НОГИРОНЛИГИ БЎЛГАН ШАХСЛАР ҲУҚУҚЛАРИНИНГ ҲИМОЯСИ нафақат адолат масаласи, балки жамият тараққиётига киритилган сармоя ҳам ҳисобланади

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 3 декабрь — Халқаро ногиронлар куни муносабати билан Ўзбекистон халқига мурожаат йўллади. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек: “Бугунги кунда мамлакатимизда инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган. Бу жараёнда барча фуқароларимиз каби ногиронлиги бўлган юртдошларимизга эътибор ва амалий ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда”.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотларига кўра, бундан 50 йиллар аввал ер юзи аҳолиси 4 миллиардни ташкил этган, 2022 йил 15 ноябрга келиб аҳоли сони 8 миллиардга етган. Глобаллашув даврида наинки техника-технология тараққиёти, балки аҳолининг ўсиш даражаси ҳам тезлашаяпти. Ногирон ва меҳнатга лаёқатсиз шахсларнинг турмуш тарзини муқобиллаштиришга дунё миқёсида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас, албатта.

Маълумки, БМТ томонидан “1983-1992 йиллар — Халқаро ногиронлар ўн йиллиги, деб белгиланган эди. Мазкур ўн йиллик якунида, яъни 1992 йил 14 октябрида БМТ Бош Ассамблеясининг 37-ялпи мажлисида қабул қилинган резолюцияга мувофиқ, 3 декабрь — Халқаро ногиронлар куни, деб эълон  қилинди. Ушбу сана мамлакатимизда ҳам ҳар йили нишонланиб келинади.

Бугунги кунда тақдир тақозоси билан ногирон, ўзгалар кўмагига муҳтож бўлганлар ер юзи аҳолисининг бир миллиардини ташкил этмоқда. Энг ачинарлиси, шундан юз миллион болалар ўзгалар кўмагига муҳтож. Ўзбекистонда 760 минг 727 нафардан ортиқ ногиронлиги бўлган шахс истиқомат қилса, шундан 100 мингдан ортиғи 16 ёшгача бўлган болалардир.

Президентимиз мурожаатида қайд этилганидек, “Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларга жамият ва давлат томонидан кўмак ва ёрдам бериш, уларни ижтимоий-сиёсий ҳаётга фаол жалб этишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳозирги вақтда ушбу тоифага мансуб фуқароларни қўллаб-қувватлашга ихтисослашган бир қатор тузилмалар, хусусан, Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Ногиронлар ассоциацияси, Кўзи ожизлар жамияти, Карлар жамияти самарали фаолият кўрсатмоқда”.

“Ҳуррият” газетасининг 2022 йил 20 сентябрь сонида эълон қилинган “Янги Ўзбекистон — ҳар бир фуқароси учун ғамхўрлик қиладиган ижтимоий давлат ва адолатли жамиятдир” сарлавҳали суҳбатида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов қуйидаги масалаларга эътиборни қратгани жуда муҳим:

биринчидан, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳимоя қилиш соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири – ногиронлиги бўлган шахсларнинг Конституциямизда кўзда тутилган шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ҳуқуқ ва эркинликларини халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари ҳамда Ўзбекистон қўшилган халқаро шартномаларга мувофиқ ҳолда, бошқа фуқаролар билан тенг равишда таъминлаш ҳисобланади;

иккинчидан, БМТ Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг 2021 йил 7 июнда Ўзбекистон томонидан ратификация қилингани айни соҳада самарали ислоҳотларни давом эттиришнинг ёрқин намунаси бўлди. Бу ҳақда фикр юритганда, албатта, кейинги йилларда шиддатли тус олган амалий ишлар диққатга лойиқ натижалар берганини қайд этиш лозим;

учинчидан, мамлакатимизда 2020 йил 15 октябрда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун эълон қилинди. Қонунда ногиронлиги бўлган шахсларнинг қадр-қимматини, уларнинг мустақиллигини, танлаш эркинлигини ҳурмат қилиш; ногиронлик белгисига кўра камситилишга йўл қўймаслик; инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишдаги имкониятлар тенглиги; ногиронлиги бўлган болаларнинг ривожланаётган қобилиятини ва ўз индивидуаллигини сақлаб қолиш ҳуқуқини ҳурмат қилиш; объектлар ва хизматларнинг қулайлиги; ногиронлиги бўлган шахсларни жамият ва давлатнинг тенг ҳуқуқли аъзоси эканлигини таъминлаш белгиланган.

Давлатимизда аҳолининг кўмакка муҳтож тоифасига алоҳида меҳр кўрсатиш, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишларига имкон ва амалдаги қонунларда белгилангани каби, давлатнинг тенг ҳуқуқли аъзоси эканлигини ҳис қилиб яшашларига шароит яратиш анъанаси бугун ҳам давом этаяпти.

Халқаро ногиронлар кунини нишонлашдан мақсад мамлактимиз истиқболида тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларни бажаришда ногиронларнинг бошқа ногирон бўлмаган кишилар билан тенг ҳуқуқлилик асосида иштирок этишини, ногиронларнинг манфаатлари, ҳуқуқлари инобатга олинишини таъминлаш орқали обод ва нурафшон жамият қуришдан иборатдир.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти сайтида эълон қилинган мақолада: “Ногиронлик инклюзияси инсон ҳуқуқини, барқарор ривожланиш, тинчлик ва хавфсизликни таъминлашнинг муҳим шартларидан биридир. Ушбу масалада 2030 йилга қадар Барқарор ривожланиш кун тартиби белгиланган. Ногиронлар ҳуқуқини рўёбга чиқариш ҳаракати нафақат адолат масаласи, балки жамият тараққиётига киритилган сармоядир”, дейилади.

Халқимиз меҳр-оқибатли. Кўмакка муҳтож инсонларга ёрдам қўлини чўзиш миллий урф-одатларимиздан саналади. Ориятни, оқибатни барча нарсадан устун қўйгани боис миллатимиз шаъни халқаро миқёсда юксалмоқда. Айтиш мумкинки, меҳр-оқибат инсонийлик кўзгусидир.

Жамиятда ногиронлиги бўлган шахслар дуч келадиган муаммоларни бартараф этиш, уларнинг қадр-қиммати, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, турмуш шароитларини яхшилаш давлатимизнинг бош мақсадларидан бирига айланган. Бинобарин, ногиронлиги бор инсонларнинг соғлигида муаммоси борлиги сабабли имкониятлари бир қадар чекланган, моддий шароити, турмуш даражаси ҳам қониқарли эмас. Албатта, узрли шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш жамиятнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётида мақсадли юксалишларга эришишда алоҳида аҳамият касб этади.

Шу маънода, давлатимиз раҳбари ўз мурожаатида: “Бундан буён бино ва иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш, жамоат транспорти, ахборот ва алоқа воситаларини ишлаб чиқаришда ногиронлиги бўлган шахсларнинг улардан ҳеч бир монеликсиз фойдалана олишига бирламчи аҳамият қаратилади”, деб уқтирганлари бежиз эмас.

Фикр юритаётган инсон – тафаккурга эга инсон. Энг муҳими, у фикрини сўзда ифода этиши билан яратилган бошқа маҳлуқотлардан устун туради. Яхши сўз, яхши амал ҳар бир шахснинг қалбига келажакка ишонч, ёруғ кунлар туйғусини бахш этади. Яшаш учун курашга ундайди. Халқимиз ўзгаларга эзгулик улашиш иштиёқида ҳаёт кечиради, атрофидаги одамларга меҳр-саховат кўрсатишдан чарчамайди.

Юртбошимиз ногиронлиги бўлган юртдошларимизга қарата айтганларидек: “сизлар ўзларингизни ёлғиз ҳис этмаслигингиз, зарур билим ва касб-ҳунарларни эгаллаб, барча соҳа ва тармоқларда фаол иштирок этишингиз, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишингиз, маданий эҳтиёжларингизни таъминлашингиз учун бор куч ва имкониятларни сафарбар этамиз”.

 

Юсуф ЖЎРАЕВ,

журналист

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech