Орттирилган иммунитет танқислиги синдроми – хатарли хасталик

Ҳар йили 1 декабрь санаси анъанавий равишда ОИТСга қарши бутунжаҳон кураш куни сифатида нишонланади. Бу санада ОИТС билан оғриганларни қўллаб-қувватлаш, хасталик аломатлари, ундан сақланиш бўйича огоҳликни ошириш масалаларига жамоатчилик эътиборини қаратиш мақсад қилинади.

Бу касаллик ижтимоий касалликдир. Шунинг учун у кенг маънода нафақат иқтисодий, сиёсий зарар етказади, шунингдек, оилавий, руҳий, маънавий, ахлоқий жиҳатдан салбий оқибатларни келтириб чиқаради.

Шундай экан, касалликнинг олдини олиш, даволаш, тарқалишини чеклаш ишларида ақл-заковат билан иш тутиш катта аҳамиятга эга. Шу сабабли руҳий тўсиқларни бартараф этиш ҳар қандай шароитда ҳам ахлоқ, одоб ва ўзаро ҳурмат руҳида яшаш, маънавий ва маданий жавобгарликни ўз бурчи деб билиши керак бўлади.

ОИТС дегани – орттирилган иммунитет танқислиги синдромидир. Бу одамнинг касалланганини билдиради. Ҳозирги вақтда кенг жамоатчиликни ташвишга солаётган муаммолардан бири – бу орттирилган иммун танқислигидир.

Ушбу касалликда организмни ички ва ташқи зарарли таъсир этувчи таъсиротлардан ҳимоя қилувчи – иммун тизими вирус таъсирида издан чиқади. ОИТСни француз олими Люк Монтанте ва америкалик олим Роберт Галло кашф этган вирус келтириб чиқариши исботланган. Бу хасталикнинг негизида киши организмининг касалликларга, айниқса, инфекцияларга қарши курашиш қобилиятининг бузилиши ётади.

ОИТС ўзи тўғридан-тўғри ўлимга олиб келмагани ҳолда кишида ўпка яллиғланиши, турли-туман инфекциялар, миянинг жароҳатланиши, хатарли ўсмаларнинг ривожланиши ва бошқа хасталикларга замин ҳозирлайди. Узоқ даволана олмайдиган зотилжам, диарея, сил ва бошқалар шулар жумласидандир. Уларнинг барчаси учун умумий лимфа тугунларининг катталашиши, беморнинг озиб кетиши, унда кучли авитаминоз, битмайдиган яралар ва бошқалар пайдо бўлиши кузатилади. 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёнинг 197 мамлакатида 2000 йил охиригача 5,5 миллион одам ОИТС билан хасталанган ва улардан 15,5 миллиони вафот этган. Ҳозирги кунда эса бу хасталикка чалинганлар сони 90 миллион атрофида.

Ўзбекистонда ҳам ОИТС билан касалланганларнинг сони ортиб бормоқда. Шунинг учун халқимизга ОИТС ҳақида илмий асосланган, мукаммал тушунчаларни етказишнинг аҳамияти ниҳоятда катта.

Соғлом одамга ОИТС кўп ҳолларда жинсий алоқа орқали ҳамда ОИТС билан касалланган ёки вирус ташиб юрувчи одамлардан (донорлардан) олинган қонларни умумий касаллик билан хасталанган беморларга қуйиш ёки яхши зарарсизлантирилмаган тиббий асбоблар билан муолажа қилиш орқали юқиши мумкин. Она сути орқали, яъни вирус ташувчи ёки ОИТС билан касалланган она боласини эмизганда ҳамда касаллик вирусининг ҳомилага йўлдош орқали ўтиши ҳам аниқланган.

Юртимизда ОИТСнинг тарқаб кетиши олдини олишнинг асосий чоралари кўрилган. Унга қарши курашувчи ихтисослаштирилган республика маркази, вилоятларда, шаҳарларда унинг бўлимлари ташкил этилиб, у ерларда диагностика лабораториялари очилган. 

Республика ОИТС маркази қошидаги аноним хонада ОИТС ёки вирус ташувчиликка гумон қилинган шахслар аноним ёки очиқ ҳолда текширишдан ўтишлари мумкин. Шунингдек, бу ерга хоҳлаган шахс мурожаат қилиб, ўзини қизиқтирган муаммолар юзасидан маслаҳатлар олиши мумкин. 

Хулоса қилиб айтганда, ОИТС биз билан бирга ХХI асрга кириб келганини ҳисобга олиб, ҳар бир киши бу масалада жон куйдирмоғи даркор. ОИТС вирусининг юқиш эҳтимоли бор экан, ҳар бир эркак, аёл ва фарзандларимиз, ОИТСнинг келиб чиқиши сабабларини яхши англаб, ўз хулқ-атворларини олий даражада сақлаб юрсалар, бу касаллик чангалига тушмасликлари аниқ.

 

Мадина Нуруллоева,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази

Умумий бўлимининг етакчи мутахассиси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech