«Энг бебаҳо олий неъмат – тинчлигимиз ва осойишталигимизнинг қадрига етишимиз, оилаларимиз, фарзандларимиз, келгуси авлодларимизнинг бахту камоли учун бу улуғ бойликни асраб-авайлашимиз лозим. Шу мақсадда ёшларимизни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг она юртга меҳри ва садоқатини оширишга янада кўпроқ аҳамият беришимиз керак».
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг яқинда Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида ушбу чақириқ баралла янгради. Давлатимиз раҳбари айни эзгу мақсадлар ижобати йўлида Қуролли Кучларимиз жанговар салоҳиятини ошириш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Шу маънода, ёшларимизнинг она юртга меҳри ва садоқатини оширишга янада кўпроқ аҳамият бериш олдимиздаги кечиктириб бўлмайдиган муҳим вазифалардандир. Зеро, бугунги глобаллашув ва кескин рақобат даври, дунёнинг турли бурчакларида, жумладан, минтақамизда юз бераётган қуролли можаро ва қарама-қаршиликлар, янги таҳдид ва хатарлар биздан доим огоҳ ва ҳушёр бўлишни тақозо этмоқда.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни, шунингдек, Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 31 йиллиги миллий байрам сифатида кенг нишонланаётгани бежиз эмас. Бинобарин, айни вақтда тинч ва осойишта, фаровон ҳаётимиз Қуролли Кучларимиз томонидан ишончли тарзда ҳимоя қилинмоқдаки, мана шундай масъулиятли бурчни сидқидилдан адо этаётган, тараққиётимиз барқарорлигига камарбаста бўлаётган ўғлонларимизни ҳар қанча эъзозласак, ардоқласак арзийди.
Қуролли Кучлар ташкил этилган сана ва Ватан ҳимоячилари куни билан боғлиқ байрам тадбирлари – ҳарбийларимизни шарафлаш, миллий армиямизнинг маънавий қудрати ҳақида сўз юритишнинг айни фурсатидир. Инчинун, биз орият ва ғурурни ҳамма нарсадан устун қўядиган, лафзи ҳалолликни шон-шавкат деб биладиган, бир сўзли халқмиз.
Шу нуқтаи назардан, соҳа экспертлари эътироф этганларидек:
- мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларимиз қудратини ошириш Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг устувор йўналишларидан бири этиб белгилангани жуда муҳим. Ушбу вазифаларни амалга оширишда Куролли Кучларимиз қўмондонлик таркиби жойлардаги ҳокимият идоралари ва халқимиз билан биргаликда бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилаётир;
- бунда, энг аввало, ҳарбий хизматчилар, айниқса, командирлар таркибининг профессионал тайёргарлигини ошириш миллий армияни янада ривожлантиришнинг энг муҳим шарти ҳисобланади. Шу жиҳатдан, Қуролли Кучлар Бош штаби ҳамда ҳарбий округлар бошқарув аппаратлари офицерларини, бригада командирлари ва уларнинг ўринбосарларини ўқитиш бўйича Қуролли Кучлар Академиясида янги тизим йўлга қўйилиб, соҳа учун кадрлар тайёрлашда назария ва амалиётни имкон қадар яқинлаштириш чоралари кўрилмоқда;
- миллий армиямизни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техникалар билан таъминлаш бўйича комплекс дастурларни тайёрлашда бугунги кунда дунёнинг турли минтақаларида кузатилаётган ҳарбий можаролар хусусиятлари, қўшинларни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ҳисобга олинмоқда. Бу борада энг зарур қурол-аслаҳа ва анжомларни сотиб олиш, уларни янги жанговар тизимлар билан биргаликда қўллаш ва такомиллаштириб бориш масаласи давлатимизнинг доимий эътиборида турибди;
- ҳарбий хизматчиларнинг жанговар руҳи, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, аҳоли, биринчи навбатда, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари, Куролли Кучларимиз фахрийларини ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилишни кучайтириш борасидаги ишлар изчил давом эттириляпти. Бу масъулиятли жараёнларда бутун жамиятимиз, жумладан, Қуролли Кучлар тизимида амалга оширилаётган туб ислоҳотларда “Инсон қадри учун” деган муҳим тамойил биринчи ўринга қўйилаётгани эътирофга сазовор;
- ҳаётимизнинг барча жабҳаларини қамраб олаётган шиддатли ва жадал ўзгаришлар асносида юртимизда ҳарбий хизматнинг обрў-эътибори, армия ва халқ бирлиги янгича мазмун-моҳият билан бойитилмоқда. Натижада ёшларимиз онг-шуури ва қалбида армия билан фахрланиш туйғуси, Ватан ҳимоячисидек олижаноб касбга ҳурмат-эҳтиром ҳисси янада кучаймоқда;
- сўнгги йиларда ҳарбий қисм ва полигонлардаги инфратузилма, аскар ва офицерларнинг шароитлари яхшиланди. Хусусан, ўтган олти йилда 10 мингга яқин ҳарбий хизматчи имтиёзли кредитлар асосида уй-жой билан таъминланди. Улар хизмат муддатини ўтаб бўлганидан кейин иш ва тиббий хизматлар билан таъминланиши ҳам эътибордан четда қолмаяпти.
Шундай қилиб, кейинги йилларда амалга оширилган туб ислоҳотлар туфайли тарихан қисқа даврда Ўзбекистон Республикаси суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган, тезкор ва ихчам миллий армия ташкил этилди. Жалолиддин Мангуберди, Соҳибқирон Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк саркарда боболаримизнинг жанговар анъаналари муносиб давом эттирилмоқда.
Ушбу шавкатли аждодларимиз ўз замонасида нафақат одил ҳукмдорлар, айни вақтда енгилмас қўшинларнинг қўмондонлари ҳам бўлганлар. Улар ҳарбий қўшиннинг кундалик таълим-тарбияси, жанговарлик ҳолатини таъминлашга йўналтирилган жуда кўп ибратли ишларни амалга оширганлар.
Хусусан, Жалолиддин Мангуберди Чингизхонга қарши курашда қулликдан кўра ўлимни, мағлуб бўлишдан кўра имон-эътиқодни юқори қўйиб, ўз қўшинидаги ваҳима ва қўрқувни йўқота олган. Шахсий намунаси туфайли жасур бобокалонимиз қўшинидаги ватанпарвар жангчиларнинг бемисл қаҳрамонлиги инсоният иродаси ва бардошининг, Ватанга тикилган жонларнинг бетакрор тимсолига айланган.
Ўз навбатида, Амир Темур ҳазратлари ҳарбий хизматчиларининг ахлоқий-руҳий ҳолати билан шуғулланадиган махсус лавозимларни жорий қилмаган бўлсалар-да, барча поғонадаги ҳарбий мансабдорлар ўз бўйсунувидаги ҳарбий хизматчилар таълим-тарбияси бўйича иш олиб боришини таъмин этганлар.
Натижада Соҳибқирон бобомизнинг жанговар қўшини ўзининг стратегик ва тактик маҳорати билан ўша даврнинг энг мукаммал ва кучли армияси ҳисобланган. Хусусан, қўшиннинг руҳий тарбияси, қўшин таркиби, бошқарув шакли, унинг жанг олдидан саф тузилиши ва жойлаштирилиши юқори даражада ташкиллаштирилгани ҳатто душман синчилари томонидан ҳам эътироф этилган.
Миллий армиямиз тарихи ҳақида сўз борганда, 1992 йил 14 январдан мамлакатимиз ҳудудида жойлашган барча ҳарбий тузилмалар Ўзбекистон Республикаси юрисдикциясига ўтказилганини таъкидлаш лозим. Ўша кундан эътиборан миллий армиямизга асос солинган.
Шундан сўнг 1991 йил 31 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги қонун юртимизга ўз ҳарбий сиёсатини амалга ошириш ҳуқуқини берди. Шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги тўғрисида”ги баёнот мамлакатимиз Қуролли Кучларини тузиш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди.
Мустақиллик йилларида мамлакатимиз мудофаа тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Натижада жанговарлиги, тактик маҳорати жиҳатидан ҳеч кимдан кам бўлмаган тезкор ва ихчам, замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминланган миллий армиямиз шаклланди.
Ислоҳотлар самараси ўлароқ, аҳоли, айниқса, ёшларимиз ўртасида ҳарбий хизматнинг обрў-эътибори юксак даражага кўтарилди, Ватан ҳимоячиси бўлиш ҳар бир йигитнинг эзгу мақсадига айланди. Бугун ҳарбий хизмат нафақат бурч, балки садоқат, матонат ва жасорат мактаби, миллий армиямиз эса мамлакатимиз ҳудудий яхлитлиги ва халқимиз осойишталигининг ишончли кафолатидир.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида Қуролли Кучларнинг ҳуқуқий мақоми аниқ белгилаб берилган. Асосий Қонунимизнинг 52-моддасида мустаҳкамлаб қўйилганидек, “Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш – Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир. Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар”.
Шунинг баробарида, мудофаа ҳамда умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисидаги қонунлар Қуролли Кучларимиз ташкилий-ҳуқуқий асосларини ўзида мужассам этган. Шу негизда мамлакатимиз мустақиллиги, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш, барқарор ва изчил демократик тараққиётимизнинг ишончли кафолати бўлган миллий армиямизни янада такомиллаштириш йўлида улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Бугун дунёнинг турли минтақаларида ўзаро низолар, нотинчликлар кузатилаётган бир пайтда юртимизда тинчлик-осойишталик ҳукм сурмоқда. Иқтисодиётимиз барқарор ривожланиб, халқимиз фаровонлиги юксалиб бормоқда.
Истиқлол йилларида бундай ютуқлар ҳаётимизнинг барча соҳаларида бардавом бўлиб келмоқда. Буларнинг барчаси, сўзсиз, бизнинг катта бахтимиз. Бундай муваффақиятларга эришишда Ватанимиз сарҳадларини туну кун сергаклик билан қўриқлаётган ҳарбий хизматчиларимизнинг муносиб ҳиссаси бор.
Ҳақиқатан ҳам, миллий армиямизни такомиллаштириш, мамлакатимиз мустақиллиги, хавфсизлиги ҳамда ҳудудий яхлитлигини таъминлаш, ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар тинч, обод ва фаровон ҳаёт барпо этишимизда ўз самарасини бермоқда. Мамлакатимизда том маънода замонавий қурол-яроғ, техника ва етук ҳарбий мутахассисларга эга, энг юксак талабларга жавоб берадиган, юртимиз ҳудудий яхлитлигининг ишончли кафолати бўлган профессионал Қуролли Кучлар барпо этилди.
Миллий армиямиз сафларида халқимиз фарзандларининг садоқат ва фидойилик билан хизмат қилиши учун барча шарт-шароит яратилди. Бинобарин, Ватанимиз сарҳадларини қўриқлаш, халқимиз тинчлиги ва омонлигини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш ўта масъулиятли вазифа ҳисобланади.
Янгича давр ҳарбийларимиздан нафақат жисмоний тайёргарликка, балки юксак ақл-идрок, интеллектуал салоҳият, алоҳида маънавий-руҳий хусусият ва фазилатларга эга бўлишни, ахборот-компьютер технологиялари сир-асрорини пухта билишни тақозо этади. Шу нуқтаи назардан, мустақил давлатимиз Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларига жорий этилган қулайликлар собиқ тузум давридагидан тубдан фарқ қилади.
Ватан олдидаги муқаддас бурч ҳарбий хизматчидан метин ирода, бурчга садоқат, юксак билимни талаб этиши тайин. Боз устига, аскарларимиз қулай шарт-шароитга эга бўлса, бу уларни зиммаларидаги бурчни янада масъулият билан бажаришга ундаши табиийдир. Шу маънода, ҳарбийларимизни кўркам тураржойлар билан таъминлаш яхши йўлга қўйилгани диққатни тортади.
Айниқса, кейинги йилларда Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилаётган мард ва жасур ўғлонлар ҳамда уларнинг оилалари учун мўлжалланган кўплаб уй-жойлар қурилди. Бундай тураржойларда юксак талаблар ҳамда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилалари эҳтиёжига жавоб берадиган қулай ижтимоий-маиший шароитни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида профессионал миллий армиямиз учун юқори малакали офицер кадрлар тайёрлашга жиддий аҳамият берилаётганини таъкидлаш фарз ва қарз, деб ўйлаймиз. Шу мақсадда юртимиздаги олий ҳарбий таълим муассасалари моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, курсантлар учун барча шароит яратилмоқда.
Яна бир муҳим далил: "Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги қонунга кўра, Ўзбекистон тинчликсевар сиёсат олиб боради: ҳеч қандай ҳарбий блокка қўшилмайди, ўз ҳудудида чет давлатлар ҳарбий базаларини жойлаштирмайди. Мамлакатимиз ҳарбий хизматчиларининг чет эллардаги ҳарбий операцияларда иштирок этишига йўл қўйилмайди.
Ваҳоланки, илгари – собиқ шўролар тузуми замонида йигитларимиз муддатли ҳарбий хизматни Ўзбекистондан узоқларда, носоғлом маънавий муҳит ҳукмрон бўлган ҳарбий қисмларда ўташга мажбур эди. Оқибатда умрининг айни кучга тўлган икки йилини беҳуда, мазмунсиз ўтказарди.
Шу боис ўша даврда муддатли ҳарбий хизматга бугунгидек истак ҳам, интилиш ҳам бўлмаган. Бугун кўп миллатли халқимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини асраш ишига муқаддас бурч ва юксак шараф сифатида қаралаётгани бир пайтлар Ўзбекистондан олис ўлкаларда аскарлик бурчини ўтаганларда ҳавас уйғотмоқда.
Бугун муддатли ҳарбий хизматга жисмонан ва маънан соғлом, юксак интеллектуал салоҳиятли ёшлар саралаб олинмоқда. Бунда навқирон йигит-қизларга чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фанидан сабоқ бераётган мутахассис ва захирадаги офицер педагоглар фаолиятининг асосий мезони ҳар бир ўқувчи қалбига ҳарбий бурч садоқатини сингдириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдан иборат экани муҳим аҳамият касб этади.
Буларнинг барчаси, ўз навбатида, истиқлол йилларида профессионал миллий армиямизни шакллантириш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига муносиб турмуш шароити яратиш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар самарасида Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилиш ҳар бир йигит учун нафақат бурч, балки ҳақиқий шон-шараф ишига, фарзандини армия сафларида кўриш эса ота-оналарнинг орзусига айланганидан далолат беради.
Энг асосийси, ўтган даврда миллий армиямиз ёшларнинг иродасини тоблайдиган, уларни ўз Ватани ва халқига садоқат руҳида тарбиялайдиган жасорат ва матонат мактабига айланди. Фарзандларимизнинг ҳарбий хизматга, бошқача айтганда, эл-юрт тинчлиги ва осойишталиги, осмонимиз мусаффолиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашга бўлган қизиқиш ва интилиши кучайди.
Хулоса қилиб айтганда, ҳар томонлама етук, жасур ва сергак ўғлонларимиз азму шижоатини кўрганда, кўнглимиз фахру ифтихорга тўлади. Зеро, Ватанига, халқига садоқатли йигитлар хизмат қилаётган профессионал армиямиз – мустақиллигимизнинг, тинч ҳамда фаровон ҳаётимизнинг ишончли қалқонидир. Қолаверса, ота юртни, она тупроқни ҳимоя қилиш мамлакатимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг муқаддас ва шарафли бурчи ҳисобланади.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 12.01.2023
- Кўришлар: 12208
- Чоп этиш