унинг учун замонавий талабларга мос, зарур инфратузилма борлиги, учинчидан, мамлакатимиз иқтисодиёти тараққиётига фойда келтириши туфайли мазкур тармоқни ҳар томонлама ривожлантириш зарурдир.

Юртимизда сайёҳлик саноати субъектлари фаолияти учун қулай шароит яратишга эришилмоқда

Бугунги кунда туризм соҳаси равнақи йўлидаги тўсиқлар олиб ташланиб, чет элликлар учун виза ва рўйхатдан ўтиш тартиблари, божхона назорати соддалаштирилди. Тармоқнинг янги салоҳиятли турларини ривожлантиришга эътибор кучайтирилди. Юртимизга ташриф буюраётган сайёҳларга янада қулайлик яратиш мақсадида қадимий шаҳарларимизга тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш бўйича зарур ишлар амалга оширилмоқда. Асосий мақсад сайёҳлар учун қулай шарт-шароитларни яратишдир.

Муҳташам маданий объектлар, меҳмонхоналар қурилиб, транспорт-логистика, муҳандислик-коммуникация тармоқлари яхшиланмоқда. Уларнинг замон талаблари даражасида реконструкция қилиниши Ўзбекистонда янги сайёҳлик йўналишларини очишда муҳим аҳамият касб этиши билан аҳамиятлидир. Шунингдек, узоқ тарихий тараққиётни эга бўлган юртимизда жуда бой фольклор жамланганлиги ва локал белгиларига кўра алоҳида ўзига хосликларга эгалиги туфайли унга хос ана шу локал хусусиятларни очиш ҳамиша долзарб бўлиб келган. Ўзбек фольклорини регионал асосда келган сайёҳларга намойиш этиш умум ўзбек фольклорини жаҳон фольклори контекстида кузатиш имконини бериши билан ҳам муҳимдир.

Мамлакатимизга ташриф буюраётган хорижий меҳмонлар орасида сайёҳликнинг экологик, диний-зиёрат, фольклор-этнографик, илмий-маърифий турлари билан бирга экстремал таассуротлар ихлосмандлари – йилнинг исталган вақтида тоғ чўққиларини забт этиш, рафтинг, треккинг, от ёки велосипедда сайр қилиш, қумликлар кенгликларида чип сафари ишқибозларнинг борлиги туфайли экспозицияларда сайёҳлик ва дам олиш инфратузилмаларига, юртимиз ва хориж сайёҳларини қабул қилиш учун соғломлаштириш зоналари ва санаторийларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти.

Ўзбекистон қадимдан бой маънавий тарихий мероси, ривожланиб бораётган туризм салоҳияти хориждаги мамлакатларда тобора катта қизиқиш уйғотмоқда. Хусусан, Европа ва бошқа қитъалар аҳолиси учун мамлакат Буюк ипак йўлининг чорраҳаси сифатида ҳамда бунга қўшимча тарзда Ўзбекистон қадим туркий халқлар яшаган диёр, тасаввуф, мотурудийлик, нақшбандийлик асосчилари, эътиқод устунлари яшаб, ижод қилган зиёратгоҳ сифатида ҳам маълум ва машҳурдир.

Сайёҳлар эътиборини нафақат тарихий ёдгорликлар, балки замонавий ажойиботлар орқали жалб қилиш тадбирлари ҳам кўрилмоқда. Швейцария ва ўзбекистонлик аэростатчилар Хива осмони узра илк бор ҳаво шарида парвозни амалга оширишди. Ҳаво шарида туриб “Ичан қалъа” давлат музей-қўриқхонасини 100 метр баландликдан кузатиш, шаҳарнинг бетакрор гўзаллигидан баҳраманд бўлиш ва уни фотосуратларга муҳрлаш меҳмонларга чексиз завқ улашди.

Хоразм — Ўзбекистоннинг энг юқори сайёҳлик салоҳиятига эга минтақаларидан бири

Хоразм — қадимги Буюк ипак йўлининг марказида жойлашган бўлиб, Ўзбекистоннинг энг юқори сайёҳлик салоҳиятига эга минтақаларидан бири ҳисобланади. Хиванинг халқаро миқёсда “Очиқ осмон остидаги музей шаҳар” дея эътироф этилиши ва ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилиши нафақат Хоразм вилояти, балки мамлакатимизнинг жаҳон туризм бозоридан муносиб ўрин эгаллашида мустаҳкам замин яратади.

Юртимизни янада обод этиш, унга кўплаб сайёҳларни жалб қилиш орқали номини дунёга ёйиш, туристлар учун зарур шароитлар яратиш фақат мутасаддиларга тегишли вазифагина эмас, балки барча замонларда маънавият ва маърифатни ҳаётининг бош аъмоли деб билган барча юртдошларимизнинг бурчидир. Ёшу қари – ҳар бир ўзбекистонлик бу қутлуғ заминга муносиб фарзанд бўлиш ишқи, меҳри билан, олиб борилаётган бунёдкорлик ишларига ўз улушини қўшиш илинжида яшамоғи шарт.

Мухлиса Хасанова,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журналининг Ташкилий ижодий гуруҳ раҳбари

hudud24.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech