Конституциявий ислоҳотларда жамоатчилик иштироки: миллий ва халқаро тажриба

29 cентябрь куни Тошкент шаҳрида шу мавзуда халқаро конференция бўлиб ўтди. Анжуман Конституциявий комиссия, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Давлат ва ҳуқуқ институти, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, “Тараққиёт стратегияси” ва Барқарор ривожланиш марказлари томонидан Тошкент шаҳар ҳокимлигини кўмагида ташкил этилди.

Офлайн ва онлайн тарзда ўтказилган ушбу тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, академик ҳамжамият, хорижий ва халқаро экспертлар иштирок этди. Иштирокчилар сони 300 кишидан зиёд бўлиб, жумладан, мамлакатимизнинг 14 ҳудуди ва 3 хорижий мамлакатдан уланилди.

Тадбирнинг мақсади – Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ ва халқаро муҳокамасининг дастлабки натижалари, унда кенг жамоатчиликнинг фаол иштироки, “Халқ – қонунларнинг ягона манбаи ва муаллифидир” ҳамда “Барча муҳим қарорлар бевосита халқ билан мулоқот асосида ва жамоатчилик фикрини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинади”, деган тамойилларнинг ҳаётга татбиқ этилиши борасида фикр алмашишдан иборат бўлди.

Хорижий экспертлар Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган изчил демократик ислоҳотлар халқаро ҳамжамият томонидан ижобий баҳоланаётгани ва кенг қўллаб-қувватланаётганини алоҳида таъкидладилар. Жумладан, мамлакатимиздаги конституциявий ислоҳотлар умумжаҳон конституциявий ривожи, унинг умумэътироф этилган қонуниятларига тўла мос равишда амалга оширилаётганига юқори баҳо берилди.

Халқаро анжуманда БМТнинг мамлакатимиздаги доимий мувофиқлаштирувчиси Роли Астхана Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотлар демократик тамойиллар асосида амалга ошаётганини қайд этди. Хусусан, Р.Астхана конституциявий ислоҳотлар жараёни қайси давлатда бўлмасин, соҳадаги тушунчалар барча учун универсал ҳисобланадиган тамойиллар – инсон хуқуқларига ҳурмат, тенглик ва қонун устуворлигига мувофиқ ўтказилиши лозим, дея таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, конституциявий ислоҳотларга оид халқаро ҳужжатларга асосланган ҳолда БМТ тузилмалари:

  • Конституцияга, авваламбор, миллий суверенитет, демократик нормаларни жорий қилувчи ҳужжат сифатида қарайди ва конституциявий ислоҳот ўтказишда фақатгина халқ ва мамлакат манфаатидан келиб чиқиш зарурлигига эътибор қаратади;
  • Конституция халқчил, шаффоф ва инклюзив, ҳеч кимни ортда қолдирмаслик тамойилига асосланган бўлиши лозим. Бу шуни англатадики, конституциявий ислоҳотлар даврида аҳолининг барча қатламларининг фаол иштироки таъминланиб, уларнинг манфаатлари кўзда тутилиши керак. БМТ Бош котибининг стратегиясида жамият ривожланишида иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий заиф ва эътибордан четда қолиб кетиши мумкин бўлган аҳолига алоҳида эътибор бериш кераклиги айтилган;
  • БМТ дунёнинг конституциявий ривожидаги энг илғор тажрибаларни Ўзбекистон билан ўртоқлашиб келмоқда ва ушбу саъй-ҳаракатлар келгусида ҳам бардавом бўлади. Хусусан, ислоҳотларни амалга оширишда БМТ Тараққиёт дастурининг роли катта ва Грузия, Кения, Вьетнам каби давлатлардаги жамоатчилик эшитувларини амалга оширишда ёрдам бериш бўйича тўпланган тажриба Ўзбекистонга ҳам фойдали бўлиши тайин;
  • Конституция мукаммал бўлиши керак. Демократик ва очиқ жамият қуриш жараёнида барқарор ривожланиш, гендер тенглик, адолат, экология, инклюзивлик масалаларига алоҳида ёндашиш зарур;
  • БМТ томонидан қабул қилинган 2030 йилгача бўлган кун тартиби ва глобал Барқарор ривожланиш мақсадлари конституциявий модернизация билан ҳамоханг бўлиб, ушбу жараёнда ҳеч ким эътибордан четда қолмаслиги шарт. Шу маънода, “БМТ оиласи” институтлари Ўзбекистондаги янгиланаётган Конституция 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун қулай шарт-шароит яратишга хизмат қилишига ишонади. Зеро, 2030 йилгача бўлган Барқарор ривожланиш мақсадларини бажаришда ҳуқуқий ва конституциявий асослар яратиш муҳим роль ўйнайди. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси эса ушбу глобал Барқарор ривожланиш мақсадлари билан ҳамоҳангдир;
  • сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширишга ва шу асосда глобал ва миллий Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун фаол ҳаракат қилмоқда. Қонун устуворлиги тамойилига таяниш эса конституциявий ислоҳотларни самарали амалга оширишда ёрдам беришини алоҳида таъкидлаш лозим.

Роли Астхананинг эътироф этишича, “Ўзбекистон демократик ислоҳотларни амалга оширишда ортга қайтмайди”. “Буни Янги Ўзбекистон учун жуда амбициоз Тараққиёт стратегияси қабул қилинганидан ҳам билсак бўлади”, деб таъкидлади БМТнинг мамлакатимиздаги доимий мувофиқлаштирувчиси.

Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан ўз нутқида Европа Иттифоқи, хусусан, “Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев демократик ислоҳотлар масаласига содиқ қолганлигини эътироф этган ҳолда, унинг инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги, ҳар қандай камситишни бартараф қилиш ва фуқаролик жамиятини қуриш борасидаги сиёсатини қўллаб-қувватлаши”ни алоҳида қайд этди. “Бу, шунингдек, ҳокимият ва ҳуқуқ соҳасини модернизациялаш, давлат хизматлари сифатини оширишга қаратилган ислоҳотларга ҳам тааллуқлидир”, деди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси.

Ш.Адриан Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ва турли хил бошқа масалаларга бағишланган конвенциялар, жами 27 та конвенцияни ратификация килганлигига эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, “Ушбу конвенциялар жуда муҳим бўлиб, янгиланаётган Конституцияни самарали бажаришда катта ўринга эга. Конституциявий ислоҳотларни ўтказишда дунё ҳамжамияти тан олган тамойилларга риоя қилиш лозим. Якуний қарор қандай бўлишидан қатъи назар, инсон ҳуқуқлари ва ҳокимият бўлинишига оид тамойиллар сақланиб қолиши керак”.

Элчи конституциявий ислоҳотлардаги очиқлик ва ошкоралик тамойилларининг аҳамияти ўта юқори эканлиги ва Ўзбекистонда ҳам бунга алоҳида эътибор қаратилаётганини ижобий баҳолади. Жамоатчилик эшитувларини уюштиришда кенг жамоатчиликнинг кўплаб вакиллари фаол иштирок этаётганига урғу берди. Унинг фикрича, “мазкур омиллар конституциявий ислоҳотлар ҳар доим самарали бўлиши учун хизмат қилади. Ушбу жараёнга тааллуқли Парламентнинг ички ва ташқи фаолиятида барча манфаатдор аҳоли қатламлари иштирок этишлари лозим”.

Ш.Адриан, Европа Иттифоқининг Ўзбекистон билан ҳамкорлиги жорий йилнинг июль ойида янги босқичга кирганлиги ва “Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим” ҳамкорликни ва ўзаро савдони янада ошириш учун хизмат қилишини таъкидлади. Элчи: “Европа Иттифоқи Ўзбекистонда узоқ истиқболли саъй-ҳаракатлар бажарилаётганини кўряпти ва унинг ижобий натижаларига қатъий ишонади”, деб таъкидлади.

БМТ Болалар жамғармаси – ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги вакили Мунир Мамедзаде ўз маърузасида БМТнинг мамлакатдаги жамоаси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ билан биргаликда гендер тенглик, бола ҳуқуқлари, ЮНИСЕФ фаолияти ва Венеция комиссиясининг 47 та мамлакат конституцияларидан иборат халқаро тажрибасини, ювенал юстиция ва ногиронлар масаласи бўйича жамоатчилик муҳокамалари ўтказилгани ҳақида тўхталди.

М.Мамедзаде Конституцияни янгилашдаги тамойиллар ҳақида сўз юритар экан, зиддиятларнинг олдини олиш, очиқлик ва шаффофлик, шунингдек, инклюзивликни назарда тутган “ҳеч кимни ортда қолдирмаслик” ва барчанинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш каби тамойилларга амал қилинаётганини алоҳида эътироф этди.

ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги вакили бун жараёнда аҳолининг қуйидаги уч заиф қатламига алоҳида эътибор бериш зарурлигини таъкидлади, хусусан:

  • хотин-қизларнинг конституциявий ҳуқуқлари ҳақида сўз юритганда, тенглик, камситмаслик тамойиллари Конституциянинг асосини ташкил қилади. Ушбу тамойиллар БМТнинг Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси ва Пекин ҳаракатлар платформасида тўғридан-тўғри қайд этилган.

Мазкур Конвенция хотин-қизлар ва эркаклар тенглигини кафолатлайди ва ҳар қандай камситишни тақиқлайди. Хотин-қизлар ҳуқуқлари ҳақида гап кетганда, авваламбор, таълим, соғлиқни сақлаш соҳғалари билан боғлиқ ҳуқуқлар назарда тутилишини қайд этиш лозим. Бу борада БМТнинг тегишли қўмитаси давлатларни тенглик учун зарур шарт-шароитларни аниқ белгилашга даъват қилади. Конвенциянинг 5-моддасига биноан, Конституцияларда барча учун меҳнат қилиш, ижтимоий хизматларда фойдаланиш борасида тенг шароитлар яратилиши керак;

  • бола ҳуқуқлари ҳақида фикр юритганда, зўравонлик ва камситишни тақиқлаш, адолат, тенглик каби тамойилларга риоя қилиш зарур. БМТ ҳар бир давлат ўз Конституциясига ушбу тамойилларни киритиши болалар учун қулай шароит яратишга олиб келади, деб ҳисоблайди. Бундан ташқари Болалар омбудсмани фаолиятини самарали йўлга қўйиш ҳам илғор амалиёт сифатида эътироф этилади;
  • БМТ барча давлатларни ногиронлар масаласида ҳукумат ва ногиронлар ўртасида очиқ мулоқот яратишга даъват қилади. Ногиронларнинг таълим, меҳнат ва сиёсий соҳаларга тааллуқли ҳуқуқларини амалга оширишда уларни қўллаб-қувватлайди. Бу жараёнда бюджет дастурлари муҳим роль ўйнайди ва инклюзивлик жамият яратиш учун хизмат қилади.

М.Мамедзаде пировардида қайд этганидек, ЮНИСЕФ Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотларда мазкур масалаларга устуворлик берилганини эътироф қилади ва қўллаб-қувватлайди ҳамда ушбу тажрибани кенг тарғиб этиш лозим, деб билади.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий вакили Ришард Коменда ўз нутқида конституциявий ислоҳотлар жараёнида экспертиза ва консультация чоралари муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлади. Унинг фикрича, Ўзбекистон амалиётида фуқаролик жамияти институтлари сифатида маҳаллий бошқарув органи бўлмиш маҳалла, сиёсий партиялар, жамоат бирлашмалари тушунилади ва улар, албатта, давлат рўйхатидан ўтиб фаолият олиб боришлари лозим.

Аммо муҳими шуки, ислоҳотлар даврида Конституция инсон ҳуқуқларини амалга ошириш учун асосий ҳужжат бўлиб, уни янгилашда барчанинг фикрини эшитиш тапқозо этьилади. Шунинг учун давлат рўйхатидан ўтиш фуқаролик жамияти институтлари учун шарт бўлмаслиги керак.

Р.Коменданинг сўзларига кўра, Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссар Бошқармаси томонидан берилган тавсияларнинг бир қанчаси конституциявий ислоҳотлар жараёнида инобатга олинган. Чунки БМТ Бош котибининг 2020 йил сентябрдаги нутқига асосан БМТнинг асосий мақсади – конституциявий жараёнларда аҳолининг кенг қатламлари, хусусан, заиф қатламларининг ҳам иштирокини таъминлашдир. Ушбу нутқда барчанинг ўз фикрини эркин ифодалашда муҳим бўлмиш инклюзивлик ва жамоатчилик муҳокамаларининг ўрни яққол очиб берилган.

БМТ томонидан 1966 йилда қабул қилинган Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пактнинг 19-моддасида келтирилган эркин ахборот алмашуви жамоатчилик муҳокамаларининг ҳуқуқий асосини ташкил қилади. Эркин ОАВ сиёсий масалаларга оид давлат сиёсатини ҳеч қандай тўсиқсиз изоҳлаши ва жамиятга бу ҳақда маълумот бериши зарур. Мазкур пакт бўйича БМТ Қўмитасининг 25-умумий изоҳида давлат ишларини юритишда ҳар бир фуқаро ўз фикрини эркин ифодалаш ва овоз бериш ҳуқуқига эгалиги қайд этилган.

Ҳукумат жамоатчилик билан маслаҳатлашувларни ўтказишда, тил тўсиқлари, ҳаракат эркинлигидаги чекловлар ва жамоатчиликнинг овоз бериш ҳуқуқига таъсир қилувчи бошқа элементларни бартараф қилиши лозим. Овоз бериш тўғрисидаги маълумотлар ва материаллар озчилик тилларида эълон қилиниши керак, шунда ҳамма овоз бериш учун қандай масалалар борлигини тўлиқ тушунади, деб қайд этди Р.Коменда.

Халқаро конференция иштирокчилари Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар:

  • “Янги Ўзбекистонга – янгиланган Конституция лозим”, деб ҳисоблаётган аҳолининг кенг қатлами ва сайловчилар амри, хоҳиш-иродаси, замон талаби эканлиги, шу маънода, янгиланаётган Конституциянинг асосий муаллифи ва ижодкори том маънода Ўзбекистон халқи, илҳомлантирувчи кучи эса – Ўзбекистон Президенти;
  • “Инсон – давлат ва жамият учун мақсадга эришиш воситаси эмас, аксинча, ана шу мақсаднинг бош мазмуни ва манбаи ҳамда энг олий қадрият бўлиши лозим” деган устувор ғояга аослангани ва мазкур ғояни амалга оширишда жамоатчилик, шунингдек, фуқаролик жамиятининг барча институтлари фаолиятининг сиёсий, ҳуқуқий ва ташкилий шарт-шароитларини такомиллаштириш ва демократлаштиришга қаратилган жадал ва кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани;
  • очиқлик ва ошкоралик, фуқароларни, фуқаролик институтларининг ислоҳотлардаги кенг иштирокини таъминлаш борасидаги умум тан олинган демократик тамойилларга тўлақонли риоя этган ҳолда ўтказилаётганини алоҳида эътироф этдилар ва Конституциявий комиссиянинг бу борадаги фаолиятини юқори баҳоладилар.

Халқаро форум фикрлар хилма-хиллиги таъминланган холда, қизғин муҳокамалар шароитида ўтди. Иштирокчилар томонидан қатор таклифлар ҳам билдирилди.

Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси раиси Ойбек Исоков қуйидаги таклифларни ўртага ташлади:

биринчидан, Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамаси давомида Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси томонидан берилган 26 таклифдан 6 таси инобатга олингани – янгиланаётган Конституциянинг ҳақиқий халқ Конституцияси эканига бир далил бўлади;

иккинчидан, Конституциявий қонун лойиҳасида нафақат “тенг ҳуқуқлилик” балки “имкониятлар тенглиги” тамойили ҳам ўрин олиши зарур бўлиб, ушбу тамойил Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган ногиронлар ҳуқуқларига оид қатор халқаро ҳужжатларда белгилаб қўйилган;

учинчидан, Конституциямиз ва қонунчилигимизда қўлланилаётган “нодавлат нотижорат ташкилоти” атамасини халқаро тажриба ва ҳуқуқ нуқтаи назаридан келиб чиқиб, “ноҳукумат нотижорат ташкилоти”га ўзгартириш зарур. Чунки “нодавлат” атамаси жамоатчилик орасида “давлатдан ташқари”, ҳаттоки “давлатга қарши” деган фикрга олиб келаётгани учун бутун дунё амалиётида ишлатилаётган “ноҳукумат” атамасига ўтиш лозим.

Ўз навбатида, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ходими Умид Ражабов Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамалари даврида аҳоли ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жамоатчилик палатасини тузиш ва фаолиятини йўлга қўйиш борасидаги таклифи қизғин қўллаб-қувватланаётганига эътибор қаратди.

У.Ражабов Конституциявий ислоҳотлар доирасида Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” асарида келтирилганидек, ушбу Жамоатчилик палатасининг мақомини Конституциямизда мустаҳкамлаш таклифини ҳаётга татбиқ этиш зарурлигини таъкидлади. Нега деганда, Жамоатчилик палатаси юртимизда фуқаролик жамияти ривожида жуда муҳим ўрин тутиши даркор.

Ушбу таклиф халқаро конференция иштирокчилари томонидан қўллаб-қувватланди ва конференциянинг Якуний ҳужжутида ўз аксини топди.

Якуний ҳужжатда, аввало, Конституциявий қонуннинг умумхалқ муҳокамаси конституциявий ислоҳотларни ўтказиш борасидаги БМТ тавсиялари, бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг тегишли ҳужжатлари, дунёда замонавий конституциявий ривожланиш тенденциялари, шунингдек, “Халқ – қонунларнинг ягона манбаи ва муаллифидир” устувор тамойилига тўла-тўкис риоя қилинган ҳолда амалга оширилгани таъкидланган.

Шунингдек, Конституциявий қонунни умумхалқ референдуми орқали қабул қилиниши борасидаги таклиф қўллаб-қувватланган. Мазкур референдумни ташкиллаштиришда:

  • референдумда фуқароларнинг ихтиёрий ва эркин иштирок этиши, ўз хоҳиш-иродасини умумий, тенг ва тўғридан-тўғри билдириши асосида яширин овоз бериши учун барча сиёсий-ҳуқуқий ва ташкилий шарт-шароитларни яратиш;
  • ислоҳотлар ва референдум давомида қонун ва ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш, хусусан, жамиятдаги фикрлар ва қарашлар хилма-хиллигини ҳурмат қилиш, жамиятда сўз ва фикр эркинлигига амал қилиш, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдиришларига таъсир кўрсатишга йўл қўймаслик;
  • референдумда фуқаролик жамияти институтлари, халқаро кузатувчиларнинг иштироки, турли тоифадаги сайловчиларнинг инклюзив иштирокини рағбатлантириш каби демократик тамойилларга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги кўрсатилган.

Конференция якунида иштирокчилар Ўзбекистонда сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилганини яна бор таъкидладилар. Буларнинг барчаси, ўз навбатида,  фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этишдек конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш имконини бераётганини эътироф этдилар.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech