Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси мажлисида ногиронлиги бўлган болаларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга оид қонунлар дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд айрим тоифалари ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг масъулиятини ошириш масаласига эътибор қаратилди.
Мажлисда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ижтимоий хизматлар сифатини яхшилаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш механизмларини такомиллаштириш зарурати юзага келаётгани қайд этилди.
Интеллектуал мулк объектларининг ҳамда товар белгисига бўлган ҳуқуқларнинг муҳофазасини кучайтириш, давлат буюртмачилари томонидан давлат харидларини амалга оширишда рақобат муҳитини таъминлаш ишларини ҳам такомилига етказиш лозимлигига урғу берилди.

Ижтимоий ҳимояни кучайтириш мақсадида “Шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида” ҳамда “Автомобиль транспорти тўғрисида”ги қонунларда айрим тоифадаги ногиронлиги бўлган шахсларга ҳамда уларга ҳамроҳлик қилувчи шахсларга шаҳар йўловчи транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилиши назарда тутилмоқда.
Ногиронлиги бўлган болаларга кўрсатиладиган кундузги парвариш хизмати учун тўланадиган тўловлар солиқ солинмайдиган даромадлар тоифасига киритилмоқда. Бундан ташқари, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларни ишга жойлаштириш кафолатлари кучайтирилмоқда.
Муҳокама қилинган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 10.10.2025
- Кўришлар: 54
- Чоп этиш