1 октябрь – Халқаро кексалар куни
Доно халқимиз: “Инсон – ғанимат”, дейди. Дарҳақиқат, биз учун ота-боболаримиз, фахрийларимизнинг ҳаёти ҳам ғанимат. Қариялар қадр топган юртда меҳр-оқибат, қут-барака, тинчлик-хотиржамлик доим барқарор бўлади.
Қуръони каримнинг “Раҳмон” сурасида “Яхшиликнинг мукофоти – фақат яхшиликдир” ояти зикр этилгани бежиз эмас. Кексаларга ҳурмат, муҳтожларга меҳр-мурувват кўрсатиш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган.
Шу маънода, 1 октябрь – Халқаро кексалар куни мамлакатимизда янада кенг ва сермазмун нишонланаётгани табиий. Маълумки, ушбу халқаро сана 1990 йил 14 декабрда БМТ Бош Ассамблеясининг 45-сессиясида таъсис этилган.
Шунингдек, бу борада:
- 1982 йили Кексалик муаммолари бўйича Вена ҳаракатлар режаси;
- 1991 йили БМТнинг Кексаларга муомала-муносабат принциплари;
- 1992 йили Кексалик муаммолари бўйича декларация;
- 2002 йили Кексалик муаммолари бўйича Мадрид ҳаракатлар режаси қабул қилинган.
Айниқса, охирги халқаро ҳужжат XXI асрда аҳоли ёшининг кексайиб бориши муаммосига ечим топишда том маънодаги дастуриламал бўлди. Зотан, бугунги кунда ривожланган давлатлар аҳолиси таркибининг 25 фоизи кекса авлод вакилларидан иборат ва ушбу кўрсаткич йил сайин ортиб бормоқда.
БМТ маълумотларига кўра, дунёда 2015-2030 йиллар оралиғида 60 ёшдан ошган инсонлар сони 901 миллион нафардан 1,4 миллиард кишига ортиши мумкин. Бу рақам 2050 йилда 2 миллиард нафарни, яъни ер юзи аҳолисининг 20 фоизини ташкил этиши кутилмоқда.
Кейинги йилларда инсоният бошига ёпирилган COVID-19 пандемияси билан боғлиқ турли офатлар инсонлар ўртасида шусиз ҳам омонат бўлиб турган гендер тенгликни бадтар танг ҳолга солиб қўйди. Чунки коронавирус инқирози ижтимоий-иқтисодий, экологик, тиббий ва иқлим билан боғлиқ муаммоларнинг қариялар, айниқса, кекса аёллар ҳаётига салбий таъсирини кучайтириб юборди.
Афсуски, БМТ мутахассислари тайёрлаган ҳисобот хулосалари биз яшаб турган ва тобора глобаллашиб бораётган дунёда ҳамма ҳам бирдек бағрикенг ва нуронийпарвар эмаслигини кўрсатмоқда. Ссайёрамиз аҳолисининг тенг ярми, бошқача айтганда, заминдош ва замондошларимизнинг ҳар икки нафаридан биттаси кексаларга нисбатан салбий муносабатда экан.
Буларнинг барчаси, ўз навбатида, кексаларнинг мавжуд эҳтиёжлари ва аниқ муаммоларини ҳал этишга эътиборни янада оширишни тақозо этади. Шунингдек, аксарият ёши улуғ инсонларга зарур шароитлар яратиб берилса, улар ҳали ҳам жамият ҳаётига фойда келтиришда давом этиши билан боғлиқ имкониятларни ҳисобга олиш талаб этилади.
Бундай саъй-ҳаракатларнинг негизида, албатта, инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш мезонлари мужассам. Нега деганда, дунёнинг айрим манзилларида бу борадаги аҳвол шундайки, ишхоналарда навқирон ходимларга яратилган имтиёз ва енгилликлардан кўпинча ёши улуғ инсонлар маҳрумдир.
Мисол учун, ишчи-ходимларнинг ўқиш-ўрганиш ва малака ошириш имкониятлари ёши ўтган сари кескин камайиб боради. Энг ёмони, ёш ва жинсга боғлиқ камситишлар, хусусан, эйджизм иллати кексаларнинг аҳволини янада мураккаблаштирмоқда.
Эйджизм – инсонни ёш белгиси бўйича камситиш ҳолатини ифодалайдиган халқаро тушунча. Бу ҳақда фикр юритганда, танганинг иккинчи томони ҳам борлигини унутмаслик керак.
Гап шундаки, эйджизмдан ёшларнинг ўзлариям азият чекмоқда. Бунда, албатта, тиббий хизматдан фойдаланиш, турар-жойга эга бўлиш ва сиёсий ҳаётда иштирок этиш каби масалаларда ёши улуғларнинг қўли устунроқ экани назарда тутилмоқда.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари эйджизм иллатига қарши фаол кураш олиб бориш зарурлигини таъкидлагани бежиз эмас. Бинобарин, инсоннинг ёшига қараб ёндашув борасида илдиз отган номақбул муносабатлар инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келиши мумкинлигидан ҳамиша огоҳ бўлиш зарур.
Шу нуқтаи назардан, кексаларни қадрлаш учун бундан 32 йил илгари алоҳида бир куннинг жаҳон кўламидаги байрам санаси сифатида расман белгилаб олинганидан асосий мақсад навқирон авлодга нуроний отахону онахонларимиз доимо алоҳида ғамхўрлик, меҳр-муҳаббат ва парваришга муҳтожлигини эслатиб туришдир.
Зеро, бу фоний дунёда ҳеч нарса абадий эмас. Ҳозирги ёшлар ҳам бир куни кексалик остонасидан ҳатлаб, изларидан келаётган янги ёш авлодга жой бўшатадилар.
Кексалик даври – болалик ва ёшлик даврлари каби ҳаётнинг табиий ҳамда узвий босқичидир. Биргина фарқ шундаки, инсон болалик ва ёшлик йилларида куч-қудрат ҳамда азму шижоатга тўла бўлса, аксинча, кексалик даврида жисмоний фаолият мезони камайиши ва куч-қудратнинг заифланиши билан юзма-юз келади.
БМТ томонидан ҳар йили Халқаро кексалар куни доирасида қарияларни ҳимоялаш, уларнинг жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш мақсадида турли фестиваль ва танловлар ўтказилади. Қолаверса, жаҳон миқёсида нуронийлар ҳаётини яхшилашга қаратилган БМТнинг Кексалик муаммолари бўйича мақсадли жамғармаси ҳам фаолият кўрсатиб турибди.
Халқаро кексалар кунининг 2022 йилдаги тантаналари “Кекса аёлларнинг ҳаётда бардошлилиги ва жамият ривожидаги ҳиссаси” мавзусига бағишланган. Бунда муҳтарама ёши улуғ аёлларимизнинг миллий, минтақавий ҳамда глобал муаммоларни енгиб ўтишда кўрсатган сабр-матонати ва қўшган муносиб улушларини эътироф этиш назарда тутилмоқда.
Ер юзидаги жами кекса аёлларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилган сиёсий мулоқотларни йўлга қўйиш ва уларнинг барқарор тараққиётни таъминлашдаги ҳиссасини эътироф этиш бу борада устувор аҳамият касб этади. Шу мақсадга эришиш йўлида:
биринчидан, кекса аёлларнинг экологик, ижтимоий, иқтисодий ва тенгсизликни янада кучайтирадиган бошқа хил офатларга нисбатан сабр-бардошли эканини таъкидлаш;
иккинчидан, инсонларнинг ёши ва жинси билан боғлиқ маълумотларни йиғиш ҳолатини яхшилашнинг долзарб аҳамиятига эътиборни тубдан ошириш;
учинчидан, Бош котиб даъватидан келиб чиқиб, гендер тенгликни таъминлаш асносида, БМТга аъзо давлатлар, БМТ муассасалари, «БМТ-аёллар» тузилмаси ва фуқаролик жамиятини кекса аёллар манфаатларини ушбу йўналишдаги барча стратегияларнинг марказига қўйиш учун даъват этишга алоҳида аҳамият берилмоқда.
Бу борада мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр юритганда, биринчи навбатда, кексаларимизга ғамхўрлик кўрсатиш масаласи “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”да алоҳида белгиланганини қайд этиш лозим. Шу маънода, мамлакатимизда кексаларни эъзозлаш, уларнинг ҳурматини жойига қўйиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган.
Албатта, бунга қадар Ҳаракатлар стратегияси доирасида давлатимиз ижтимоий сиёсатининг муҳим йўналиши – инсон қадрини улуғлаш, меҳр ва ёрдамга муҳтож аҳолини, хусусан, кексаларни қўллаб-қувватлаш борасида жуда кўп хайрли ишлар қилинди. Пандемия даврида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати кенг тарқалиб, эҳтиёжмандларга беғараз ёрдам берилди, қийинчилик ва синовлар баҳамжиҳат енгиб ўтилди.
Айниқса, 2021 йил 25 мартда қабул қилинган Президент Фармони асосида кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларини яхшилаш чоралари кўрилди. Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ташкил этилиб, “Саховат” ва “Мурувват уйлари”, фахрийлар санаторий ва пансионатлари, бошқа қатор тиббий-ижтимоий муассасалар унинг тасарруфига ўтказилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 апрелда қабул қилинган “Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, 2022 йил 1 майдан ёшга доир, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик пенсиялари миқдори 12 фоизга оширилди. Бунинг натижасида 4 миллион 100 минг аҳоли хонадонига қўшимча маблағ кириб борадиган бўлди.
Яна бир муҳим натижа: жорий йил 9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида уруш қатнашчилари, концлагерлар маҳбуслари ва Ленинград қамалида бўлган фуқароларга 15 миллион сўмдан берилди. Бу ҳақдаги топшириқ Президентимизнинг 2022 йил 29 апрелда қабул қилинган “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонида кўзда тутилган.
Агар эътибор қаратилса, уруш қатнашчилари ва меҳнатга лаёқатсиз фахрийлар учун тўланадиган ҳақ миқдори Президент Шавкат Мирзиёев томонидан мунтазам ва кўп миқдорда ошириб келинаётганига амин бўлиш мумкин. Хусусан, ушбу маблағ ҳажми 2017 йилда – 2 млн сўм, 2018 йилда – 5 млн сўм, 2019 йилда – 7,5 млн сўм, 2020 йилда – 10 млн сўм, 2021 йилда – 12 млн сўмдан иборат бўлган.
Хулоса қилиб айтганда, Халқаро кексалар куни тадбирлари доирасида бундай эзгу амалларнинг кўлами янада кенгайди. Жумладан, меҳнат жамоаларида пенсияга чиқиш арафасида бўлган меҳнат фахрийларини тақдирлаш ва нафақага кузатиш амалиёти жорий этилди. Корхона ва ташкилотларда узоқ йиллар меҳнат қилган фахрийлар хонадонларида бўлиб, уларни байрам билан қутлаш баҳонасида ҳолларидан хабар олинмоқда.
Таълим муассасаларида Ўқитувчи ва мураббийлар куни ҳамда Халқаро кексалар куни муносабати билан фахрий устозлар таклиф этилиб, улар учун байрам тадбирлари ташкил этилмоқда. Бинобарин, Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳар томонлама таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишидир.
Ғулом МИРЗО,
Ойдин ИБРОҲИМОВА,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази масъул ходимлари
- Қўшилди: 30.09.2022
- Кўришлар: 5105
- Чоп этиш