Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар юқори баҳоланди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидов ЮНЕСКОнинг Ахборот ва коммуникациялар масалалари бўйича Бош директори ўринбосари Т.Джеласи раҳбарлигидаги делегация аъзолари билан учрашди.

Мулоқот аввалида Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларнинг устувор йўналишлари ҳақида батафсил маълумот берилди. 
 
Меҳмон илиқ ва самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни юқори баҳолади. Сўнгги беш-олти йилда Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги қиёфаси тубдан ўзгаргани, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар ва демократик ислоҳотларнинг намунаси сифатида намоён бўлаётганини эътироф этди. 
 
Т.Джеласи ўз нутқида шу йил 28-29 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида “Сунъий интеллект, электрон бошқарув ва ахборот эркинлиги” мавзусида бўлиб ўтган халқаро конференция давлатларда ахборот соҳасидаги муаммоларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш йўлида Ўзбекистон учун ЮНЕСКО ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини билдирди. 
 
Тадбир якунлари бўйича халқаро конференция иштирокчилари томонидан Тошкент декларацияси қабул қилинганини мамнуният билан қайд этди. Мазкур декларация аъзо давлатларнинг ахборотдан фойдаланишдаги асосий ҳуқуқини тан олиш ва ҳурмат қилиш мажбуриятини яна бир бор тасдиқлаши, тегишли бошқарув тамойиллари ва сунъий интеллект ҳамда янги технологияларнинг ахборотдан фойдаланишида келиб чиқадиган муаммоларни ўз ичига олишини таъкидлади. 
 
Мазкур декларациядан ўрин олган вазифаларни амалга оширишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳар томонлама кўмаклашишга тайёрлиги айтиб ўтилди. 
 
Учрашувда Президентимизнинг 2022 йил 29 январдаги тегишли фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасида ахборотлаштириш, ахборот ресурслари ва ахборот тизимларидан фойдаланиш, ахборотни эркин ва монеликсиз излаш, тадқиқ этиш ҳамда тарқатишга оид ягона Ахборот кодексини ишлаб чиқиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳам фикр алмашилди. 
 
Меҳмон ишлаб чиқилаётган ушбу кодекс ЮНЕСКО томонидан илмий ва амалий жиҳатдан кўриб чиқилишида кўмаклашишга тайёрлигини билдирди. 
 
ЮНЕСКО томонидан ёшларни Интернет маконидаги турли зарарли маълумотлардан сақлаш, уларда ахборотни излаш, юклаб олиш ва тарқатиш кўникмаларини шакллантириш мақсадида тасвирий қўлланма ишлаб чиқилиб, ўзбек тилига таржима қилиниши режалаштирилганини маълум қилди. 
 
Мулоқотда ҳозирги глобаллашув даврида ушбу йўналиш тобора долзарб аҳамият касб этаётгани айтилиб, ЮНЕСКОнинг ушбу ташаббуси қўллаб-қувватланди. 
 
Суҳбат якунида Т.Джеласи 2023 йил 21-23 февраль кунлари Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган “Демократия учун Интернет” мавзусидаги Глобал анжуманга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларини таклиф қилди. 
 
Учрашув конструктив руҳда ўтди. 


 
ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech