Мажбурий меҳнатга барҳам беришда янада мақбул натижаларга эришамиз

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида аввало Ўзбекистонда демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштиришнинг 7 та устувор йўналиши бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритди. Ушбу устувор йўналишлардан бири мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш ҳисобланади.

Айни пайтда Ўзбекистон болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг барча шаклларига барҳам бериш борасида ташлаган амалий қадамлар ижобий самараларини бермоқда. Бу борадаги ютуқларимиз халқаро жамоатчилик томонидан оламшумул янгилик сифатида баҳоланмоқда.

Юртимизда болалар меҳнати ҳамда мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасидаги тизимли ишлар туфайли йилдан-йилга муваффаққиятларга эришилмоқда. Хусусан, 2020 йилда Ўзбекистон ҳукумати Халқаро меҳнат ташкилоти билан биргаликда амалга оширган мониторинглар бўйича ижобий хулоса олингач, хорижий бизнес вакиллари иштирокида Ўзбекистонда инвестиция муҳити кенгая бошлаганини кўриш мумкин.

Бу ҳақда фикр юритганда, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини алоҳида таъкидлаш лозим. Чунки мазкур қарор асосида мажбурий меҳнатга нисбатан жавобгарлик тубдан кучайтирилди.

12 июнь – Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши курашиш куни дунёнинг бошқа мамлакатлари қатори Ўзбекистонда ҳам ҳар йили нишонланади. Ушбу кунни белгилаш ғояси 1997 йил Амстердам ва Ослода бўлиб ўтган конференциялар қарорлари негизида туғилган.

Сўнгра 2002 йили Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) томонидан мазкур сана, яъни 12 июнь – Болалар меҳнатига қарши курашиш куни деб расман эълон қилинган. Ушбу тадбирлар болалар меҳнатини бартараф этиш учун глобал саъй-ҳаракатларни амалга ошириш зарулигига жамоатчилик эътиборини қаратди.

ХМТ томонидан мажбурий меҳнатга жалб қилинган болалар 3 тоифага ажратилган:

биринчи тоифа –  болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари халқаро миқёсда қуллик, болалар савдоси, қуллик меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг бошқа шакллари, болаларни қуролли тўқнашувларда, фоҳишабозлик ва порнография мақсадларида, шунингдек бошқа ноқонуний фаолиятда ишлатиш учун мажбурий ишга олиш;

иккинчи тоифа ушбу турдаги ишлар учун белгиланган энг кам ёшга тўлмаган бола (миллий қонунчиликка ва қабул қилинган халқаро нормалар асосида) томонидан бажариладиган меҳнат шу тариқа боланинг таълим олишига ва унинг ҳар томонлама ривожланишига тўсқинлик қилиши мумкин;

учинчи тоифа боланинг жисмоний, ақлий ёки ахлоқий фаровонлигини ва ривожланишини хавф остига қўядиган иш ёки унинг характери туфайли ёки у амалга ошириладиган шароитлар туфайли “хавфли ва зарарли иш” деб номланади.

Болалар меҳнати муаммоларини ҳал қилишда жамоатчиликни хабардор қилиш ҳамда сафарбар этиш мақсадида шу кунга қадар дунёнинг кўплаб мамлакатларида давлат ва нодавлат ташкилотлар ҳамда муассасалар томонидан турли тадбирлар ўтказилади. Расмлар кўргазмалари, янги сайтлар тақдимотлари, оммавий акциялар, спорт мусобақалари, болалар байрамлари, спектакллар шулар жумласидандир.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам болалар меҳнатига қарши курашиш борасида сезиларли ишлар амалга оширилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси, жумладан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги саъй-ҳаракатлари билан Ўзбекистонда болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилди.

ХМТ билан фаол ҳамкорлик натижасида мазкур халқаро ташкилотнинг “Болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларига барҳам бериш ва тақиқлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 182-конвенцияси ратификация қилинган.

2017 йил 4 октябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ва халқаро меҳнат стандартларига мувофиқ фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга доир чора-тадбирларни кучайтириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан бирон-бир шаклда фойдаланишнинг олдини олиш ва бунга йўл қўймаслик бўйича ушбу йўналишда комплекс ташкилий-амалий чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган парламент назорати институти жорий этилди.

Шунингдек, кўрилган чора-тадбирлар болалар меҳнатига тўлиқ барҳам бериш ҳамда мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва бунга йўл қўймаслик учун етарли норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш имконини берди. Бу, ўз навбатида, жаҳон ҳамжамияти, хусусан, ХМТ, Жаҳон банки ва Европарламент томонидан юқори баҳоланди.

Шу билан бирга, сўнгги пайтда барча даражадаги ҳокимлар томонидан таълим, соғлиқни сақлаш соҳалари ва бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини ҳудудларни ободонлаштириш ҳамда қишлоқ хўжалигидаги турли ишларга мажбурий жалб қилиш шаклида меҳнат қонунчилиги нормаларини бузиш билан боғлиқ айрим ҳолатлар кузатилмоқда. Бунда мансабдор шахсларнинг хизмат мавқеини суиистеъмол ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Шунинг учун сўнгги йилларда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйилганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Жиноят кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, 2019 йил 28 августдаги Ўзбекистон Республикаси Қонунига кўра Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, эндиликда меҳнатга бирон-бир шаклда мажбурлаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 30 бараваригача, агар бир йил ичида бу ҳол қайта содир этилса, 30 баравардан 100 бараваргача жарима солиниши белгиланди. Шунингдек, оғир шароитларда меҳнат қилиш тақиқини такроран бузганларга нисбатан жиноий жавобгарлик кўзда тутилган.

Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбари Женевадаги чиқишида "Болалар меҳнатига барҳам бериш халқаро йили" деб эълон қилинган жорий йилда Ўзбекистонда Болалар Омбудсмани тўғрисидаги қонун қабул қилинишига жаҳон ҳамжамияти эътиборини қаратгани шуни англатадики, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам беришда қонун асосида кутилган мақбул натижаларга эришамиз.

Бу жуда муҳим. Чунки халқимиз қадр-қиммати,  инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ижобий имижини мустаҳкамлашда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалалари катта аҳамият касб этади.

 

Лобар Рўзиқулова,
Марказнинг Таҳририят-нашриёт бўлими
етакчи мутахассиси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech