Инсоннинг ўзлиги, унинг мукаммал шахс бўлиб вояга етиши, яхши таълим-тарбия олиши, келажаги оиладек табаррук қўрғон билан узвий боғлиқдир.
Мамлакатимиздаги ислоҳотлар оила қадриятини мустаҳкамлаш, мавжуд 10 миллиондан ортиқ оилалар, шунингдек, келгусида қурилажак ёш оилаларнинг тотув ва ҳамжиҳат яшашини таъминлашга қаратилган.
Оилаларни асраб-авайлаш борасидаги ишларини янги босқичга кўтариш мақсадида юртимизда 5 майдан 5 июнгача “Фаровон оила сари” ойлиги ўтказилади. 15 май – “Халқаро оила куни” сифатида кенг нишонланади.
Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ахборот хизмати маълумотига кўра, Президентимиз ташаббуси билан “Ибратли оила” кўкрак нишони билан тақдирланадиган 208 та оилалар сони жорий йилда 2000 тага етказилди.
15 май – Халқаро оила куни арафасидаги тантаналарда ушбу оилаларга “Ибратли оила” кўкрак нишони ва пул мукофотлари топширилади. Улар яшайдиган хонадонлар ва уй-жойларнинг кириш қисмига фахрли белги ўрнатилади.
“Фаровон оила сари” ойлиги доирасида “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи” кўрик-танлови ўтказилади. Бу жараёнда “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оилалари – ёшлар учун ибрат мактаби” номли тадбирлар ҳамда Қуролли Кучлар тузилмаларида фаолият юритаётган ҳарбий оилалар ўртасида “Янги Ўзбекистоннинг ҳарбийлар оиласи” танловининг республика босқичи ташкил этилади. Ғолиблар ҳамда номинациялар совриндорлари Халқаро оила куни арафасида муносиб тақдирланади.
“Менинг оилам – менинг фахрим” мавзусида флешмоб ва “Янги Ўзбекистоннинг бахтли оиласиман” челленжлари ўтказилади. Турли долзарб мавзуларда маънавий-маърифий тадбирлар, маҳалла гузарлари, меҳнат жамоаларида миллий қадриятларни улуғлашга оид учрашувлар ташкил этилади. Низоли оилаларни муросага келтириш мақсадида масъул ташкилотларнинг маҳаллаларда “Сайёр қабуллари” ўтказилади.
“Оила ва хотин-қизлар масканлари”нинг тантанали очилиш тадбирлари давом эттирилади. Республика бўйлаб “Кашталар жилоси” кўргазмалари, қадим ва шукуҳли Бухорода либослар намойишлари ўтказилади. “Оилавий ҳунармандларнинг мамлакатнинг туризм жозибадорлигини оширишга қўшаётган ҳиссаси” мавзуида ҳунарманд-тадбиркор оилаларнинг илмий анжумани, “Оила институтини мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари: фаровон оила ва барқарор келажак” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция, “Янги Ўзбекистон оиласи – ўзаро ишонч, ҳуқуқий кафолат таянчи” мавзуида илмий-амалий конференциялар ўтказилади.
“Масъулиятли ота-оналик” лойиҳасининг мазмун-моҳияти кенг тарғиб этилиб, амалиётга жорий этилади. Маҳаллаларда хотин-қизларни оммавий спорт мусобақаларига жалб қилиш ишлари давом эттирилади.
“Соғлом оила учун бирлашайлик!” спорт марафони, "Спорт сайли" тадбирлари ушбу лойиҳага ўзгача шукуҳ бағишлайди. Ҳудудлар, туман (шаҳар) марказларидаги истироҳат боғларида узоқ йиллардан буён бирга аҳил яшаб келаётган нуроний жуфтликлар, ёш келин-куёвлар иштирокида “оилалар сайли” (“оилафест”) ташкиллаштирилади.
Унда маданий-маърифий тадбирлар, спорт ўйинлари, болаларга мўлжалланган дастурлар намойиши, ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари, оила қадрияти мазмунига мос бошқа тадбирлар ўтказилади.
Оилада ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, оила-турмуш доирасида ҳамда хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, тазйиқ ва зўравонликка қарши муросасизлик муҳитини яхшилаш мақсадида “Оила тинч – юрт тинч” шиори остида тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилади. Таълим муассасаларида “Оила болалар нигоҳида” расмлар, “Менинг оилам – фахрим” мавзуида иншолар, оила ҳақидаги мақолалар, шеърлар танловлари ташкил этилади.
“Хавфсиз оила” тамойилини амалга оширишда хотин-қизлар ва маҳалланинг криминологик фаолиятидаги муҳим жиҳатлар” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ташкил этилади.
Маҳалла хотин-қизлар фаоллари томонидан уйма-уй юриш орқали оғир вазиятдаги хотин-қизлар қўллаб-қувватланади.
Н.Усмонова, ЎзА мухбири
- Қўшилди: 02.05.2025
- Кўришлар: 129
- Чоп этиш