«Олимлик – Аллоҳ нури тажассум этган улуғ бир мартаба. Бу мартабадан жамиятнинг бутун вужудига зиё таралади»[1].
Шавкат МИРЗИЁЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
«Ким илм истаб бир йўлдан юрса, Аллоҳ уни жаннат йўлларидан бирига йўллаб қўяди. Фаришталар илм толиби учун қанотларини пасайтирадилар. Албатта, олим ҳақига осмонлару ердагилар, ҳаттоки, сув остидаги балиқлар ҳам истиғфор айтадилар».
Ҳадисдан
Академик Аъзамхўжаев Анвар Аъзамович ҳаёт бўлганида, 2023 йил 17 февраль куни роппа-роса 95 ёшга тўлар эди. Устоз Тошкент шаҳрида 1928 йил 17 февралда таваллуд топиб, 1994 йил 19 июнда вафот этганлар.
Анвар Аъзамович билан илмий, ташкилий ва ҳуқуқий йўналишларда ҳамжиҳатликда ишлаганмиз. Шунинг учун Устоз ҳаёти ва фаолиятининг ўзим яқиндан билган айрим жиҳатларига мухтасар тўхталаман.
Биринчидан, Анвар ака Аъзамхўжаев ҳақиқий ўзбек зиёлиси эди. Ҳуқуқшунос олим бўлишларига қарамай, академик шоир Ғафур Ғулом, адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов, таниқли санъаткор Зикир Муҳаммаджонов каби турли соҳаларнинг ёрқин намояндалари билан яқин дўст бўлган.
Устоз 1973 йилда Абу Райҳон Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти билан тақдирланган. Қолаверса, 1978 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби” фахрий унвонига сазовор бўлганлари ҳам бежиз эмас.
Маълумки, 1989 йил 24 октябрда «Ўзбекистон ССР Давлат тили ҳақида»ги қонун қабул қилингани муносабати билан унинг қоидаларини жамият ҳаётининг ҳамма томонларига босқичма-босқич жорий этиш чора-тадбирлари кўзда тутилганди. Республика ҳукумати ушбу қонунни амалга ошириш бўйича Комиссия тузган бўлиб, ўша пайтда Тошкент давлат университети кафедра мудири лавозимида ишлаган Анвар Аъзамхўжаев ушбу Комиссия раисининг ўринбосарларидан бири сифатида фаолият олиб борган.
Иккинчидан, А.Аъзамхўжаев йирик ҳуқуқшунос олимдир. У 1949 йилда Тошкент юридик институтини (ҳозирги – Тошкент давлат юридик университетини) тугатган, 1964 йилда юридик фанлар доктори илмий даражасини ёқлаган, 1966 йилда профессор илмий унвонини олган, 1968 йилдан эса Ўзбекистон Фанлар академиясининг мухбир аъзоси бўлган.
Домла узоқ йиллар давлат ҳуқуқи, миллий давлат қурилиши назарияси ва тарихи, конституциявий ҳамда маъмурий ҳуқуқ соҳаларида тадқиқотлар олиб борди. У ҳуқуқшунослик ва адлия масалалари бўйича бир қанча дарслик ва ўқув-методик асарлар муаллифидир. Хусусан, А.Аъзамхўжаевнинг “Ўзбекистон ССР Конституциясининг ривожланиши” (Ш.Ўразаев билан ҳаммуаллифликда; Тошкент, 1957), “Ўзбекистон ССРда таълим ва тараққиёт” (Тошкент, 1971) ҳамда “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ҳуқуқий асослари” (Тошкент, 1993) китоблари шулар жумласига киради.
Энг муҳими, академик А.Аъзамхўжаев ўзбек маъмурий ҳуқуқининг асосчиси ҳисобланади. Атоқли ҳуқуқшунос олим бу борада ўз мактабини яратган, кўплаб шогирдлар етиштирган.
Учинчидан, академик А.Аъзамхўжаев моҳир фан ташкилотчиси ҳам эди. Домланинг ўзбек ҳуқуқшунослик фани равнақига, юқори малакали юрист-олимлар, амалиётчи мутахассислар тайёрлаш ишига қўшган улкан ҳиссаси бу фикримизни яққол тасдиқлайди.
Домла ўзлари таҳсил олган Тошкент юридик институтида 1952-1955 йилларда ўқитувчи, доцент бўлиб ишлаган. Сўнгра 1964-1965 йилларда ТошДУ (ҳозирги – Ўзбекистон Миллий университети) проректори вазифасини бажарувчи, 1971-1985 йилларда ушбу Университет юридик факультетининг декани, 1991-1993 йилларда эса Тошкент давлат юридик институти ректори лавозимларида хизмат қилган.
Тўртинчидан, Анвар Аъзамовичнинг давлат арбоби мақомидаги фаолияти алоҳида эътиборга моликдир. Хусусан, Устоз 1965-1966 йилларда Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг бошқарма бошлиғи, 1966-1970 йилларда эса вазир ўринбосари бўлиб ишлаган. Шунингдек, Домла 1970-1971 йилларда Ўзбекистон Адлия вазирининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Фанлар академияси Президиуми аъзоси ҳамда Фанлар академияси котиби ҳам бўлган.
Бешинчидан, Анвар ака фаол жамоат арбоби ҳам эди. Бу ўринда, хусусан, Домланинг Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий қўмитаси асосчиси эканликларини назарда тутаяпман. Устоз 1993-1994 йилларда раислик қилган ушбу Қўмита мамлакатимиздаги айни соҳага ихтисослашган ва Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтган дастлабки нодавлат нотижорат ташкилоти эди.
Шунингдек, Устоз кўп йиллар “Правоведение” журнали таҳрир ҳайъатининг аъзоси бўлган. Бу нуфузли ҳуқуқий журнал собиқ Иттифоқ Олий таълим вазирлигининг даврий нашри ҳисобланган.
Олтинчидан, академик А.Аъзамхўжаев собиқ СССР Конституциявий назорат қўмитасининг аъзоси бўлган. Конституциявий институтларнинг аҳамияти ҳар бир мамлакатнинг Конституцияси билан белгиланиши маълум. Шу маънода, Устоз хорижий мамлакатлар конституциявий ҳуқуқи бўйича илмий изланишлар олиб бориб, бир қатор дарслик ва қўлланмалар, турли тўпламлар ҳам нашр эттирган.
Яна бир тарихий далил: Ўзбекистон Олий Советининг 1990 йил 20 июндаги қарори билан Биринчи Президентимиз И.А.Каримов раислигида давлат арбоблари, депутатлар, мутахассислардан иборат 64 нафар аъзони ўзида жамлаган Конституциявий комиссия тузилган. Олий Кенгашнинг 1992 йил 2 июлдаги қарорига мувофиқ, ушбу Конституциявий комиссиянинг 71 нафар аъзодан иборат янгиланган таркиби тасдиқланган. Комиссиянинг ҳар икки таркибида ҳам Устоз билан ўзаро яқин ҳамкорликда ишлаганмиз.
Конституциявий комиссиянинг 1991 йил 12 апрелда бўлиб ўтган биринчи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича 32 аъзодан иборат Ишчи гуруҳ тузилгани ёдимда. Ана шу ишчи гуруҳ сафида ҳам Домла билан ҳамжиҳатликда иш олиб борганмиз. Анвар ака Асосий Қонун лойиҳасининг давлат ҳокимиятининг ташкил этилишига оид бешинчи бўлими, мен эса маъмурий-ҳудудий ва давлат тузилишига таааллуқли тўртинчи бўлимини тайёрлашга масъул кичик ишчи гуруҳ таркибида фаолият юритганмиз.
Янада аниқ қилиб айтганда, академик А.Аъзамхўжаев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ томонидан белгиланган дастурнинг бажарилишига раҳбарлик қилган ва бу иш устидан назорат олиб борган. Шу маънода, 1992 йилда қабул қилинган Асосий қонунимизнинг ишлаб чиқилишига Анвар Аъзамович катта ҳисса қўшган ва Домланинг бу борадаги илмий-амалий тажрибаси ҳозирги конституциявий ислоҳот жараёнларида ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
Хулоса ўрнида Анвар Аъзамович ўз қобиғига ўралашиб қолишдан қочадиган, аксинча, собиқ Иттифоқ доирасидаги кўплаб машҳур ҳуқуқшунос олимлар билан яқин ҳамкорлик қилган дўстпарвар ва бағрикенг инсон бўлганларини таъкидламоқчиман. Домла нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиё минтақаси давлатлари учун ҳам малакали юристлар тайёрлаш ишига муносиб ҳисса қўшганлар.
Домла ниҳоятда оилапарвар зот, шогирдларига ғамхўр ва талабчан устоз эди. Сўнги суҳбатларимиздан бирида: “биргина афсусим бор: маъмурий ҳуқуқ бўйича дарслик нашр эттира олмаганим армон бўлиб қолди”, дегандилар. Бугун Анвар Аъзамовичнинг кўплаб салоҳиятли шогирдлари Устознинг ана шу армонини рўёбга чиқармоқда ва умид қиламизки, бундан Домланинг ҳам руҳлари шод бўлмоқда.
Акмал Саидов,
академик,
юридик фанлар доктори
«O‘zbekiston adabiyoti va san'ati» газетасининг 2023 йил 17 февраль кунги 6-сони
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
[1] Шавкат Мирзиёев. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси. Тўлдирилган иккинчи нашри. – Тошкент: “O’zbekiston” нашриёти, 2022. – Б.39.
- Қўшилди: 17.02.2023
- Кўришлар: 4809
- Чоп этиш