20 ноябрь – Бутунжаҳон болалар куни

Инсон ҳаётининг энг муҳим даври болалик ҳисобланади. Ёш авлоднинг баркамол ва етук шахс сифатида шаклланишида таълим ва тарбия, оила ҳамда катта авлод вакилларнинг ўрни муҳим.

Дунё мамлакатларида болаларга алоҳида эътибор қаратиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Шундай экан, болаларга ғамхўрлик қилиш, қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ривожланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш –келажак учун қўйилган мустаҳкам пойдевордир.

Бола ҳуқуқлари инсон ҳуқуқларининг халқаро ҳамжамият диққат марказида турган муҳим йўналишлардан бири сифатида эътироф этилади. Хусусан, БМТ 1954 йилда 14 декабрда бутун дунёда болалар фаровонлигини таъминлаш ҳамда мазкур ташкилотнинг болалар бўйича фаолиятини кенгайтириш ва кучайтириш мақсадида барча мамлакатларга 20 ноябрни – Бутунжаҳон болалар куни сифатида кенг нишонлашни тавсия қилди.

Бу халқаро сана бола ҳуқуқларини ривожлантиришда муҳим босқич ҳисобланади. 1959 йилнинг айнан шу кунида БМТ Бош Ассамблеяси Бола ҳуқуқлари декларациясини, 1989 йилда эса Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни қабул қилгани бежиз эмас.

Бола ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш масаласи Ўзбекистон учун доим устувор мақсадлардан бири бўлган. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг, 1992 йил 9 декабрда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро конвенцияларнинг ичида биринчи бўлиб, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга қўшилгани бунинг яққол намунасидир.

Конвенция қоидаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасига Конвенциянинг бажарилиши тўғрисида доимий равишда ҳисоботлар тақдим этиб боради. Бугунги кунга қадар Ўзбекистон томонидан Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидалари бажарилиши юзасидан БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасига 5 та даврий маъруза тақдим этилди.

2022 йил 29 август – 23 сентябрь кунлари БМТ Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг 91-сессияси бўлиб ўтди. Мазкур сессия давомида, яъни 31 август – 1 сентябрь кунлари Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидалари бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Бешинчи даврий маърузаси кўриб чиқилди.

БМТ Қўмитасининг ушбу сессиясида бола ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, жумладан, боланинг энг яхши манфаатларини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар, болаларга дўстона одил судлов тамойилларини жорий этиш, уларга нисбатан камситишнинг олдини олиш, болаларнинг оилада яшаш ва тарбияланиш, таълим, малакали тиббий ёрдам олиш ҳуқуқларини таъминлаш, болалар меҳнатига барҳам бериш масалалари муҳокама қилинди. Сессия якунида БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Ўзбекистоннинг Бешинчи даврий маърузасини кўриб чиқиш якунлари бўйича ўз мулоҳаза ва таклифларини тақдим қилди.

Аҳолининг 40 фоизини болалар ташкил этган Ўзбекистон учун бола ҳуқуқларини ҳар томонлама таъминлаш устувор аҳамиятга эга. Шунинг учун бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ислоҳотларни мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) лавозими ташкил этилди.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар доирасида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига БМТ Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг “Болалар манфаатлари уларга тегишли барча қарорлар қабул қилиш жараёнида доимо эътиборга олиниши лозим” деган тамойили киритилмоқда.

Бундан ташқари, юртимизда Бутунжаҳон болалар кунига бағишланган тадбирлар ўтказилмоқда. Хусусан, “Zamin” халқаро жамоат фонди ташаббуси билан Бутунжаҳон болалар кунига бағишлаб 2020 йил 19 ноябрда “Болаларнинг таълим олиш ҳуқуқлари: пандемия даврида долзарблик, узлуксизлик ва инновациялар” мавзусида, 2021 йил 19 ноябрда “Ногиронлиги бўлган болалар учун инклюзивликни таъминлаш” мавзусида халқаро форумлар ўтказилди. Жорий йилнинг 17 ноябридаги форум эса “Болаларнинг соғлом атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш” мавзусига бағишланди.

Сўнги йилларда содир бўлаётган иқлим ўзгаришлари инсон ҳуқуқларига, жумладан, бола ҳуқуқларига бевосита ва билвосита таъсир кўрсатмоқда. Ҳарорат, ҳаво, сув сифати ва овқатланишдаги ўзгаришлар болалар саломатлиги, ривожланиши ва фаровонлигига жиддий ва узоқ муддатли таъсир кўрсатиб келмоқда.

Бугунги кунда иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларни хал қилиш нафақат мамлакатлар, балки бутун халқаро ҳамжамият диққат марказидан ўрин олган. Жумладан, БМТ Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг “Иқлим ўзгаришлари шароитида бола ҳуқуқлари ва атроф-муҳит”га оид 26-умумий шарҳи лойиҳасини тайёрлашга киришилган. Қолаверса, Ўзбекистоннинг Бешинчи даврий маърузасини кўриб чиқиш якунлари бўйича Қўмитанинг соғлом атроф-муҳитга нисбатан болалар ҳуқуқини таъминлаш бўйича тавсияларини алоҳида таъкидлаш мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялаш, уларни ҳар жиҳатдан етук, жисмонан соғлом, интеллектуал салоҳиятли, маънан баркамол улғайиши учун халқаро ва миллий миқёсда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Бинобарин, юртимизнинг навқирон эгалари, келажак бунёдкорларига зарур имкониятлар яратиш ҳамда мамлакат тараққиёти ва халқ фаровонлигига самарали ҳисса қўшиш ҳамиша жамият ва давлатнинг биринчи даражали вазифаси бўлиб қолиши лозим.

 

Ҳусниддин Холмаматов,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги  

таҳлил ва тадқиқотлар бўлими бош мутахассиси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech