ОАВ: Ижтимоий масъулият ва жамоатчилик назорати

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида белгиланган ислоҳотлар туб мазмун-моҳияти билан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш механизмларини тараққиётнинг янги босқичи талабларидан келиб чиқиб такомиллаштиришга қаратилган. Ушбу дастуриламал ҳужжатнинг энг муҳим аҳамияти ҳам шунда.

Тараққиёт стратегиясининг 4-мақсади “Давлат бошқаруви органлари фаолиятини “фуқароларга хизмат қилишга йўналтириш” тамойили асосида трансформация қилиш” деб номланган. Унда, хусусан:

  • давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан давлат назоратини амалга оширишда манфаатлар тўқнашуви вужудга келишини бартараф этиш, мазкур жараёнга кенг жамоатчиликни жалб қилиш;
  • вазирлик ва идоралар фаолиятининг барча йўналишларини “Давлат – халқ хизматчиси” тамойили асосида фуқароларга хизмат қилишга йўналтириш вазифалари белгиланган.

Энг асосийси, Тараққиёт стратегиясининг “Таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш” деб номланган 12-мақсадида бир қатор вазифалар назарда тутилган. Ушбу вазифалар айни вақтда изчиллик билан бажарилмоқда.

Биринчидан, жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий шаклларини ривожлантириш ҳақида сўз бормоқда. Бу борада, жумладан, ҳудудий, тармоқ ва давлат дастурлари лойиҳаларини очиқ эълон қилиб, кенг жамоатчилик фикри асосида ишлаб чиқиш амалиёти йўлга қўйилмоқда. Шунингдек, камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринларини яратиш, эҳтиёжманд аҳолини касбга ўргатиш каби ижтимоий фойдали лойиҳаларни амалга оширишни нодавлат нотижорат ташкилотларга очиқ танлов асосида тақдим этиш ҳам бунда муҳим ўрин тутишига эътибор қаратилмоқда.

Иккинчидан, айрим давлат функцияларини амалга ошириш жараёнига жамоатчилик назорати субъектларини кенг жалб қилиш, давлат органлари фаолиятини ўрганишда ижтимоий сўровлар ўтказиш ҳамда аниқланган камчиликларни очиқ муҳокама қилиш амалиёти йўлга қўйилмоқда. Бунда, аввало, жамоавий мурожаатлар асосида янги қурилган    ва    таъмирланган инфратузилма объектлари сифатини текшириш амалиётини жорий қилиш масаласи алоҳида диққат марказида турибди.

Учинчидан, жамоатчилик назоратининг қонуний  асосларини  янада мустаҳкамланмоқда. Хусусан, жамоатчилик назоратининг самарали ва таъсирчан шаклларини, уларни амалга ошириш механизмларини жорий этиш мақсадида “Жамоатчилик   назорати тўғрисида"ги қонун қайта кўриб чиқилаётир.

Тўртинчидан, оммавий ахборот воситаларининг роли ва журналистларнинг касбий фаолияти ҳимояси янада кучайтирилмоқда. Бу муҳим мақсадга эриш учун, биринчи навбатда, фуқароларни қийнаётган муаммолар ҳамда ислоҳотларнинг самарадорлигини ўрганишда оммавий ахборот воситалари билан  ҳамкорлик  қилиш  тартибини жорий қилиш чоралари кўрилмоқда.

Шу билан бирга, оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига ноқонуний аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик, жумладан, мансабдор шахслар томонидан цензура ўрнатиш, таҳририят ходимларига босим ва тазйиқ ўтказиш, материаллар ва техник воситаларни улардан   ғайриқонуний равишда олиб қўйиш ҳаракатлари содир этилгани учун  жавобгарликни янада кучайтириш ниҳоятда муҳим.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Тараққиёт стратегиясида, жумладан, оммавий ахборот воситаларининг роли ва журналистларнинг касбий фаолияти ҳимоясини янада кучайтириш, одамларни қийнаётган муаммолар ҳамда ислоҳотларнинг ижроси аҳволини ўрганишда ижод аҳли меҳнатидан самарали фойдаланиш кўзда тутилган. Бинобарин, буларнинг барчаси юртимизда таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатишга хизмат қилади.

Ҳаракатлар стратегияси доирасида оммавий ахборот воситаларининг жамоатчилик назоратини амалга ошириш борасидаги ўрни ва аҳамияти қонунчилик негизида тубдан кучайтирилганди. Тараққиёт стратегиясида ана шу ташкилий-ҳуқуқий асосларни янада такомиллаштириш кўзда тутилгани янги давр талабидир.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 20 январда қабул қилинган «Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарори бу борада навбатдаги муҳим амалий қадам бўлди.

 Қарорга мувофиқ, ички ишлар органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизимини яратиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларида жамоатчилик асосида доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланган, соҳа олимлари, фахрийлари ва журналистлардан иборат жамоатчилик кенгашлари тузилиши белгиланди.

Ички ишлар вазирлиги раҳбариятининг фикрича, жамоатчилик  кенгашларини тузиш масаласи биринчи навбатда, демократик жамиятнинг муҳим шарти ва хусусиятларидан  бири ҳисобланади. Иккинчидан, ушбу  институт  замон  талаби  ҳамда  ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, жорий этилмоқда. Жамоатчилик кенгашлари  фаолиятининг  самарали йўлга  қўйилиши,  шубҳасиз, ўзининг аниқ натижасини бериб, тизим фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади” (“Янги Ўзбекистон” газетаси, 2023 йил 25 январь).

Айни чоғда, оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда холис ахборотларни ўз вақтида бериб бориш орқали ёлғон маълумотлар тарқалишининг олдини олишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Шу нуқтаи назардан, Тараққиёт стратегиясининг 89-мақсади “Фуқароларнинг ахборот олиш ва тарқатиш эркинлиги борасидаги ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш” деб аталгани ҳамда унда бир қатор муҳим вазифалар кўзда тутилгани ҳам катта аҳамиятга эга.

Хулоса қилиб айтганда, ахборот ва матбуот эркинлиги, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириши, давлат идоралари фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралиги Янги Ўзбекистоннинг сифат кўрсаткичларидан бирига айланиб бормоқда.

Буларнинг барчаси, ўз навбатида, оммавий ахборот воситалари вакилларидан ижтимоий масъулиятни теран англашни тақозо этади. Зеро, ижтимоий масъулият – жуда муҳим мезон бўлиб, оммавий ахборот воситаларининг, ҳар бир журналистнинг оммага тақдим этаётган ахборотга нисбатан жавобгарлиги, ахборотнинг холис, ҳаққоний ва ишончли бўлишига масъуллиги, шунингдек, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш борасидаги фаоллигидир.

 

 Ғулом Мирзо

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech