ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ФРАНЦИЯГА РАСМИЙ ТАШРИФИ МУНОСАБАТЛАРНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ УЧУН КЕНГ ИМКОНИЯТЛАР ЭШИКЛАРИНИ ОЧАДИ

Шу йилнинг 21-22 ноябрь кунлари Президент Шавкат Мирзиёев Франция Президенти Эммануэль Макроннинг таклифига биноан расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди.

Ташриф давомида Париж шахрида олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтди. Шунингдек, давлатимиз рахбари Франция Миллий йиғини рахбарияти билан парламентлараро муносабатларни янада жадаллаштириш масалаларини мухокама этди. Француз тадбиркорлари ва банклари рахбарлари билан мулоқотда уларни Ўзбекистонда бизнес қилишга чақирди. Парижда бўлиб ўтган икки кунлик ташриф давомида мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали хамкорликни янада кенгайтириш, маънавий-маьрифий, маданият, музейлар, савдо-иқтисодий, таълим, ахборот технологиялари йўналишларида шерикликни кенгайтириш бўйича бир катор мухим келишувларга эришилди. Алохида эътибор “яшил иқтисодиёт”, юқори технологиялар ва рақамлаштириш сохаларига қаратилди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Парижда ўтказган самарали музокаралари натижаларига хорижий экспертлар, халқаро таҳлил доиралари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ўз муносабатини билдирмоқда.

Андрис АМЕРИКС,

Европарламентнинг Марказий Осиё билан алоқалар бўйича делегацияси раисининг ўринбосари:

— Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги ёрқин келажакка қаратилган яқин хамкорликни юксак қадрлайман. Ўзбекистон Президентининг Европа Иттифоқи давлатларига хар бир ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар жуда яхши эканини тасдиқлайди.

Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида ишончли ва содиқ иттифоқчи хисобланади.

Ўзбекистон Президентининг Францияга буюрган расмий ташрифи муҳим аҳамиятга эга бўлгани ҳолда истиқболдаги ўзаро ҳамкорлик учун янада кенг имкониятлар эшикларини очади.

Мен Европарламент ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги алоқалар бўйича делегация раисининг ўринбосари сифатида Ўзбекистон ва ЕИ мамлакатлари раҳбарлари ўртасидаги ҳар бир мулоқотни мамнуният билан қабул қиламан ва муносабатларимиз янада ривожланишига чин дилдан ишонаман.

Маҳмуд Ансор БҲАТТИ,

«Islmabad Post» газетаси, «Centreline» журнали ва «Diplomatic News Agency» агентлиги бош муҳаррири (Покистон):

— Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистонда иқтисодиётни ривожлантиришнинг янги ҳаракатлантирувчи кучларини яратиш, саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш, миллий иқтисодиётнинг янги тармоқларини ривожлантириш, ҳудудлараро иқтисодиётни кенгайтиришга қаратилган ислоҳотлар тизимли ва узоқ муддатли асосда амалга оширилмоқда.

Шу мақсадда Ўзбекистон раҳбари фаол ташқи сиёсат йўналишини изчил давом эттирмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида атиги 3 ой ичида бўлиб ўтадиган халқаро тадбирлар рўйхати унинг иш жадвали нақадар тиғиз эканлигини теран тушуниш имконини беради: Хитой ва Эрон раҳбарларининг Ўзбекистонга ташрифлари, ШҲТ саммити, Венгрияга ташриф, МДҲнинг Санкт-Петербургдаги расмий саммити, Остонада МДҲ давлатлари раҳбарларининг учрашуви, Марказий Осиё ва Россия раҳбарларининг учрашуви, Туркманистонга ташриф, давлат раҳбарларининг “Марказий Осиё — Европа Иттифоқи” форматидаги учрашуви, Европа Иттифоқи раҳбарининг Ўзбекистонга ташрифи, ТДТ саммити, шунингдек, ҳамкасблар билан телефон орқали мулоқотлар, хорижий делегациялар билан учрашувлар...

Мазкур ташрифлар ва халқаро форумларнинг муваффақиятли натижалари мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга халқаро ҳамжамият қандай баҳо бераётганидан далолатдир. Ўзбекистон шериклик жуғрофиясини кенгайтириб, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги йўналишларини шакллантирмокда.

Ишончим комилки, Ўзбекистон Президентининг Францияга ташрифи 2018 йилдаги аввалги ташриф чоғида ўрнатилган конструктив мулоқотнинг мантиқий давоми бўлди.

Ўзбекистон учун Франция ҳам Европа Иттифоқи институтлари билан алоқаларни диверсификация қилиш бўйича Европадаги муҳим мамлакат. Шу боис ушбу ташриф Франция билан ҳам, Европа Иттифоқининг бошқа давлатлари билан ҳам қўшма лойиҳаларни амалга ошириш механизмларини сарҳисоб қилиш ва белгилаш имконини беради.

Ўтган йилдан буён Ўзбекистон “GSP+” тизимининг бенефициарига айланди, унинг доирасида алоҳида имтиёзлар тақдим этилади. Ушбу мақомга эга бўлиш нафақат имкониятларни, балки мажбуриятни ҳам англатади — товарлар юқори стандартлар ва Европа Иттифоқи қоидаларига мос келиши керак.

Франция Европа Иттифоқининг саноати ривожланган давлатларидан бири бўлгани ҳолда Ўзбекистонга Европанинг юқори саноат стандартларини жорий этишда, оптимал транспорт-логистика йўлакларини очишда, жумладан, Транскаспий мультимодал йўналишини ривожлантириш орқали товарларни илгари суриш бўйича мақсадли тадбирларни амалга оширишда ёрдам бериши мумкин. Ташриф якунлари мамлакат миллий ишлаб чиқариши, таълим, илм-фан, сайёҳлик ва маданий алмашувлар равнақига ҳам ижобий таъсирини кўрсатади.

“Яшил ривожланиш”, инновациялар ва замонавий технологиялар, миллий иқтисодиётни рақамлаштириш, қишлоқ хўжалигида “ақлли” илмий ечимлардан фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорлик ҳам томонларни қизиқтиради.

Икки давлат раҳбарларининг олий даражадаги мулоқоти Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ўзаро манфаатли шерикликни ривожлантиришга янги суръат бағишлайди.

Жерри МакДОНАХ,

Жанубий Лондон Савдо- саноат палатасининг ижрочи директори (Буюк Британия):

— Буюк Британия ишбилармон доиралари Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий ташаббусларини катта эътибор билан кузатмоқда.

Сўнгги йиллар давомида Ўзбекистон иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан улкан зафарларга эришди, сўнгги йирик халқаро воқеалар шарофати ва муваффақиятининг натижалари ўлароқ, кўп томонлама ҳамкорлик учун чинакам ишончли платформага айланди.

Ўзбекистон Президентининг икки томонлама йўналишдаги фаолияти алоҳида хурматга лойиқ. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Францияга расмий ташрифи бунинг яна бир тасдиғидир. Кун тартибидаги бошқа масалалар қаторида икки давлатнинг экологик тоза технологияларни жорий этиш соҳасидаги бирдамликни фаоллаштириш режаларини, биринчи навбатда, “яшил иқтисодиёт” ва хусусий жабҳа лойиҳаларини амалга оширишни назарда тутувчи 2025 йилгача бўлган 1 миллиард евродан ортиқ қийматга эга қўшма ҳамкорлик дастурини алоҳида таъкидлашни истар эдим.

Нафақат Франция, балки Британия компаниялари учун ҳам эътибор қаратиш лозим бўлган яна бир жиҳат, бу давлат-хусусий шериклик механизмлари асосида хорижий тадбиркорларга таклиф этилаётган инвестиция лойиҳаларидир. Бу механизм Ўзбекистонда бир неча йиллардан буён муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда Британия компаниялари Ўзбекистонда янги бизнес имкониятларини фаол ўрганмоқда. 30 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон — Британия Савдо ва саноат кенгашининг (UBTIC) бўлажак йиғилиши икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга кўтариш учун яхши имконият бўлади.

Тецуджи ТАНАКА,

Марказий Осиё ва Кавказни ўрганиш илмий- тадкикот институтининг директори (Япония):

— Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида олиб борилаётган очиқликни ҳамда прагматизм билан ажралиб турадиган фаол ташқи сиёсатни юксак баҳолайман.

Франция Европа Иттифоқининг етакчи давлатларидан бири, шунингдек, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси бўлиб, бу борада Марказий Осиёда муҳим давлат ҳисобланган Ўзбекистоннинг ушбу давлат билан ҳамкорлиги изчил ривожланиб бормоқда.

Ўзбекистон Президентининг Францияга расмий ташрифи икки томонлама муносабатларнинг кенг қамровли йўналишида самарали ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб беради. Шу нуқтаи назардан, сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, савдо ва сармоявий шерикликни кенгайтириш, маданий-гуманитар алоқаларни чуқурлаштириш бўйича ҳар икки мамлакатда ҳали фойдаланилмаган салоҳият мавжуд эканлигини алоҳида таъкидлашни истар эдим.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон — Франция музокаралари ва олий даражадаги учрашув якунлари икки томонлама сиёсий ҳамда савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга, Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан шериклигини янада фаоллаштиришга ижобий таъсир кўрсатади, деб ўйлайман.

«Дунё» АА.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech