Ҳуснихат гўзаллиги – қалб гўзаллигидан далолат

23 январь – Дастхат куни

 

         ХХI аср – шиддат билан глобаллашаётган дунё, жадал ахборотлашаётган жамият ва ҳаётимиздан чуқур ўрин олаётган ахборот-коммуникация технологиялари даврида нимаки ёзадиган бўлсак, қўл телефони, смартфон, ноутбук ва компьютерларнинг қулай имкониятларидан унумли фойдаланишга ниҳоятда ўрганиб қолдик. Бу борадаги кўникмаларимиз шундай даражага етдики, эндиликда ҳатто “дастхат” сўзи нимани англатиши ҳам эсимиздан чиқиб бормоқда.

         Дастхат (инглизча: handwriting) – шахснинг  ўз  қўли  билан  ёзган  ёзуви, асл қўлёзма деган кенг маъноларга эга. Аммо, бугунги кунда кўпчилигимиз ушбу сўзни асосан “муаллиф имзоси” маъносида тушунамиз ва қўллаймиз.

Ҳар бир инсон – ноёб  дастхат  эгасидир. Шу маънода, бутун дунёда “Дастхат куни” нишонланишининг энг муҳим сабаби барчамизга ўзимизнинг ана шу бетакрор қобилиятимизни амалда қўллаб туриш зарурлигини эслатишдир.

Бу ўзига хос байрам Ёзув ашёларини ишлаб чиқариш  ассоциацияси (Writing Instrument Manufacturers Association, WIMA) ташаббуси билан таъсис этилган. Дарвоқе, худди шу санада, яъни 1737 йил 23 январда таваллуд топган америкалик атоқли давлат арбоби Жон Хэнкок АҚШ Мустақиллик декларациясига биринчи бўлиб ўз дастхатини битган.

Ҳар бир дастхат замирида уни битган инсон мансуб миллат ва халқнинг ёзув маданияти анъаналари мужассамдир. Ёзув – кишилик  жамияти маданий тараққиётининг том маънодаги ибтидоси, башариятнинг узоқ ва мураккаб тадрижий такомили жараёнида эришилган энг асосий самаралардан биридир.

Дастхат ва тил ўртасида узвий боғлиқлик ҳам, муайян фарқлар ҳам бор. Хусусан, товуш тили – оғзаки нутқ бундан 400-500 минг йиллар илгари юзага келган бўлса, ёзувнинг туғилганига 4-5 минг йиллар бўлган, демакки ёзув тилдан анча кейин яратилган.

Гап шундаки, оғзаки нутқ замон ва макон нуқтаи назаридан чеклангандир. Инсоният товушнинг узоқ масофаларгача етиб бормаслиги ва муайян вақтга қадар сақланиб турмаслиги муаммосини бартараф этиш учун изланишлар олиб бориши туфайли даҳо кашфиётни қўлга киритган – аввал белгилар, сўнг ҳарфлардан иборат ёзувни ихтиро этган.

Олис тарихда халқларнинг давлат сифатида бирлашуви нутқий алоқа доирасини кенгайтирган: ишлаб чиқариш ва савдо ҳажми ортган, турли халқлар ва давлатлар билан ҳарбий, сиёсий ва бошқа соҳаларда шартномалар тузишга ўтилган; қонунлар пайдо бўлган ва мустаҳкамланган; диний қарашлар ва мафкуранинг турфа кўринишлари шаклланган;  халқларнинг ўз тарихини билишга эҳтиёжи кучайиб борган. Буларнинг барчасини фақат оғзаки нутқ воситасида амалга ошириш мумкин бўлмаган ва ана шундай долзарб бир тарихий шароитда ёзув том маънода заруриятга айланган.

Айниқса, инсоният қўлга киритган тажриба ва билимларни сақлаш ҳамда авлодларга етказишда ёзувнинг аҳамияти беқиёс. Қанчадан-қанча кашфиётлар, сўз санъати дурдоналари ва ўта қимматли маълумотлар авлодлардан-авлодларга айнан ёзув орқали етиб келаётгани бу фикрни яққол тасдиқлайди.

Табиийки, инсон ақли ёзувдай мукаммал алоқа воситасини кашф қилгунча узоқ изланган. Ўз навбатида,  ёзув бугунги шаклини олгунга  қадар  олис ва  мураккаб  тадрижий тараққиёт йўлини босиб ўтган. Бунда расмли ёзув – пиктография, соҳа мутахассисларининг фикрича, ёзув яратиш  йўлидаги  биринчи  қадам  бўлган.

Шунинг учун ҳам, дунё тилларининг аксариятида учрайдиган «ёзмоқ» маъносидаги сўзлар этимологиясида асосий мазмун расм чизиш  жараёни  билан боғлиқ ҳолда намоён бўлади. Жумладан, қадимги туркий тилларда «ёзмоқ» тушунчаси «бит(и)моқ» феъли («битик» — ёзув, китоб) билан ифодаланган. Бу феълнинг ўзаги хитойча  «би»  (мўйқалам)  сўзига бориб тақалади ва дастлабки  маъноси «ўймоқ,  ўйиб  безамоқ»,  ундан  кейин «ёзмоқ»  демакдир.

 Ҳақиқий  маънодаги ёзув тизимлари дастлаб Қадимги Шарқда вужудга келган. Хусусан, Марказий Осиё минтақаси халқлари, жумладан, ўзбек халқи турли ёзувлардан фойдаланган. Булар – авесто, паҳлавий, ўрхун-енисей  (руник), туркий (уйғур), сўғд, араб, кирилл, лотин ёзувларидир. 

Алифбо – ёзувнинг асосини ташкил этади. Тиниш белгилари ва  бошқа ёзма белгилар ҳам ёзувнинг унсурлари ҳисобланади. Мутахассисларнинг фикрича, юксак такомиллаштирилган  алифбодаги бир ҳарф муайян бир товушни ифодалаши, бир товуш муайян бир ҳарф билан ифодаланиши лозим. Аммо дунёда бундай тугал алифбо йўқ.

Ана шундай  маънодаги  алифбога фин алифбоси бирмунча яқинлашади, лекин барибир у ҳам тўлиқ эмас. Ҳатто ҳозирги инглиз, француз ва бошқа тиллар алифболари бундай мукаммалликдан йироқ. Бу ҳолат дунё тилларининг барчасида хилма-хил ва жуда кўплаб ёзув ва имло қоидаларининг ишлаб чиқилишига сабаб бўлган.

Аввало, дунёдаги ҳозирда мавжуд алифболарнинг деярли  ҳаммаси ҳам мустақил ва тегишли тил хусусиятларини тўлиқ ҳисобга олган  ҳолда  яратилган эмас. Кўпчилик халқлар бошқа тил ёзувини ўз тилларига имконият даражасида  мослаштириш йўли билан ўз ёзувларини яратган.

Ўз навбатида, одамлар тил хусусиятларига янада мослаштириш учун ёзувга турли ўзгартиришлар киритади, айни соҳада ислоҳотлар қилади, бир ёзув тизимини бошқаси билан алмаштиради. Бу ҳақда сўз борганда, халқимиз асрлар давомида араб алифбосидан фойдаланиб  келгани, 1923-1926 йилларда ушбу ёзувни ўзбек тили товуш қурилишини тўлароқ ифодалашга мослаштириш мақсадида бир қатор ҳарфий ўзгартиришлар  киритилганини қайд этиш лозим.

Шундан сўнг Ўзбекистонда 1929 йилдан лотин ёзуви асосидаги  ўзбек  алифбосига  ўтилган, 1940 йилдан эса юртимизда кирилл  ёзуви  жорий этилган. Халқимиз мустақилликка эришгач, Ўзбекистон парламенти 1993 йил 2 сентябрда қабул қилган ва кейинги даврда бир неча бор ўзгартиришлар киритилган қонунга кўра, айни вақтда мамлакатимизда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш жараёнлари давом этмоқда.

 Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, дунёдаги алифболарнинг ҳаммасида ҳам ҳарфлар сони тегишли тилдаги товушлар (фонемалар) сонига нисбатан камдир. Бу ҳол, албатта, ёзувни ўзлаштиришни  осонлаштиради. Шунинг учун алифболардаги асосий тамойил – ундаги ҳарфлар сонини  кўпайтириш  эмас.

Аристотель инсоннинг дастхати ва дунёқараши ўртасида боғлиқлик борлигини қайд этган. Бинобарин, неча минг йиллик ёзув тарихи тараққиёти давомида, жумладан, дастхати орқали ҳам инсоннинг феълини билишга ҳаракат қилиб келинган. Зеро, дастхатлар – ўз соҳибларининг мижози ва табиати, билими ва дунёқараши, диди ва таъби даракчилари ҳамдир.

Бу ўринда франциялик аббат Жан Ипполит Мишонер «графология» атамасини 1875 йили илк бор қўллаганини ва айни шу тушунча инсоннинг дастхати асосида руҳий оламини тадқиқ этишга оид билимлар соҳасини ифода этишига эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман. Қолаверса, ўша даврларда графология назариясини  яратишда немис файласуфи ва руҳшуноси Людвиг Клагес улкан ҳисса қўшган.

Атоқли таржимашунос олим Ғайбуллоҳ ас-Салом таъбири билан айтганда, “Бировга хат ёзиш ботиний руҳий эҳтиёждан туғилади. Бу жудаям ўзига хос дил изҳоридир. Мактубнавислик ўзи бир санъат. Иншо, муншаот ҳам ижод. Абдураҳмон Жомий ҳамда Алишер Навойларнинг бир-бирларига ва бошқа буюк инсонларга ёзган мактублари ниҳоятда нозик ва зариф, нуктадонлик ва меҳрибонлик туйғулари билан суғорилган. Биз бу сингари ҳазрати инсонлардан улар ёзиб қолдирган нафис, гўзал бадиий асарлари учунгина эмас, балки бир-бирларига ёзган номаи аъмоллари, хатлари, буларни жамлаб борганлари ва махсус мажмуа ҳолига келтириб, биз авлодларга туҳфа этиб қолдирганлари учун ҳам тоабад миннатдор бўлишимиз даркор” (қаранг: Ғайбуллоҳ ас-Салом, Неъматуллоҳ Отажон. Жаҳонгашта Бобурнома. – Тошкент, 1996. – Б. 264).

Зеро, “хат, мактуб, нома шунчаки бир шахснинг бошқа бир шахсга битган дил изҳоригина эмас. Ёки фақат шунинг ўзи эмас. Аслида, бу катта, қамровдор ва залворли, мураккаб ва зиддиятли муштарак муаммодир. Бу маънода, олайлик, Алишер Навоийнинг "Хамса"дай бир салмоқдор Бешлиги ҳам ўзига хос бир "хат". Буюк Навоийнинг дастхати. Ўз халқига – дил изҳори. Ўз тилида – туркийда мустақил, фасиҳ ва саҳиҳ "хат ёзиш" мумкинлигини исботлаш учун бунёд этилган шукуҳли адабий-тарихий шаҳодатномадир” (қаранг: Ўша манба. – Б. 267).

Дарвоқе, Устознинг ўзлари ҳам жуда гўзал дастхат соҳиби бўлганлар. Ўзбекистон Қаҳрамони, моҳир таржимон, адабиётшунос олим ва адиб Иброҳим Ғафуров таъкидлаганидек, “Ғайбулла Саломовнинг жуда кўп мақолалари, рисолаларини қўлёзмада ўқиганман. Ҳеч ким шундай эмас. У қўлёзмаларини ноёб бир ҳуснихат билан ёзарди. Турли рангдор қалам, фломастерлар билан уларга ишлов берар, сарлавҳалар, бош ҳарфларни алоҳида қунт ва ихлос билан безатарди. Унинг қўлёзмаларини санъат асари каби томоша қилиб, варақлаб ўтиришни яхши кўрардим. Уни олимдан кўра кўпроқ каллиграфга ўхшатардим. Бу ноёб санъат унга қаердан, табиатнинг қай мўъжизакор еридан тортиқ этилганлиги устида ўйлардим. Ота-боболарида бўлмаса фарзанд қўлида нодир чизиқлар қаердан туғилсин?” (қаранг: Ғайбуллоҳ ас-Салом замондошлари хотирасида.Т.: «Тошкент ислом университети» нашриёти, 2002. – Б. 9).

Иброҳим аканинг яна бир эътирофини келтираман:Ҳа, Ғайбулла аканинг нодир қўлёзмаларини томоша қилиб ўтирар ва бу ёзув эгасининг қалби ҳам шундай гўзал, қўли ҳам шундай сулув ҳам покиза бўлса керак деб ўйлардим. Ҳуснихат гўзаллиги қалб гўзаллигидан биринчи дарак беради деб графологияда ўқиган эдим” (қаранг: Ўша манба. – Б. 10).

Назаримда, олиму адиблар, ўқитувчию ўқувчиларнинг ҳуснихат бобида ҳар биримизни ҳайратга соладиган ана шундай инжа ютуқлари эндиликда ўтмишга айланмоқда. Бунга дастхатлар тарихининг янада жадал такомиллашаётгани  бош сабабчидир.

Негаки, муаллимнинг синф тахтасига бўр билан машқлар ёзиб, ўқувчиларга сабоқ ўргатиши деярли урфдан қолди. Перо, сиёҳ ва сиёҳдонларни-ку бугунги авлодлар аллақачон унутган. Патқаламлар ҳақидаги гаплар эса ҳазил ёки афсона ўрнида қабул қилинади.

Ҳозирги кунда компьютерлар, электрон почта ва электрон ёндафтарлар, СМС ва стикерлар тўпламидан фойдаланиш даражаси муттасил ортмоқда. Янада қизиғи: турли тезкор технологик мулоқот воситалари замондошларимизни ўз фикрларини дастхатда битиш имкониятидан борҳо узоқлаштирмоқда.

Бинобарин, яқин келажакда дастхатлар, яъни “қўлда ёзилган” хат ёки табрикномалар энг ноёб, азиз ва севимли совғага айланиб қолса, ажаб эмас.

 

Ғулом МИРЗО

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech