Хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатлари доимо эътиборда

Бухорода “Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик кун тартиби ва унинг инсон ҳуқуқлари билан боғлиқлиги” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Бухоро вилояти ҳокимлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Тожикистон Республикаси делегацияси ҳам қатнашди.

– Давра суҳбати шуниси билан аҳамиятлики, давлат тузилмалари, фуқаролик жамияти ташкилотлари вакиллари, БМТ тузилмалари раҳбарлари ва халқаро экспертлар “Хотин-қизлар, тинчлик ва хавфсизлик” глобал кун тартибини миллий ва минтақавий даражада амалга оширишда ҳамкорлик қилиш масалаларини муҳокама қилиш учун Бухорода тўпланди, – дейди тадбир аввалида Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар масалалари бошқармаси бошлиғи Феруза Ибрагимов. – Бугунги кунда янгиланаётган Ўзбекистон ислоҳотлари инсон манфаатлари устунлигини таъминлаш баробарида жамиятда хотин-қизлар мавқейини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини устувор қадриятлардан бири сифатида ҳимоя қилишга қаратилган. Бунда, айниқса, аёлларнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий фаоллигини юксалтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида рўёбга чиқарилмоқда.

2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясидаги йўналишлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ ҳолда белгиланган. Бугунга келиб амалга оширилган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон миллий парламентида хотин-қизлар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етганлиги, яъни Парламентдаги хотин-қизлар сони қарийб 32 фоизга етиб, дунёдаги 190 парламент орасида 37-ўринга кўтарилганлиги маҳаллий кенгашлардаги депутат аёллар сонининг ўсиши билан ҳамоҳанг бўлди.

Жумладан, Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши депутатларининг 19 нафари 32 фоизи, шаҳар ва туманлар Кенгашлари депутатларининг 86 нафари 22 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Шунингдек, сиёсий партиялардаги хотин-қизлар улуши 44 фоизга, олий таълимда 40 фоизга, тадбиркорликда 35 фоизга етди, хотин-қизлар ахборот-коммуникация, инновация, энергетика соҳаларига кенг жалб этилмоқда. Бошқарув лавозимидаги хотин-қизлар улуши 27 фоизга етди. Бухоро вилояти ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маданий ҳаётида ҳам хотин-қизларнинг иштироки салмоқлидир.

Бухоро вилоятида 1 нафар Олий Мажлис Сенати аъзоси, 1 нафар аёл ҳоким лавозимида, 1 нафар аёл вилоят ҳокими ўринбосари лавозимида, 2 нафар аёл бошқарма бошлиғи, 2 нафар аёл проректор, 5 нафар аёл декан лавозимларида, 160 нафар аёл мактаб директори, 172 нафар аёл маҳалла фуқаролар йиғини раислари лавозимида, 2 нафар аёл банк раҳбари ўринбосари лавозимларида, жами 500 дан ортиқ аёллар раҳбарлик лавозимларида меҳнат қилмоқда.

Аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларга кўмак бериш ишларида вилоят “Тадбиркор аёл” уюшмаси, Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази раҳбари ва банклардаги масъул хотин-қизларнинг ҳиссаси муҳим аҳамият касб этмоқда. Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш тизимини бошқаришда ҳам аёллар фаоллик кўрсатмоқда.

Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил этилгани ҳам бу борадаги ишлар самарадорлигини оширди. Мазкур фонд кўмагида бизнесини йўлга қўйиш истагидаги хотин-қизларга имтиёзли кредитлар ажратиш, бир ҳафталик ўқув курсларида ўқитиш, бизнес режалари ишлаб чиқиш механизми йўлга қўйилди. 2022 йил март ойидан бошлаб хотин-қизлар давлат қўмитаси ташкил этилиши бу борадаги ишлар самарадорлигини ва натижадорлигини ошириш имконини кучайтиради. Қийналган, ночор аёллар билан ишлаш учун реабилитация марказлари ташкил этилди. Мисол учун, оилавий жанжаллар сабаб қийналиб қолган, сиқилиб юрган ёки қайнонаси билан келишмасдан, бировларнинг қўлида қолган, айрим ҳолларда кўчада қолиб кетган, жиноят қилиб қўйиб, жамиятимизга қўшила олмаётган аёлларимиз бор. Ана шулар билан ишлаш учун маҳаллада маҳалла хотин-қизлар фаоли лавозими жорий этилганлиги ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Сенатда Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил этилганлиги парламентда хотин-қизлар ролини янада ошишида ўз самарасини кўрсатмоқда. Маълумки, фавқулодда вазиятларда энг кўп аёллар ва болалар азият чекади. Президентимиз ташаббуси билан хорижий юртларда қийин шароитга тушиб қолган ватандошларимизга кўмак бериш, уларни мамлакатимизга қайтариш ҳамда жамиятимизга тўлақонли мослашишини таъминлаш бўйича “Меҳр” инсонпарварлик операциялари амалга оширилди. “Қайноқ нуқталар”дан бухоролик 2 нафар аёл ва 2 нафар болалар Ўзбекистонга қайтарилди. Улар жамиятимизнинг тўлақонли аъзолари бўлиши, келгусида юрт корига ярайдиган инсонлар бўлиши учун зарур шароитлар яратилди. Барчасига тиббий, психологик ёрдам кўрсатилди. Аёллар ишга, болалар боғча ва мактабларга жойлаштирилди.

Таъкидланишича, 2000 йил 31 октябрда Хавфсизлик Кенгаши 1325-сонли “Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик тўғрисида" қарор қабул қилди. Мазкур қарор билан биринчи марта аёллар ва болалар қуролли тўқнашувлардан энг кўп азият чекадиган, шунингдек, мақсадли тажовуз ва зўравонлик объектига айланиб бораётган аҳоли гуруҳи эканлиги тан олинди. Ушбу қарор аёлларни низоларни ҳал қилиш бўйича тинчлик музокараларида кўпроқ иштирок этишга, шунингдек, БМТ ва миллий даражадаги юқори лавозимларда аёллар сонини кўпайтиришга фаолроқ жалб қилишни талаб қилади.

Давра суҳбатида халқаро экспертлар томонидан “ЕХҲТ минтақасида аёллар, тинчлик ва хавфсизлик, инсон ҳуқуқларининг гендер хавфсизлиги билан ўзаро боғлиқлиги" чақирувини амалга оширишдаги хорижий тажриба ҳақида маълумот берилди. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1325-сонли “Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик” қарорини амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳаси тақдим этилди. 2020-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасида гендер тенглигига эришиш стратегияси, аёллар, шу жумладан, гендер асосидаги зўравонлик қурбонлари учун одил судловга эришишни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, Тожикистон Республикаси Олий судяси, аёл судялар уюшмаси аъзоси Рухшона Ҳаким гендер асосидаги зўравонлик қурбонлари учун адолатли судни таъминлаш судялар олдида турган устувор йўналишлардан бири эканлигини алоҳида таъкидлади.

Тадбирда Жамоат хавфсизлиги университети ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси вакиллари томонидан хавфсизлик соҳасида аёлларнинг ролини кучайтириш чоралари фаол муҳокама қилинди. “Ойдин нур” ва “Барқарор ҳаёт” нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари томонидан 1325-сонли қарорни амалга оширишдаги фуқаролик жамиятининг роли ва аҳамиятига атрофлича тўхталиб ўтилди.

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech