Жорий йилнинг 16 апрель куни Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси ҳамда халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамиятга мослашувини таъминлаш ҳамда бу борада Фарғона вилоятида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Тадбирда сенаторлар, Фарғона вилояти Кенгашининг депутатлари, доимий комиссиялари раислари, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда вилоятдаги соҳага масъул раҳбарлар иштирок этди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда сўнгги беш йил давомида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини тўлақонли ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ратификация қилиниб, уни амалга ошириш бўйича 2023–2025 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режаси қабул қилинди.
Ушбу ҳужжатлар ижроси доирасида ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар ва тиббий ёрдамлар кўлами кенгаймоқда. Шунингдек, инклюзив таълим, қулай ва тўсиқларсиз муҳит яратиш йўналишларида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Ушбу соҳада қонунчилик ҳужжатлари ижроси Фарғона вилоятида ўрганилганида қатор ишлар амалга оширилаётганлиги ва бунинг натижасида ногиронлиги бўлган шахсларга янада қулай шароитлар яратилаётганлиги таъкидланди.
Жумладан, 2023 йилда 2 895 нафар, 2024 йилда эса 8 472 нафар ногиронлиги бўлган шахс умумий 15,8 млрд сўмлик протез мосламалари ва реабилитация воситалари билан таъминланди. Шунингдек, ихтисослаштирилган тиббий хизматлар доирасида 2023 йилда 4 098 та, 2024 йилда 5 013 та имтиёзли йўлланма берилди. Бундан ташқари, 2023 йилда 1 035 нафар, 2024 йилда 1 122 нафар шахсга жарроҳлик амалиёти амалга оширилди.
2024 йилда вилоятда “Аёллар дафтари”да рўйхатда турган 9 882 нафар ногиронлиги бўлган хотин-қизга 13,7 млрд сўмлик ёрдам кўрсатилди. Шу жумладан, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган 6 741 нафар хотин-қизга 8,9 млрд сўмлик, ногиронлиги бўлган фарзанди учун 3 124 нафар оналарга 4 млрд сўмлик бир марталик моддий ёрдам берилди ҳамда 17 нафар ногиронлиги бўлган шахснинг уй-жойи таъмирланди.
Ногиронлиги бўлган шахсларга тўсиқларсиз муҳитни яратиш мақсадида ўтган йилда 9 та тиббиёт муассасасидаги лифтлар янгисига алмаштирилди, 41 та тиббиёт муассасасидаги пандуслар таъмирланди, 40 та жамоат транспорти воситаси ногиронлиги бўлган шахсларга мос равишда жиҳозланди.
Мажлисда ушбу соҳада амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда мавжуд муаммоларга ҳам эътибор қаратилди.
Хусусан, вилоятда инклюзив таълим ташкил этилган 71 та умумий ўрта таълим мактабининг 12 таси махсус педагог-ўқитувчилар билан таъминланмаган бўлса, 19 та мактабгача таълим ташкилотида ташкил этилган инклюзив гуруҳларга ногиронлиги бўлган тарбияланувчилар етарлича қамраб олинмаган.
Шунингдек, 2023 йилда ногиронлиги бўлган шахслар учун квоталанган
2 525 та иш ўринидан 1 797 тасига, 2024 йилда квоталанган 2 632 та иш ўринидан 2 015 тасига ногиронлиги бўлган шахслар ишга жойлаштирилмаган.
Ногиронлиги бўлган шахслар учун квоталанган иш ўринлари яратилмаган ҳолатлар ҳам учради. Бу турдаги ҳуқуқбузарликлар учун 2023 йилда 46 та ташкилот раҳбарига нисбатан, 2024 йилда 8 та ташкилот раҳбарига нисбатан маъмурий жарималар қўлланилган.
Бундан ташқари, тиббиёт бирлашмаларидаги лифтларнинг таъмирталаб ҳолати, умумтаълим ва олий таълим муассасаларидаги пандусларнинг стандарт талабларга жавоб бермаслиги, пиёдалар йўлакларида ногиронлиги бўлган шахслар ҳаракатини чекловчи тўсиқларнинг мавжудлиги ҳам танқид қилинди.
Шунингдек, Шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертиза қилиш республика маркази ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан ногиронлар учун қулай муҳит яратиш бўйича техник қисмлар мавжуд бўлмаган лойиҳаларга ижобий хулоса берилган ҳолатлар аниқланган.
Муҳокама давомида сенаторлар ва депутатлар томонидан юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш ҳамда уларнинг олдини олиш бўйича тегишли чоралар кўриш зарурлиги қайд этилди ва тегишли тавсиялар берилди.
Қўшма мажлис якунида сенатор ва депутатларнинг муносабатидан келиб чиқиб, Сенат қўмитаси ва халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгашининг қўшма қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
- Қўшилди: 17.04.2025
- Кўришлар: 214
- Чоп этиш