Маърифий жамиятнинг виждони эркин, эътиқоди мустаҳкам бўлади

Нуқтаи назар

Инсоний қадриятлар ва маънавий ҳаёт улуғланадиган, виждон эркинлиги, диний бағрикенглик барқарор бўлган жамият жадал ривожланади. Яъни маънавий баркамол жамиятда диний бағрикенглик устувор бўлади. Бу ўз-ўзидан аҳиллик, бирдамликка хизмат қилади. Шу маънода, юртимизда халқни рози қилишга қаратилган сиёсат замирида виждон эркинлигини таъминлашга алоҳида эътибор берилаётгани бежиз эмас. Чунки инсон ҳуқуқини кафолатлаш орқали ривожланиш, Учинчи Ренессансни барпо этишдай юксак маррага эришиш осон кечади. 

Кейинги йилларда юртимизда маънавият ва маърифатга эътибор кучайиб, давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айлангани кишини қувонтиради. Хусусан, Президентимизнинг шу йил 21 апрелдаги “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони соҳада ислоҳотлар янги босқичга чиққанидан далолат беради. Мазкур тарихий ҳужжат ҳақида сўз борар экан, соҳадаги қатор устувор жиҳатларни эътироф этиш керак. 

Биринчидан, юртимизда хилма-хил диний эътиқодга эга инсонларнинг бир заминда ягона халқ бўлиб, эзгу ғоя атрофида ҳамжиҳатликда яшаши бағрикенгликнинг ёрқин намунасидир. Президентимиз таъкидлаганидек, “Бизнинг қадимий ва саховатли заминимизда кўп асрлар давомида турли миллат ва элат, маданият ва дин вакиллари тинч-тотув яшаб келган. Меҳмондўстлик, эзгулик, қалб саховати ва том маънодаги бағрикенглик бизнинг халқимизга доимо хос бўлган ва унинг менталитети асосини ташкил этади”. 

Чуқур ўйланган миллий ва диний сиёсат туфайли янги Ўзбекистон бугун дунё мамлакатлари учун бағрикенгликни ўзида мужассам этган мамлакат сифатида намуна бўлмоқда. 

Бугун юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та конфессия вакиллари тинч-тотув яшамоқда. Хусусан, бугунги кунда Ўзбекистонда фаолият юритаётган диний ташкилотлар сони 2 минг 356 тага етиб, шундан 2 минг 159 таси исломий, 197 таси бошқа конфессияларга тегишлидир. Сўнгги саккиз йилда Ўзбекистонда жами 130 та — 3 та олий ва 1 та ўрта махсус ислом билим юрти, 102 та масжид ҳамда турли конфессияга тааллуқли 24 та ноисломий диний ташкилот давлат рўйхатидан ўтказилди. 2017 йилга қадар мамлакатимизда 1 та олий (Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти) ҳамда 11 та ўрта махсус диний таълим муассасаси (9 та исломий, 2 та христиан) фаолият юритган. Бугун эса 16 та диний таълим муассасаси бор, уларнинг 4 таси олий ўқув юртидир.

Иккинчидан, кейинги йиллардаги ислоҳотлар туфайли жамиятимизда фуқароларнинг виждон эркинлиги ва диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш борасида улкан натижаларга эришилди. Айни пайтда, жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирларимизнинг бой илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва тарғиб этишга катта эътибор берилмоқда. Мақсад униб-ўсиб келаётган ёш авлодни ватанга садоқат, миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашдир. Қолаверса, бу ислоҳотлар замирида юртимизнинг жаҳон цивилизацияси бешиги сифатидаги тарихий мақоми ва нуфузини тиклашдай эзгу ният бор. 

Ўтган қисқа вақтда Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Самарқандда Ҳадис илми мактаби, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси ташкил этилди. Ушбу муассасалар “Жаҳолатга қарши маърифат” эзгу умуминсоний ғояси асосида жамиятда соғлом маънавий муҳитни таъминлашга, ёшларни замонавий фикрлайдиган ва буюк аждодларимизга ҳар жиҳатдан муносиб этиб тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Бундан ташқари, БМТ томонидан Ўзбекистон ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси қабул қилинди, 2019 йилдан бери 16 ноябрь — Халқаро бағрикенглик куни юртимизда ҳафталик тарзида кенг нишонланмоқда. Қолаверса, 2023 йилдан бошлаб аҳоли ўртасида динлараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатлик, тотувлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш, диний-маърифий соҳа ривожига улкан ҳисса қўшган шахслар “Диний бағрикенглик” кўкрак нишони билан тақдирланиб келинмоқда.

Учинчидан, шиддат билан ўзгариб бораётган бугунги мураккаб шароитда дунёда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар мамлакатимизда “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган халқчил тамойилга асосланган ислоҳотлар тўғри эканидан далолат бермоқда. 

Президентимиз илгари сурган эзгу ташаббуслардан бири — инсон қадри тамойили ҳар бир инсон эътибор ва эъзозга муносиб экани, виждон эркинлиги масаласи эса эътиқод қилиш ёки қилмаслик борасидаги танлов ва ҳурфикрлиликни ифода этадиган олий даражадаги қадрият эканини англатади. 

Ўтган йиллар давомида “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун такомиллаштирилди. Аммо соҳага Президент даражасидаги эътибор янги Ўзбекистон шароитида амалга ошди. 

2018 йил 16 апрелда илк бор Президентнинг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Улкан ижобий ўзгаришларга асос солган ҳужжатда “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси соҳанинг устувор вазифаси этиб белгиланди. Илм-маърифат билан барча масалаларни ҳал этиш маъносини ўзида ифода этган мазкур эзгу тамойил асосида мамлакатимизнинг барча ҳудудида тизимли фаолият сифатида йўлга қўйилди. 

Тўртинчидан, кейинги йилларда юртимизда виждон эркинлиги ва диний соҳада давлат сиёсати такомиллашди. Бу фуқароларнинг эътиқод эркинлигини кафолатлаш ва диний соҳага оид масалаларни ҳуқуқий асосда ҳал этишда туб бурилиш ясади. Ушбу йўналишда илгари сурилган концептуал ёндашувлар нафақат мамлакат ичида, балки халқаро майдонда ҳам эътироф этилмоқда.

Мамлакатимизда фуқароларнинг дини, эътиқоди, миллий мансублиги, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари тўлиқ рўёбга чиқарилмоқда. Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли –инсонларнинг динга муносабатидан келиб чиқиб устунлик бермаслик, камситишга йўл қўймасдан виждон эркинлигини кафолатлаш, дея белгилаб олинди. 

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг шу йил 21 апрелдаги “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, бир томондан, ушбу йўналишдаги ислоҳотлар учун муҳим ҳужжат, иккинчидан, соҳага Президент даражасида берилаётган доимий эътиборнинг муҳим намунаси бўлди. Зеро, у орқали давлат ва дин муносабатлари очиқлиги, шаффофлиги, диний ташкилотларнинг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлаш, шунингдек, диний-маърифий фаолиятни илмийлик, миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида ташкил этиш каби устувор вазифалар белгилаб берилди.

Бешинчидан, ушбу фармон билан фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш ва уни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қатор устувор йўналишлари белгиланди. Хусусан, жамиятда диний бағрикенглик ва конфессиялараро тотувликни янада мустаҳкамлашга оид илғор механизмларни жорий этиш кўрсатиб берилди. Қолаверса, илм-фан ва жаҳон цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аждодларнинг инсонпарварлик, эзгулик, тинчлик, бағрикенглик каби умуминсоний ғояга асосланган диний-фалсафий меросини чуқур ўрганиб, кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилди. Фикримизни “Мотуридийлик — бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилгани ҳам тасдиқлайди. 

Бундан ташқари, соҳада кадрларни тайёрлашга ҳам жиддий эътибор берилмоқда. Мақсад аҳоли орасида бирдамлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат руҳини кучайтиришдир. Бу борада ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга қаратилган долзарб илмий тадқиқотлар қўллаб-қувватланмоқда. Натижада соҳада халқаро ҳамкорлик муносабатлари янада ривожланиб боряпти. Бунинг барчаси юртимизда турли миллатлар, конфессиялар ва дин вакиллари ўртасида дўстлик ва тотувлик муҳитини яратишга қаратилган ишлар янада самарадор бўлишига қаратилган. 

Олтинчидан, мазкур фармон Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари, хусусан, виждон эркинлиги бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларни амалда бажараётганини яққол намоён этди. Унда юртимизда виждон эркинлигини кафолатлаш, диний бағрикенглик, фуқаролараро тотувлик ҳамда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш мақсадида “Бағрикенг жамият — барқарор давлат” тамойили асосида Дин ишлари бўйича қўмита билан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ички ишлар вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг янги ҳамкорлик тизимини йўлга қўйиш зарурлиги белгиланди. Мақсад – аҳоли, хусусан, ёшлар орасида улуғ аждодларимизга хос бағрикенглик ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, шу орқали Ўзбекистон аҳолисининг дини, эътиқоди, миллий мансублиги, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини муттасил ва ишончли таъминлашдир. Бунга эришиш учун жамиятда виждон эркинлигини давримизга хос тарзда кафолатлаши шарт. 

Еттинчидан, ҳар бир соҳада бўлгани каби диний-маърифий соҳада ҳам етук кадрларга эҳтиёж бор. Ҳозир диний ва дунёвий билимларни чуқур эгаллаган, жаҳонда бўлаётган воқеа-ҳодисаларни баҳолай оладиган шахслар жуда зарур. Чунки улар умумбашарий муаммоларнинг салбий таъсирига қарши курашишни яхши билади. Олдимизда ана шундай ёшлар сафини кенгайтириш вазифаси турибди. 

Шу мақсадда, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида 2019 йилдан бери фаолият кўрсатаётган Малака ошириш маркази диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институтига айлантирилди. Бу маърифий ҳаётимизда жуда катта қувончли воқеа бўлди. Халқимиз, айниқса, соҳа вакиллари мазкур янгиликни кўтаринки кайфиятда қарши олди. 

Институт исломшунослик, диншунослик, давлат ва дин муносабатлари асослари, шунингдек, радикаллашувнинг олдини олиш йўналишларида диний соҳа мутахассисларининг малакасини оширади ва қайта тайёрлашга масъул муассаса ҳисобланади. 

Глобал дунё ҳар сонияда ўзгариб, тусланиб бормоқда. Ёт ғоялар тарғиботи ҳам замонга мослашиб, ўзгармоқда. Уларга қарши туриб, жамиятни бирдамликка чақирадиганлар замондан бир қадам олдинда юриши керак бўлади. Шунинг ўзиёқ институтнинг олдида қатор муҳим вазифалар борлигидан далолатдир. 

Очиғини айтиш керак, ҳозирга қадар Малака ошириш маркази сифатида фаолият юритган мазкур муассаса аудиториялар етишмаслиги, тингловчилар учун турар жой масаласида қатор мушкулликларни бошдан кечириб келган. Мазкур фармон эса бу муаммоларга биргина банд билан ечим беради. Ташкил этилган янги институтга барча эҳтиёжлари учун етарли бўлган алоҳида бино ажратилгани фикримизнинг яққол исботидир.

Давлатимиз раҳбарининг: “Барчамиз учун Ватан битта. Бизни ягона, улуғ бир мақсад бирлаштиради. У ҳам бўлса, юртимиз тинчлиги, Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигидир”, – деган сўзлари теран фикрли ҳар бир зиёлини доим ҳушёр ва сергак туришга, замон билан ҳамнафас бўлиб, юрт учун хизмат қилишга ундайди.

Шундай экан, биз педагог кадрлар жамоаси жамият тинчлиги, ватан равнақи йўлида ҳамиша изланишда бўлишимиз лозим. Ўзбек халқи учун долзарб бўлган ушбу фармон ватан тинчлиги ва осойишталиги йўлида, айни вақтда, ўта теран мулоҳазалар билан эълон қилинган муҳим ҳужжат сифатида тарих зарварақларидан жой олади. Бу, ўз навбатида, мазкур ҳужжатда белгилаб берилган вазифаларни адо этиш учун зиммамизга улкан масъулият юкланганидан далолат беради.

Хусниддин АҲМЕДОВ, 

сиёсий фанлар доктори, профессор

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech