Муҳташам Евроосиё макони адабиётининг йирик намояндаси

12 ДЕКАБРЬ — ЧИНГИЗ АЙТМАТОВ

ТАВАЛЛУД ТОПГАН КУН

“Юртимизда Чингиз Айтматов ҳаёти ва ижодини ҳар томонлама чуқур ўрганиш масаласи ҳам адабиётшунос олимларимизнинг доимий диққат марказида бўлиб келмоқда. Ўтган давр мобайнида бу борада жиддий илмий изланишлар олиб борилгани, йирик монография ва тадқиқотлар эълон қилингани Ўзбекистонда ўзига хос “айтматовшунослик мактаби” шаклланганидан далолат беради”.

  

Шавкат МИРЗИЁЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

 

ХХ асрнинг энг буюк донишмандларидан бири, бетакрор адиб, жамоат ва давлат арбоби, дипломат Чингиз Айтматовга бағишланган ёднома китобим нашр арафасида турибди. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил 2 апрелда қабул қилинган “Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорида таъкидланганидек, “Чингиз Айтматов нафақат қирғиз эли, айни пайтда, бутун туркий мамлакатлар, жумладан, ўзбек халқи учун ҳам азиз ва қадрли сиймо, Ўзбекистоннинг улкан дўсти эди”.

Биз Чингиз Тўрақулович билан 1995 йилда танишган бўлсак, ўша пайтдан бери қарийб 15 йил давомида қандайдир латиф – оға-инилар, дўстлар, қавмдошлар, ҳатто ўзаро фикрдошлар каби яқин ва самимий муносабатлар билан боғланган эдик. Мен демоқчиманки, бу буюк шахсни узоқ вақт давомида кузатар эканман, адиб ҳақида бугунги хотираларимни ёзиш учун етарли материаллар тўплай олдим.

Китобимда адибнинг ниҳоятда бой ва хилма-хил ижодий мероси ҳамда дипломатлик фаолияти ҳақида сўз боради. У асосан кўп йиллар давомида Чингиз Айтматов асарларидан ҳамда Тошкентда ва Москвада, Парижда ва Брюсселда, Сочида атоқли ёзувчи билан бўлиб ўтган қанчадан-қанча дилкаш суҳбатларимиз таассуротларига бағишланган.

Қадрли муштарий!  Келинг, авваламбор, Чингиз Айтматов қаламига мансуб – адабиёт оламида ва ижтимоий-сиёсий ҳаётда воқеа бўлган бир неча асарларнинг номларини эслайлик: “Жамила” (1958), “Сарвқомат дилбарим” (1961), “Биринчи муаллим” (1962), “Алвидо, Гулсари” (1966), “Момо ер”, “Оқ кема” (1970), “Асрга татигулик кун” (1980), “Қиёмат” (1986), “Кассандра тамғаси” (1996), “Бир Баҳоий билан учрашув” (Чингиз Айтматовнинг Файзуллоҳ Номдор билан суҳбати, 1998), “Тоғлар қулаганда”, (“Мангу қайлиқ, (2006).

Ч.Айтматовнинг ҳар битта асари жаҳон миқёсида воқеа бўлар эди. Китобхонлар улуғ адибнинг асарларини адолат, ҳақиқатни кутгандек, узоқ қилинган мулоҳазаларнинг натижаси, кўзни очувчи янгилик, дил розидек кутарди.

Ч.Айтматовнинг асарлари ҳозирги замон зиёлилари учун, инглиз тилида «must геаd» деб номланувчи, яъни “албатта ўқилиши лозим бўлган” интеллектуал асарлар сирасига киради. У ижтимоий-сиёсий масалалар, шунингдек, замоннинг глобал муаммолари ҳақида, зиёлилар тушунадиган тилда ёзар эди, чунки собиқ Иттифоқ даврида бу масалалар қаттиқ назорат қилинар, маълумот ёпиқлиги сабабли, уларни ўзгача бир йўсинда тақдим этиб ҳам бўлмасди.

Ч.Айтматовнинг қисса ва романларини жинси, ёши, миллати, ижтимоий келиб чиқиши ва ҳатто бадиий дидидан қатъи назар, деярли ҳамма иштиёқ билан берилиб ўқийди. Асарларидаги қалбни жунбушга келтирадиган лиризм ҳаммани ўзига жалб этади, ҳаммани бирлаштиради.

Ч.Айтматов 1928 йили Қирғизистондаги Талас вилоятининг Шакар қишлоғида биринчилардан бўлган қирғиз коммунисти оиласида таваллуд топган. Унинг отаси – Тўрақул Айтматов коммунистик партиянинг раҳбар лавозимларида ишлаган, 1937 йилда қатағон қилиниб, 1938 йилда отишга ҳукм этилган. Чингизнинг ҳақиқий бешафқат ҳаёт билан рўбарў келиши ана ўша йилга тўғри келди. Унинг меҳнат фаолияти 9 ёшида бошланди, 14 ёшида овул кенгашида котиб бўлиб ишлади, зеро бу давр Иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келгани учун, катта ёшдаги эркакларнинг ҳаммаси фронтда эди.

Саккизинчи синфни тугатиб, у Жамбул зоотехникумига ўқишга киради, уни аъло баҳолар билан тугатгач, 1948 йилда Фрунзе (ҳозирги Бишкек) шаҳридаги қишлоқ хўжалик институтига кириш имтиҳонларисиз ўқишга қабул қилинади ва олий таълим даргоҳини 1953 йилда тугатади. Талабалик йилларида у кичик хабарлар, мақола, очерклар ёзиб, қирғиз тилидаги газеталарда чоп эттиради. Хусусан, 1952 йилда унинг “Газетачи Дзюдо” ҳикояси рус тилида эълон қилинган. Институтни тугатгач, уч йил мобайнида Чорвачилик илмий-текшириш институтида ишлайди, айни пайтда ижод қилиш ва ҳикояларини чоп эттиришдан ҳам тўхтамайди.

У 1956 йилда СССР Ёзувчилар уюшмаси ҳузуридаги Олий адабиёт курсида ўқиш учун Москвага келади ва уни 1958 йилда тугатади. Адабиёт курсини тугатиш арафасида унинг қирғиз тилидан русчага таржима қилинган “Юзма-юз” ҳикояси “Октябрь” журналида чоп этилади. Шу йилнинг ўзида ҳикоялари ҳамда унинг номини дунёга машҳур қилган “Жамила” қиссаси “Новый мир” журналида эълон қилинади. “Жамила” қиссаси қирғиз аёлининг шахсий бахт ва ижтимоий фаолиятга эгалик ҳуқуқи ҳақида бўлиб, асар тез орада дунёнинг бошқа кўпгина тилларига таржима этилди.

Адибнинг “Тоғ ва дашт қиссалари” тўпламига кирган “Сарвқомат дилбарим” (1961), “Биринчи муаллим” (1962) қиссалари ҳам оддий қишлоқ аҳли ҳаётидаги мураккаб руҳий ва ижтимоий қарама-қаршиликлар, турмуш билан боғлиқ манфаатлар тўқнашуви ҳақидадир. Ч.Айтматов 1965 йилгача асосан қирғиз тилида ёзган.

Қирғизистонга қайтгач, у “Литературный Кыргизстан” газетасининг муҳаррири, 1960-1965 йилларда “Правда” газетасининг Қирғизистондаги махсус мухбири бўлиб ишлади. Ч.Айтматов 1960-1986 йилларда Қирғизистон кинематографлари уюшмасига раислик қилди. У “Биринчи муаллим” (1965), “Йўрғанинг чопиши” (1968), “Мен Тиён Шонман” (1972), “Муҳаббат садоси” (1974), “Оқ кема” (1975), “Денгиз бўйлаб чопаётган олапар” (1990) фильмлари сценарийсини ёзган.

Ёзувчининг доимий диққат марказида инсон билан жамият ўртасидаги муносабат масалалари турган. Айтматовнинг қаҳрамонлари давримизнинг маънавий кучли, мурувватли, фаол кишиларидир. У жаҳонга новатор ёзувчи, психологик портрет устаси сифатида танилди.

Ч.Айтматов 1988-1990 йилларда “Иностранная литература” журналининг бош муҳаррири лавозимида хизмат қилди, 1986-1990 йилларда собиқ СССРнинг биринчи Президенти М.С.Горбачёвнинг Давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлади.

Ч.Айтматов 18 йил давомида дипломат лавозимида ҳам муносиб ютуқларга эришди. У 1990-1993 йилларда Люксембургда Россиянинг, Бени-люкс давлатларида собиқ Иттифоқнинг элчиси бўлиб хизмат қилди. 2008 йилнинг март ойига қадар, ўн беш йил давомида Қирғизистоннинг Бельгия, Люксембург, Нидерландия, Франция давлатларидаги элчиси, шунингдек ЮНЕСКО, Европа Иттифоқи ва НАТО ташкилотлари ҳузуридаги вакили сифатида иш олиб борди.

Шу даврда ҳам Ч.Айтматов ўзининг ижодий фаоиятини изчил давом эттирди. Хусусан, унинг “Кассандра тамғаси” романи 1994 йилда, “Тоғлар қулаганда” (“Мангу қайлиқ”) номли сўнгги романи 2006 йилда нашрдан чиқди.

Ч.Айтматовнинг адиб, элчи, жамоат арбоби сифатида салоҳияти ва хизматлари бутун дунёда тан олинди: у — Социалистик Меҳнат Қаҳрамони (1978 йили), Қирғизистон Республикаси Қаҳрамони (1997), адабиёт бўйича Ленин мукофоти лауреати (1963), СССР Давлат мукофоти лауреати (уч марта – 1968, 1977, 1983 йилларда), Виктор Гюго номидаги халқаро маданият мукофоти (Франция), “Этрурия” адабиёт мукофоти (Италия), Адабиёт ва санъат соҳасидаги мукофот (Австрия), Жавоҳарлаъл Неру номидаги халқаро мукофот (Ҳиндистон), Ўрта Ер денгизи маданий ташаббуслар маркази таъсис этган халқаро мукофоти (Италия), Америка диний экумен фондининг “Виждонга чорлов” мукофоти, Ф.Рюккарт номидаги Бавария мукофоти (Германия), А.Мень номидаги ва бошқа кўплаб миллий ҳамда халқаро мукофотлар соҳиби бўлди.

Ч.Айтматов “Жаҳон фани, адабиёти ва санъатида эришган буюк ютуқлари” учун Альберт Эйнштейн номидаги катта Олтин медаль, Токио Шарқ фалсафаси институтининг “Ер юзида тинчлик ва тараққиёт барқ уришига, маданият ва санъат ривожланишига қўшган буюк хизматлари учун” фахрий медали, туркий мамлакатлар маданияти ривожига қўшган ҳиссаси учун Туркия ҳукуматининг Олий мукофоти, Ўзбекистон, Венгрия, Польша, Россия сингари бир қатор давлатларнинг орден ва медаллари билан тақдирланди.

Ч.Айтматов 2008 йилнинг 10 июнида Германиянинг Нюренберг шаҳридаги клиникада муолажа олаётганида оламдан ўтди ва 14 июнда Бишкек шаҳри яқинидаги «Ота-Бейит» тарихий-мемориал мажмуасида дафн этилди.

Ўша айрилиқ санасига ҳам 10 йил тўлибди.Севимли адибимиз гўёки ўлмагандек, ҳали ҳам орамизда юргандек. Зотан, унинг асарлари, эзгу ишлари барҳаётлигини таъминлаб келмоқда.

Ўша олис гурунгларимизда Чингиз оғанинг ўзи сўзлаб берганидек, бўлғуси адиб бувисининг қўлида тарбия топди, унинг ҳаёт ҳақидаги илк таассуротлари қирғиз халқининг миллий турмуш тарзи билан боғлиқ ҳолда кечди. У шундай бир муҳитда яшадики, у ерда эртаклар, ривоят, афсона ва асотирлар оғиздан-оғизга ўтиб юрарди. Айтматовлар оиласида қирғиз ҳамда рус тилларида тенг гаплашар эдилар, бу унинг ижодий фаолиятида икки тиллиликни белгилаб берди. Оила таъсирида Ч.Айтматов болалигидан рус тили ва адабиёти, рус маданияти билан жуда яқиндан танишди.

У умри давомида жуда кўп адолатсизликларга ҳам учради. Унинг ҳаётидаги биринчи адолатсизлик — отасининг қатағон этилиши эди. Ёш бўлишига қарамай, у қатағон туфайли қандайдир мудҳиш воқеа содир бўлганини тушуниб етди ва бирон-бир нарсани ўзгартиришга ожизлигидан азоб чекди. Инсон қалбида ҳамиша адолатга яширин бир интилиш мавжуд бўлар экан. Афтидан, “мана шунга чидаб берилса, кейин ҳаммаси изга тушиб, бошқача бўлади”, деган умидвор фикр ёш Чингизни ҳам тарк этмади.

“Жамила” қиссасидан сўнг адибнинг иккинчи қиссаси – “Сарвқомат дилбарим” дунёга келди, у ҳам ўзининг ҳаётийлиги ва ҳаққонийлиги, истеъдод қуввати жиҳатидан аввалги асаридан қолишмайди. Асар Айтматовнинг носир сифатидаги имкониятларини янада кенг намойиш этди. Асарнинг мазмундорлиги, фабулага ишлов берилиши, характерлар тавсифи ёш ёзувчининг ишонч билан куч тўплаётганидан, ўзига хос қудратли овозидан дарак берди.

Ч.Айтматовнинг рус тилида ёзилган биринчи асари 1965 йилги “Алвидо, Гулсари!” қиссасидир. Асар бош қаҳрамони – қирғиз деҳқони Танабойнинг тақдири “қишлоқ прозаси”нинг энг яхши қаҳрамонлари тақдирига айнан ўхшаш, яъни типикдир.

Ўша вақтдан буён Ч.Айтматов асарларини ўқимаслик дунё бўйича адабиётдан бехабарлик сифатида баҳолаб келинади. Ҳолбуки, номи бутун дунё танилганида, Ч.Айтматов ҳали қирқ ёшга ҳам тўлмаган эди.

1970 йилда унинг яна бир машҳур асари “Оқ кема” дунёга келди ва қирғиз кинематографининг пешқадам режиссёри Бўлат Шамшиев томонидан шу номдаги бадиий фильм суратга олинди. Мазкур фильм Ч.Айтматов асарлари асосида суратга олинган фильмлар ичида энг муваффақиятлиларидан биридир.

“Оқ кема” асарида ёвузликка тўқнаш келган ва балиққа айланган қирғиз болакайининг аянчли тақдири жуда жозибадор тасвирланган. Болакай ёлгиз. Қадимги ривоятлар билимдони, кексайиб қолган буваси Мўмин унга ота-онаси ўрнида. Болакай бобосидан эшитган ривоят ва афсоналар моҳиятини ич-ичидан туйган, воқеликни гўзал эртакдек қабул қилган таассуротлари билан катталарнинг шафқатсиз дунёсига дуч келади. Ҳар қандай ривоят каби, “Оқ кема” асари ҳам китобхон ва томошабинларга руҳий-маънавий ва эстетик сабоқ беради.

Шу тариқа ХХ асрнинг 70-йилларидаёқ Ч.Айтматов жаҳон адабиётида бадиият рамзига, янада аниқроқ айтганда, адабий йўлбошчига айланди. Унинг қисса ва ҳикоялари асосида саҳналаштирилган томошалар кўпчилик дунё театрлари саҳналаридан ўрин олди. Москвадаги “Большой театр” репертуаридан унинг “Сарвқомат дилбарим” қиссаси асосида яратилган “Асал” балети мустаҳкам жой эгаллади.

Адибнинг биринчи романи — “Асрга татигулик кун” 1980 йилда дунё юзини кўрди. Бу — Айтматовга хос улуғ фалсафий роман эди.

Ч.Айтматов асарларини оддий, жонли, ўзига хос бир тилда ёзганки, уларни берилиб, бутун борлиқни унутиб ўқийсиз, асар қаҳрамонлари билан бирга қайғурасиз. У қирғиз халқи маданиятини, турмуш тарзини жуда мукаммал тасвирлайди, нигоҳини ҳаётнинг ички, соф, меҳрли, самимий қатларига қаратади. Шу боис Айтматов асарларини ўқиш мароқлидир.

Чингиз оға ҳаётни қандай бўлса шундайлигича, ҳаққоний тасвирлади. Оддий одамлар ҳаёти, уларнинг урушга бўлган муносабати ҳақида ёзди. Унинг асарлари шу қадар ҳикматга бойки, мухлисни сеҳрлаб қўяди. Ўқиганимизда ҳар гал ўзимизни у тасвирлаган шамоллар оғушида учиб юргандек, у тасаввуримизда яратган ғаройиб олам ичра кезгандек ҳис этамиз.

Чингиз Айтматов асарлари матни ўзининг мазмундорлиги, метафорага бойлиги, инсонларга ҳамдардлиги билан ажралиб туради. Шуни таъкидлаш жоизки, Ч.Айтматов адабиёт учун энг қийин кечган даврларда ҳам ҳамиша ҳалоллигича қолди, виждонини сотмади ва зиёлилар учун ибрат мактаби бўлди, унинг ижоди “тоталитаризмга мухолифат” сифатида танилди.

ЮНЕСКО нашрларида адиб асарларининг жаҳоншумул муваффақияти, унинг бутун дунёда тан олиниши билан боғлиқ қуйидаги хабарлар эълон қилинган: XXI аср бўсағасида Ч.Айтматовнинг асарлари 168 та мамлакатда, 165 та давлат тилида, 67,2 миллион нусхада, 830 марта нашр этилган. Бу рақамлар, албатта, кундан-кун ортиб бормоқда. Адибнинг кўплаб асарлари асосида фильмлар яратилди, улар ҳозир ҳам қизиқиш билан томоша қилинади.

Ч.Айтматов таваллудига 70 йил тўлиши санаси ЮНЕСКО ташаббуси билан бутун инсониятнинг маданий-маънавий ҳаётидаги улкан воқеа сифатида нишонланди. Адибнинг таваллуди муносабати билан ўтказилган тадбирларда унинг жаҳон адабиёти, маданияти ва санъатига қўшган ҳиссаси эътироф этилди. Шу билан бирга, Чингиз оғанинг жаҳон халқлари учун ўта зарур бўлган дунё тинчлигини сақлаш, барқарорликни таъминлаш борасида кўрсатган хизматлари ҳам алоҳида таъкидланди.

Адибнинг асарлари инсоният цивилизациясини мифологик англашни бошлаб берган XX аср тарих солномасидан мустаҳкам ўрин олди. Бу борада у ижодиёти жаҳоний миқёсида аҳамиятга эга бўлган Томас Манн, Франц Кафка, Альбер Камю, Хулио Кортасар каби атоқли адиблар сафидан жой эгаллади. Чингиз Айтматовни “қирғизларнинг Толстойи”, “қирғгизларнинг Гарсиа Маркеси” деб ҳам аташади.

“Ақл-идрок тараққиёти маърифат оламини остин-устун қилиб ўзгартириб юборганидан саросимага тушмаслик керак, балки бу эврилишлар билан муроса қила олишимиз лозим. Бу фикрга кўникиш керак. Саросима ўтиб кетади. Бутун бир маданиятни ўзгартирмоқ керак”, — деб ёзган эди Альбер Камю. Дарҳақиқат, маданият кўз ўнгимизда ўзгармоқда, фақат биз буни сезмаётган бўлишимиз мумкин. Нимага ҳайрон бўлайлик, ахир, Николай Коперник ва Галилео Галилейнинг китоблари ҳам уч асрдан зиёд вақт тақиқланиб, бўғилиб ётди-ку!

Ч.Айтматов дунё миқёсида романга хос янгича тафаккурнинг шаклланишига эътибор билан қаради. Бунда асосан дунё ҳалокатини ҳис қилиш, ВАҚТ, ИНСОН, ТАБИАТ ўртасидаги учлик муносабатлари ўта муҳим эди. “Ч.Айтматов ижоди ўзида Шарқ ва Ғарбнинг бадиий ва интеллектуал бирлиги (синтези)ни ташиди”.

Ч.Айтматовнинг ҳажм жиҳатдан энг катта китоби бўлмиш “Қиёмат” 1986 йилда нашрдан чиқди. Мухлислар китобни қўлдан қўймай ўқидилар. “Қиёмат” асарида адиб ўз даврида овоз чиқариб айтиш мумкин бўлмаган мавзуларни кўтарди, у Яратганга ишонч, демакки имон хусусида, наркотик моддалар, одамзотга хос бўлган ақл бовар қилмас шафқатсизликлар – имонсизлик ҳақида фикр юритди.

Миф — Ч.Айтматов ижодининг ажралмас бир қисми. Миф, ривоят ва афсоналар асар матни таркибида ҳозирги воқелик билан тенг мақомда туради. Бу  — Айтматов танлаган бадиий усул. У табиатан шундай эди, ўтмишдан сақланиб қолган сеҳр ва фалсафага китобхонларни жалб этишга ташна эди. Зеро, мифлар — аждодларимизнинг бизга йўллаган номаларидир. Таъбир жоиз бўлса, шуни айтиш лозимки, Ч.Айтматов асарларида мусиқа, миф ва афсона уйғунлиги мавжуд. Ч.Айтматов асарларидаги бадиий оҳангдошлик сири, сеҳри шунда.

“Асрга татигулик кун” романи адиб ижодида сайёравий тафаккур томон бурилиш ясади. Бу асар инсондаги танлаш имкониятларини излаш, топиш, азалий ҳақиқат мавзусига қайтиш, маданиятдаги ўзгаришларни идрок қилиш йўлларини белгилаб берди.

Романнинг асосий қаҳрамони — кичик темир йўл станциясида ишлайдиган оддий қозоқ Едигей. Едигей ва унинг атрофидаги инсонлар тақдири, урушдан аввалги қатағонлар, Иккинчи жаҳон уруши, ундан кейинги оғир меҳнат фронти, одамлар яшайдиган жой яқинида қурилган атом қуролини синаш майдонлари, худди томчида қуёш акс этгандек, мамлакат тақдирига вобаста ифода этилган. Ч.Айтматовнинг қиссаларида бўлгани каби, “Асрга татигулик кун” романида ҳам туя образи, шунингдек Найман Она ва унинг ўғли — ёвуз ниятли кимсалар қилмиши сабабли манқуртга айланган, авлод-аждодини хотирасидан ўчирган, бефаҳм ва қаҳри қаттиқ бир қаттол – Жўломон ҳақидаги афсона муҳим жой эгаллайди.

“Асрга татигулик кун” романи ҳам бутун дунёда шуҳрат қозонди. “Манқурт” тушунчаси инсон қийматини белгиловчи тамға, борлиқ билан муносабатни узган, енгиб бўлмас қийинчиликлар комида қолган одамнинг ўзига хос рамзи бўлиб қолди.

Менинг: “Нима деб ўйлайсиз, бизнинг ўта мураккаб замонда, айнан манқуртлар — робот-одамлар, бошқалар томонидан мажбуран битта мақсадга йўналтирилган одамлар инсониятнинг келажагини белгилаши мумкинми?”, — деб берган саволимга Ч.Айтматов шундай жавоб берган эди: “Ҳамма даврларда ҳам бундай хавф бўлган — манқуртлар инсоният тараққиётига салбий таъсир кўрсатган. Бу хавф ҳозир ҳам бор. Эндиликда инсоният жамияти жуда мўртлашиб қолди. Глобаллашув даврида, ҳар томонлама билимга эга бўлишга ҳаракат қилинаётган бир пайтда миллий маданиятлар кўп ҳолларда ўзлигини йўқотади ва бу албатта манқуртликка олиб келади. Барча миллий маданиятлар биргаликда олинганда ягона тоталитар оммавий маданият қалпоғи остига тушиб қолиши ҳам мумкин. Ҳар қалай, мен демократик тамойиллар бизни тараққиёт томон етаклаши ва даҳшатли воқеаларнинг кучайишига йўл қўйилмаслигига умид қиламан”.

Ч.Айтматов ижодининг марказида инсон ва жамият муаммоси туради. “Оқ кема” асарида у турмуш билан боғлиқ муҳим масалаларни кўтариб чикди. У Табиатни ер юзидаги барча тирикликнинг онаси эканлигини, Табиатга қарши чиқиш, унга нисбатан қилинган жиноят бутун инсониятни ҳалокатга олиб келиши мумкинлигини барчага маълум қилди, бу ҳақда бонг урди. “Инсоният табиат экологиясидан қалб экологиясига ўтишга ҳаракат қилиши лозим. Бугунги замонда дин ҳам ўз қобиғида биқиниб қолмаслиги, ахборотни ривожлантириш соҳасида олдинга қадам ташлаши керак”, деган эди Чингиз оға.

“Кассандра тамғаси” романини ёзганидан кейин унга космополит-ёзувчи сифатида қарашганини у гоҳ кулиб, гоҳ афсус билан эсларди.

Шуни ҳам унутмаслик керакки, дунёдаги глобал жараён миллий ўзликни белгилаш, ўзини ўзи англаш, ўзини идентификациялаш билан диалектик жиҳатдан боғлиқдир. Булар бирини-биридан ажратиб бўлмайдиган категориялардир. Уларнинг мунозараси бугунги кунда тарихни ҳаракатга келтирувчи кучга айланди.

Биз ўлим муқаррар эканлигини биламиз. Бироқ бутун инсоният ҳалокатга маҳкум бўлиши мумкинлигини XX асрдагина англаб етдик. Айнан мана шу туйғу — “инсон азоб чекишининг умумий мувозанати” (Ч.Айтматов) инсонни Исо Масиҳ ва Понтий Пилат мунозарасини қайта идрок қилишга мажбур этди. Ривоят янгича талқин қилинганини кўпчилик аввал сезмади. “Қиёмат” асаридаги Авдийнинг кўрганлари билан Гефсиман боғида Христоснинг кўрганлари бир-бирига ўхшаш – оламшумул, умумҳалокатни ҳис қилишига асосланган. Замин харобага айланган, биронта тирик жон йўқ. “Наҳотки шафқатсиз дунё инсонни ҳам, худди чаён ўзини ўзи ўлдиргани каби, ўзини ўзи маҳв этишга мажбурласа?!”.

Ч.Айтматов ижодий тафаккури ва бадиий даҳосининг ўзига хос томони шундаки, у бирон-бир асарида, адиб хоҳ “Оқ кема”, хоҳ “Асрга татигулик кун” ё кейинги асарлари бўлсин, ўзининг она юртини тасвирлаш билангина чекланиб қолмайди. У қандай мавзу ё масалани кўтармасин, нимани тасвирламасин, ҳақиқий санъаткор ва файласуф сифатида ҳамиша ўзининг мулоҳазалари ва яратган асарларида уларни умуминсоний манфаат ва муаммо даражасида англашга ҳаракат қилади. Шу боис Ч.Айтматов миллий қобиқни ёриб чиқиб, жаҳоний миқёсга юксалди. Унинг чуқур умумлашмалар ва мулоҳазаларга бой асарлари америкаликка ҳам, олмонга ҳам, япон ва поляк, қозоқ ва рус китобхонига ҳам бир хил куч ва қудрат билан таъсир кўрсатади.

Ч.Айтматовнинг 75 йиллиги муносабати билан Москвадаги «Воскресенье» нашриёти ўзбек тадқиқотчилари томонидан тайёрланган, адибнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган “Чингиз Айтматовнинг маҳобатли кемаси” номли тўпламни чоп этди. Ҳажм жиҳатдан салобатли бу тўпламдан адибнинг ҳаёти ва ижоди ҳақидаги илмий тадқиқотлар, адибнинг эстетик-фалсафий қарашларини, кўп қиррали адабий қобилиятини ёритувчи материаллар, шунингдек, XX аср адабиётида адибнинг роли ва ижодининг умуминсоний аҳамиятини белгиловчи адабий мақолалар ўрин олган.

Тўплам кўп сонли библиографик материаллар, ҳужжатлар, суратлар, турли тадқиқотларни ўзида жамлаган. Замонамизнинг кўзга кўринган, йирик адиби номи билан боғлиқ билимлар энциклопедиясини ифодаловчи мазкур тўпламнинг нуфузини ортиқча баҳоламаяпмиз. Унинг саҳифаларидан Луи Арагон, Дайсаку Икэда, Дмитрий Шостакович, Федерико Майор, Александр Кинг номлари ўрин олган. Китобнинг қиммати, албатта, унинг саҳифаларидан ўрин олган шахсан Ч.Айтматовнинг публицистик ва насрий мулоҳазалари билан ўлчанади.

Тўпламга “Асрга татигулик кун” романининг таркибий қисми бўлган “Чингизхоннинг оқ булути” қиссаси, шунинингдек, “Худога қайта юкланган вазифа...” новелласи ҳам киритилган. “Ўлдир – ўлдирма...” ҳикоясининг ҳам аҳамияти катта. Бу асарларда кўтарилган муаммолар – ҳақиқатдан ҳам борлиқнинг буюк саволлари бўлиб, инсон бу саволларга азалдан жавоб излайди.

Аслида, дин, эътиқод, ҳар нарсага қодир идрокни қайта баҳолаш — булар Ч.Айтматов публицистикасида янги мавзулар эмас. Айниқса, адиб “Қиёмат” асарида бу мавзуларга бевосита ёндашади. Йиллар ўтган сайин адибнинг метафизика оламига бўлган қизиқиши тобора ортиб борган, асарлари эса янги замоннинг янада кескин ва жиддий фикрловчи киши- сини изтиробга қўйишда давом этган. Моҳиятан, кўп йиллар давомида Ч.Айтматов асарларининг ягона, бош мавзуси — тинчлик мавзуси эди, у “Ҳеч кимни ўлдирма!” деган диний ақидага қандайдир умумий ва фунда- ментал маъно юклаш учун бутун инсониятнинг асосий кучини бир жойга тўплашга уринди. Иккинчи жаҳон урушининг 60 йиллиги арафасида чоп этилган “Ўлдир – ўлдирма...” ҳикояси, маълум маънода, бу мавзуни ривожлантиришнинг энг юксак нуқтаси бўлди.

Ч.Айтматовнинг каминага сўзлаб берганларига кўра, 2006 йилда у Германиянинг еттита шаҳри бўйлаб саёҳат қилган, турли давраларда учрашувлар ўтказган, маърузалар ирод этган, ҳатто ўзининг халқпарварлиги билан адибни лол қолдирган ибодатхоналарга ҳам кирган. Ч.Айтматовни немис китобхонлари айниқса ҳайрон қолдирган. Унинг айтишича, “немислар мени шу қадар эътибор билан тинглардики, худди барча ёзганларим уларга тегишлидек”. Эҳтимол, бу каби муносабатлар замини ва уларда эътиборнинг уйғониши — немисларнинг XX аср ўрталарида, Иккинчи жаҳон урушидан чиқарган сабоқлари билан боғлиқдир?!

Инсон ўз наслини сақлаб қолиш учун узоқ асрлардан бери давом этиб келаётган одамкушлик иллатидан бутунлай воз кечиши талаб қилинади. “Чингизхоннинг оқ булути” қиссасининг қаҳрамони бўлмиш юзбоши Эрден хотинига қарата: “Биз ҳали туғилмаган боладан кечишни истамадик”, — дейди. Улар раҳнамоларининг ҳужум пайтида фарзанд кўрмаслик буйруғига амал қилмадилар. Урушлар, бу ҳужум ва наслни давом эттиришга монелик қилувчи тўсиқ ҳамдир. Ч.Айтматовнинг хотирлашича, у болалик пайтида оиласининг ягона бойлиги — сигирини ўғирлаганларни ўлдиришга ҳаракат қилган. Чўлда ёш Чингизга эшак минган бир қария учраб: “Ҳеч кимни ўлдирма... Бу дунё адолатлидир...”, — дейди. Дунёнинг эса адолатсизлиги маълум бўлди. Бироқ, ожизлигидан ўксиниб йиғлаётган боланинг қалбида нимадир қолганки, у қариянинг сўзларини унутмади.

“Нима учун асарларингизда ҳайвонлар образи кўп учрайди?” — деб берган саволимга Чингиз Тўрақулович: “Бу энди менинг табиатим, оламни идрок этиш тарзим. Мен инсонни Яратганнинг бошқа жонзотларидан айр тасвирламайман. Бу услубим асарни бутлашга ва камини тўлдиришга ёрдам беради, унга мазмун бағишлайди. “Кассандра тамғаси”даги Кремль бойқушини ўзим ҳам жуда яхши кўраман. Эҳтимол, ўша қуш ҳозир ҳам Кремль минораларида яшаб, ким қайси вақтда келаётганини кузатиб ўтиргандир. Унинг асардаги иштироки воқеани анъанавий тавсифлаб беришдан кўра кучлироқ... Инсон — ақли бор зот, у яратиши ҳам мумкин ва вайрон қилиши ҳам, яхшилик келтириши ва зулм ўтказиши ҳам мумкин. Ҳайвонларнинг эса ҳаракати чекланган. Улар инсонга қарам бўлиб қолган. Инсон ўзига муте жонзотларга нисбатан ўзини қандай тутиши лозимлигини англаши учун ҳам мен уларни асарга киритаман”, — деб айтган эди.

“Тоғлар қулаганда” романининг ҳам мавзуси долзарб: глобаллашув, шоу-бизнес, тоғ қоплонларини тижорат мақсадида овлаш, тунги клублар... “78 ёшда буларнинг ҳаммасини қаердан биласиз?”— деб сўраганимда, адиб шундай жавоб берганди: “Мен тирик жонман, даврнинг томир уришини, тўхтаб-тўхтаб нафас олишини имкон қадар ҳис қилишга ҳаракат қиламан, давр ҳақда қайғураман ва билганларимни ёзгим, кечинмаларимни ифодалагим келади. Глобаллашув даври бошланиши билан кўп нарса ўзгарди. Шу боис менинг романимдаги машҳур опера қўшиқчиси шоу-бизнеснинг қурбони бўлади. У ресторанларда юриб, опера театрида оладиган маошидан кўра юз баробар кўпроқ пул топади. Ва бу фақатгина операнинг муаммолари эмас, балки бутун маданият оламидаги бўҳронлардан дарак беради”.

Ч.Айтматов “Мангу қайлиқ” романида яна файласуф сифатида намоён бўлди. Романнинг асосий қаҳрамонларидан бири — тоғ қоплонининг такдири, асарнинг бошқа қаҳрамони — журналист Арсен Саманчин билан чамбарчас боғлиқ. Роман — муҳаббат, яхшилик билан ёмонлик ўртасидаги кураш ҳақида. Зотан, улуғ адиб: “агар мен нимадир ёза олсам, ҳамиша инсон дунёда ёлғиз эмаслиги, унинг ён-атрофида бошқа жонзотлар ҳам яшаши ва инсон улар учун, умуман Ерда кечаётган воқеалар учун масъуллиги ҳақида ёзаман”, — дея эътироф этганди.

Чингиз Тўрақулович олам фуқароси бўлиб, унинг чуқур бадиий-фалсафий қарашлари, қаҳрамонларининг ҳаётга бўлган муҳаббати чексиз эди. У ўз ижодида жаҳон адабиётининг халқ ҳаёти билан боғлиқ йўналишларини тадқиқ этди. Чингиз оға Шарқнинг чуқур фалсафаси ва Европа адабиётининг энг сара анъаналарини ўзи асарларида мужассамлаштирди. Шу маънода у — муҳташам Евроосиё макони адабиётининг энг улкан намояндаси ҳамдир.

Бугунги кунда давлатимиз раҳбари илгари сураётган китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ғояси кишидан чинакам маънавиятли ва маърифатли бўлишни талаб қилади. Шунинг учун ҳам бугун китобга эҳтиёжимиз, китобхонликка эса эътиборимиз кучли. Энг муҳими, Президентимиз бу соҳада ҳам барчамизга амалда ўрнак ва намуна бўлмоқда. Хусусан, мамлакатимиз раҳбари ўзининг илк хорижий ташрифини Турманистонга уюштирган ва ўшанда Президент Гурбангули Бердимуҳамедовга улуғ туркман шоири Махтумқулининг шеърий сайланмасини туҳфа этганди.

Бу маърифий анъана кейинги олий даражадаги ташрифлар доирасида ҳам давом этди. Давлатимиз раҳбари томонидан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинга – И.Савицкий номидаги давлат санъат музейининг дунё санъат ихлосмандлари эътиборини қозонган бебаҳо экспонатларига бағишланган “Саҳродаги Лувр” альбом-китоби совға қилинган бўлса, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпинга ўзининг қаламига мансуб “Давлат бошқаруви тўғрисида” номли китобининг ўзбекча нашри, шунингдек, Нурсултон Назарбоевга Қозоғистон Президентининг ўзбек тилида чоп этилган “ХХI  аср бўсағасида” китоби тақдим этилди.

Ўз навбатида, Президентимиз 2017 йил сентябрь ойининг бошида Қирғизистон Республикасига амалга оширган тарихий давлат ташрифи  чоғида Президент Алмазбек Атамбоевга ҳам китоб совға қилди. Бу – улуғ қирғиз адиби ва машҳур жамоат арбоби Чингиз Айтматовнинг “Танланган асарлар” нашридир.

Китобга мамлакатимиз раҳбари “Ўзбек халқининг улкан ва ардоқли дўсти” номли кириш сўзи ёзган. Унда, хусусан, шундай самимий фикрлар бор: “Ўзбекистонда бу улуғ ижодкорнинг китоблари кириб бормаган бирор хонадонни, унинг гўзал қисса ва романларини ўқимаган, улар асосида яратилган кинофильмларни томоша қилмаган бирон-бир кишини топиш қийин, десак, адашмаган бўламиз. У  нафақат қирғиз халқи, айни пайтда, бутун туркий халқлар, жумладан, ўзбек халқи учун ҳам азиз ва суюкли сиймо, десак, бу ҳам айни ҳақиқатдир”.

Чиндан ҳам, биз улуғ қирғиз адибининг аксарият асарларини ўз она тилимизда анчадан буён ва қайта-қайта мутолаа қилиб келмоқдамиз. Бу бежиз эмас. Зеро, шундай асарлар борки, уларни яна ва яна мутолаа қилгинг, адиб гавдалантирган қаҳрамонлар билан эски қадрдон дўстинг билан учрашгандек қувочни ҳис этгинг, камтар ва софдил қўшнинг каби ўша оддий одамларнинг  ўзингга таниш кўринган ҳам мароқли, ҳам изтиробли турмуши оламига шўнғигинг келади.

ХХ асрнинг энг машҳур ёзувчиларидан ҳисобланган буюк қирғиз адиби Чингиз Айтматовнинг қисса ва романлари ана шундай китоблар сирасига киради. Шу ўринда фақат кейинги 3-4 йилнинг ичидагина мамлакатимиз нашриётларида адибнинг ўнлаб китоблари чоп этилгани диққатни тортади. Мисол учун, 2014 йили – “Қулаётган тоғлар”, “Қиёмат”, “Соҳил бўйлаб чопаётган олапар”, “Эрта қайтган турналар”, 2015 йили – “Жамила”, “Юзма-юз”, “Оқ кема”, 2016 йили – “Асрни қаритган кун”, “Танланган асарлар” номли китоблари нашрдан чиқди.

Айниқса, 2015 йилда ёзувчининг олти жилдлик “Тўла асарлар тўплами” нашр этилгани ўзбек китобхонлари учун ажойиб туҳфа бўлди. Бу асарларни таржима қилишда Асил Рашидов, Иброҳим Ғафуров, Суюн Қораев каби етакчи таржимонларнинг юксак маҳорати ва фидойиларча ижодий меҳнати таҳсинга лойиқдир.   

Хулоса қилиб айтганда, Ф.Шеллинг таъкидлаганидек, Ч.Айтматов “замон ва оламни қалбига сигдириш салоҳиятига эга бўлган” инсонлар сирасидандир. Айнан шунинг учун ҳам у кўпчиликдан ўзиб, ғоялар ифодачиси сифатида танилди ва фақат ўзибгина кетмасдан, балки ўз даврининг йўқотишлари, ютуқларини ҳам белгилаб бера олди. Ишончим комилки, йиллар ўтгани сари Чингиз Айтматов асарлари бутун жаҳон адабиётида янада кўпроқ аҳамият касб этиб боради, улуғ адибнинг номи, худди юлдузлар жойида қоим турганидек, янада янгича жилоланаверади. Унинг қутлуғ номи буюк адиб, файласуф ва инсонпарвар зот сифатида мангуликка дохиллигича қолади.

 

Акмал Саидов,

Академик

 

Изоҳ: Ушбу мақола академик Акмал Саидовнинг 2019 йили нашрдан чиққан “Чингиз Айтматов феномени” номли китобига битилган сўзбоши асосида тайёрланди. Китоб “Muharrir nashriyoti” томонидан рус тилида чоп этилган.

Унда мумтоз адибнинг ижодий мероси ва дипломатик фаолияти ҳақида сўз боради. Муаллиф Чингиз Айтматов асарларидан хабардорлиги, шунингдек, кўп йиллар давомида Тошкент ва Москва, Париж ва Брюссель шаҳарларида ёзувчи билан шахсан бўлиб ўтган суҳбатлари асосида туғилган бой таассуротлари ва фикр-мулоҳазаларини қоғозга туширган.

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech