Мамлакатимизда хотин-қизлар учун барча эшиклар очиқ

8 март – Халқаро хотин-қизлар куни арафасида “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази хотин-қизларнинг ўз ижтимоий ва иқтисодий аҳволи, ҳаётдаги орзу-умидлари, мураккабликлар ва истиқболларини идрок этишига бағишланган кенг кўламли тадқиқот ўтказди.

Сўровда турли ёш тоифалари, таълим даражаси, бандлик соҳалари ва ижтимоий гуруҳларни ифода этувчи 18 ва ундан катта ёшдаги хотин-қизлар қатнашди. Тадқиқотнинг Марказ мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган стандартлаштирилган миқдорий саволнома ёрдамида ўтказилиши объектив ва репрезентатив маълумотларни олиш имконини берди.  

Тадқиқот замонавий хотин-қизлар учун долзарб бўлган мавзуларнинг кенг кўламини қамраб олди. Хусусан, хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи ва мамлакатда гендер тенгликни таъминлаш истиқболлари, хотин-қизларнинг меҳнат ва мартабада ўсишга муносабати, даромадлар ва оилавий ҳаётдан аёлларнинг қониқиш даражаси, шунингдек, давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашнинг фойдаланиш имкони мавжуд механизмларидан хабардорлик даражаси ҳамда яқин истиқболда хотин-қизларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг устувор йўналишларини белгилашга оид таклифлар шулар жумласидандир.  

Сўровда олинган натижалар хотин-қизларнинг интилишлари оламига назар ташлаш, уни чуқурроқ англаш ва замонавий Ўзбекистон хотин-қизларининг ўй-хаёлларидан бохабар бўлиш имконини беради. Олинган маълумотлар хотин-қизларнинг имкониятини кенгайтириш ва ҳаёт сифатини ошириш, уларнинг шахсий ва касбий камолоти учун қулай шарт-шароитларни яратишга қаратилган самарали ижтимоий, иқтисодий ва гендер сиёсатини шакллантириш учун алоҳида аҳамиятга эга.  

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳолатини яхшилаш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳририда алоҳида ўрин тутади. 42 ва 58-моддалар хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш, улар учун муносиб турмуш ва меҳнат шароитларини яратиш, жамият ҳаётининг барча жабҳаларида тенг имкониятларни таъминлашни назарда тутади.  

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, гендер тенглик ва хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишни таъминлаш сиёсатини давом эттириш йўли билан раҳбарлик лавозимларида хотин-қизларнинг улушини 30 фоизгача кўпайтириш масалалари фаол илгари сурилмоқда.  

Ўзбекистон Республикасида 2030 йилгача гендер тенгликка эришиш стратегияси қабул қилинди.  

Ўзбекистон хотин-қизларнинг аҳволини яхшилаш йўлида салмоқли ютуқларга эришди, бунинг натижаси ўлароқ, мамлакатимиз, жумладан, дунёнинг 190 та давлатидаги хотин-қизларнинг аҳволини меҳнат муносабатлари ва оиладаги зўравонликдан ҳимоя қилиш каби ўнта асосий кўрсаткич бўйича баҳолаган “Хотин-қизлар, бизнес ва қонун 2024” индексида энг юқори балл тўплаган давлатларнинг биринчи бешталиги қаторидан жой олди.  

Сўнгги йилларда ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилаётгани “меҳнатга ҳақ тўлаш“ ва «никоҳ» деб аталмиш икки муҳим жиҳатга ижобий таъсир кўрсатди. Мазкур ўзгаришлар мамлакат рейтингини 11,9 баллга яхшилаш имконини берди, Ўзбекистон белгиланган 100 баллдан 82,5 балл тўплади. Таъкидлаш жоизки, жаҳондаги етакчи давлатларнинг кўрсаткичлари билан таққосласа бўладиган ушбу ютуқ орқали Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг яхши мамлакатлар орасида ҳам ажралиб туради.  

Ислоҳотларнинг асосий жиҳатларидан бири тенг қийматдаги меҳнат учун хотин-қизларга эркаклар билан тенг ҳақ тўлашни кафолатловчи нормаларнинг қабул қилиниши бўлди. Бундан ташқари, хотин-қизларнинг айрим тармоқларга ишга кириши бўйича чекловларнинг бекор қилиниши натижасида уларнинг касбий ўсиши ва мартабавий юксалиши учун янги имкониятлар очилди.  

Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш бўйича қатъий қадамлар қўйилди, Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга хотин-қизларни жисмоний, руҳий ва иқтисодий зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартиришлар киритилди ва эндиликда бундай жиноятлар учун жиноий жавобгарлик белгиланди.  

2022-2026 йилларда мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида хотин-қизлар фаоллигини ошириш миллий дастурига мувофиқ, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг мамлакат ва жамият ҳаётидаги ролини ошириш, саломатлигини муҳофаза қилиш, касб-ҳунарга ўргатиш, бандлигини таъминлаш, хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, муҳтож хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва гендер тенгликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар белгиланди.  

Хотин-қизлар масаласига бағишланган социологик тадқиқотлар, жамоатчилик фикри сўровлари жамиятнинг асл моҳиятини, унда юз бераётган ўзгаришлар, даъват ва умидларини тушунишнинг калитидир, бунда хотин-қизларнинг тажрибаси, интилиши ва ҳиссаси тараққиётнинг ҳаракатлантирувчи кучига айланади. Ўтказилган тадқиқот натижалари ижобий тенденциялар ва сақланиб қолаётган даъватлар бирикмаси билан ажралиб турадиган замонавий Ўзбекистон хотин-қизлари аҳволининг кўп қиррали манзарасини ифода этади. Азалдан анъаналарни сақловчи оила суянчи бўлиб келган хотин-қизлар бугун илм-фан, бизнес, сиёсат ва ижтимоий ҳаётда ўзини ишончли равишда намоён этмоқда.  

Сўров маълумотлари бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизлар учун барча эшиклар очиқ эканлигини тасдиқлайди. Кучайтирилган ҳуқуқий муҳофаза хавфсизлик ва адолатни кафолатлайди, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш хотин-қизларнинг тадбиркорлик, ижодиёт, таълим ва ижтимоий фаолиятда ўз салоҳиятини рўёбга чиқаришига хизмат қилмоқда. Хотин-қизлар раҳбарлик лавозимларини эгалламоқда, инновациялар соҳасида янги урфларни жорий этиб, илҳомлантириб, етакчилик қилмоқда. Оналик – бу муқаддас вазифа, лекин энди у имкониятларни чекламайди, балки тўлдирмоқда. Ривожланаётган ижтимоий дастурлар, имкони бор таълим ва соғлиқни сақлаш ҳар бир хотин-қизга ўз меҳнати ва фидойилигининг қадрланиши ҳамда қўллаб-қувватланишини билган ҳолда, келажакка ишонч билан қараш имконини бермоқда.  

Ўтказилган тадқиқот натижалари ҳаётимизнинг турли соҳаларида хотин-қизларнинг ўсиб бораётган ролини акс эттирган ҳолда гендер тенгликни ривожлантиришдаги сезиларли ўсишларни намоён этди. Мамлакатимиз хотин-қизлари ўртасида ўтказилган сўровда уларнинг ўз ҳуқуқ ва имкониятларига ишончи юқори эканлиги аниқланди. Бу хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш, уларнинг таълим олиш имкониятларини ошириш, касбий истиқболларини кенгайтириш ва хотин-қизлар салоҳиятини ҳар томонлама рўёбга чиқариш ва янада тўлиқроқ очиб беришга монелик қилаётган мавжуд тўсиқларни бартараф этишга қаратилган давлат сиёсатининг самарадорлигини тасдиқлайди.  

Олинган маълумотларнинг таҳлили оилавий ролларнинг давом этаётган трансформацияси, анъанавий асосларнинг ўзгариши ва жуфтликлар ўртасидаги шериклик ғояларининг мустаҳкамланаётганидан дарак беради.  

Ўзбекистонлик хотин-қизларнинг кўпчилигига ижтимоий некбинликнинг юксак даражаси, келажакка ва ижобий ўзгаришларга бўлган ишонч хосдир. Олинган маълумотлар шуни тасдиқлайдики, хотин-қизлар ўзгаришларни шунчаки кутишмайди, улар бунга тайёр, тараққиёт сари интилиб, ундаги янги имкониятлар, танлов эркинлиги ва жамиятдаги ўз роли кучаяётганини кўриб, келажакка ишонч билан қарайди.  

Сўровда фуқароларнинг эркаклар ва аёллар учун олий маълумот олишнинг устуворлиги ҳақидаги фикри ўрганилди. Бинобарин, ҳар ким жинсидан қатъи назар олий маълумотга эга бўлиши зарурлигига 81,1 фоиз сўров иштирокчиларининг ишончи комил, чунки олий маълумотга эга бўлиш ўз келажагини яхшироқ таъминлаш, обрўлироқ иш топиш ва оила бюджетига салмоқли ҳисса қўшиш имконини беради.  

Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, таълимдан фойдаланиш имкони, иш билан таъминлаш ва хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш имкониятлари хотин-қизлар аҳволининг яхшиланишига ёрдам берадиган асосий омиллар ҳисобланади. Сўров иштирокчилари таъкидлаганидек, ҳуқуқий саводхонликни кенгайтириш, ҳуқуқлар муҳофазасини кучайтириш ва мослашувчан бандлик шарт-шароитларини жорий этиш хотин-қизлар салоҳиятини рўёбга чиқариш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эришиши учун янада қулайроқ муҳит яратиш имконини беради.  

Сўров шуни кўрсатдики, мамлакатдаги аксарият хотин-қизларнинг касбий фаолиятнинг муҳимлиги тўғрисидаги тасаввури мустаҳкамланмоқда. Сўров маълумотларига кўра, касбий фаолият билан бирга уйда оилавий мажбуриятларни баравар бажариш қобилияти аксарият респондент хотин-қизларга хосдир. Кўпчилик хотин-қизлар ўз касбий фаолияти ва таълимга бўлган интилишларида оила томонидан қўллаб-қувватланишини ҳис қилаётгани уларнинг ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратади.  

Тадқиқот давомида аёл киши фақат оила билан, яъни уй юмушлари билан шуғулланиши, турмуш ўртоғига ғамхўрлик қилиши, болалар тарбияси билан шуғулланиши керакми ёки у ҳам уйдан ташқарида иш билан таъминланиб, оилавий мажбуриятлар ва касбий фаолиятни уйғунлаштириши мумкинми, деган фикр-мулоҳазаларнинг кенг кўлами аниқланди. Сўров шуни кўрсатдики, фуқаролар ўртасида аёл ишни ҳам, оилани ҳам муваффақиятли бирлаштира олади, деган фикр устунлик қилади – бу кўрсаткич 78,2 фоизни ташкил этди.  

Сўров маълумотлари хотин-қизларнинг молиявий мустақилликка интилиши ва мартабага эришиш имкониятлари кенгайганини аниқлади. Сўралганларнинг ярмидан кўпи таълимни давом эттириш истагини билдирди, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишдан манфаатдор, бу эса хотин-қизларнинг ўзини ўзи рўёбга чиқариш салоҳияти юқори эканлигини кўрсатади. Сўров иштирокчиларининг ўзларига бизнес ва молия соҳасидаги билимларнинг етишмаётганини кўрсатиши ихтисослаштирилган таълим ташаббусларига бўлган эҳтиёжни таъкидлайди.  

Умуман олганда, ўтказилган тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, замонавий Ўзбекистон хотин-қизлари оила, жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этиб, анъанавий қадриятлар ва янги имкониятларни ишончли тарзда мужассамлаштирмоқда. Аксарият хотин-қизлар эркаклар билан тенг ҳуқуқларни ҳис қилади, касбий ўсишга интилиб, касбий фаолият билан оилани ҳамоҳанг бирлаштириб, мартабада муваффақиятли равишда ўсмоқда. Хотин-қизлар учун илм-фан, бизнес, сиёсат ва ижтимоий ҳаётда янги уфқлар очилмоқда. Давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли уларнинг камолоти учун қулай шарт-шароитлар яратилмоқда, мамлакатимиз хотин-қизлари ўзини ўзи рўёбга чиқаришда қўллаб-қувватлаш, эътироф ва кенг имкониятларни ҳис қилмоқда, хотин-қизларимизнинг куч-қуввати, оқилалиги ва муваффақият сари интилиши жамиятнинг ҳаракатлантирувчи кучига айланмоқда.  

Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech