5-6 сентябрь кунлари Қозоғистоннинг Нур-Султон шаҳрида Ҳуқуқ субъектилигини белгилаш ва фуқаросизликка барҳам беришга доир ҳуқуқ масалалари бўйича Иккинчи минтақавий конференция бўлиб ўтди.
«Ҳеч ким туғилганиданоқ унутилмаслиги шарт» деб номланган ушбу анжуманда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон давлатлари турли мутасадди идора ва ташкилотлари раҳбар ва мутахассислари, БМТнинг Қочоқлар бўйича бошқармаси, БМТ Осиё ва Тинч Океани минтақаси бўйича иқтисодий ва ижтимоий комиссияси, БМТ Болалар жамғармаси каби халқаро ташкилотлар экспертлари иштирок этди.
Мамлакатимиз делегацияси таркибида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва маърифат бўлими бош мутахассиси Л.Исҳоқова ушбу анжуманда қатнашди.
Л.Исҳоқованинг қайд этишича, конференцияда минтақамиз мамлакатларида туғилишни рўйхатга олиш ва фуқаросизликка барҳам беришга доир долзарб масалалар муҳокама қилинган.
Ўзбекистон делегацияси анжуман иштирокчиларини мамлакатимизда барча болаларнинг туғилганиданоқ рўйхатга олиниши, фуқаросизликка чек қўйилгани ва келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан таништирганлар.
Конференция иштирокчилари томонидан мамлакатимизда фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари ўз вақтида қайд этилишини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари ижобий деб баҳоланган. Бугунги кунда барча болаларнинг туғилиши белгиланган тартибда ФҲДЁ органларида қайд этилиб борилаётгани эътироф этилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 10.09.2019
- Кўришлар: 6052
- Чоп этиш