Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари соҳасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Мамлакатимизда одам савдосига қарши курашиш, ундан жабрланган шахсларни ҳар томонлама ҳимоя қилиш, муносиб меҳнат тамойилларини илгари суриш борасида Президентимиз бошчилигида тизимли ислоҳотлар амалга оширилди. Муҳими, ушбу соҳада аниқ натижаларга эришилмоқда.

Бу борадаги мамлакатимиз тажрибаси халқаро миқёсда ўрганиш ва қўллаш учун муваффақиятли модель сифатида қаралаётгани ХМТ томонидан эътироф этилган. 2024 йил июнь ойида Ўзбекистон ХМТнинг Маъмурий кенгашига сайлангани бунинг ёрқин ифодасидир. 

Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссиянинг навбатдаги йиғилишида ушбу йўналишдаги ишларни янада такомиллаштириш, йўл қўйилаётган айрим камчиликларни бартараф этишга эътибор қаратилди. 2024 йил давомида амалга оширилган ишлар, кўрилган чоралар, сақланиб қолаётган масалалар ҳамда 2025 йилга режалаштирилган устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Сенат Раиси, Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия раиси Т.Норбоева бошқарган мажлисда одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари соҳасида 2024 йилда амалга оширилган ишлар, соҳадаги мавжуд муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар акс этган ахборот Президентга  киритилгани маълум қилинди. 

Бу йўналишда миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти такомиллаштирилди. Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат тамойилларини кенг жорий этишнинг ташкилий ва амалий чора-тадбирлари кучайтирилди. Аҳолининг одам савдоси ва муносиб меҳнат масалалари бўйича хабардорлиги оширилди. Ишлаб чиқариш тармоқларида халқаро меҳнат соҳасидаги техник стандартларни жорий этишга эътибор кучайтирилди. Халқаро ҳамкорлик фаоллаштирилди. 

2024 йилда одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат тамойилларини кенг жорий этиш, соҳага доир қонунчилик асосларини такомиллаштириш мақсадида 36 норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Халқаро меҳнат ташкилотининг 5 та конвенцияси ратификация қилинди. 

Ушбу соҳада давлат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги позициясини янада яхшилаш мақсадида 3 та чора-тадбирлар дастури қабул қилиниб, ижроси таъминланмоқда. 

Меҳнат инспекциясининг ваколатлари кенгайтирилди. Инспекцияга меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши юзасидан текширувларни тўсиқларсиз ўтказиш ваколати берилди. 

Миллий комиссия томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш мақсадида иш берувчиларга ёзма кўрсатма ва тақдимномалар киритилган. Иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ундириш юзасидан киритилган даъво аризалари кўриб чиқилиши натижасида 25,7 миллиард сўм ундириш юзасидан суд қарорлари чиқарилган. 

Мажлисда 2024 йилда одам савдосига қарши курашиш, соҳага доир қонунчилик асосларини такомиллаштириш мақсадида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани қайд этилди.

Жиноят кодексининг 135-моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, чақалоқ савдоси жинояти содир этилгани учун жазо чораси кучайтирилди. 

Одам савдосидан жабрланган шахсларни аниқлаш, уларга ижтимоий, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш учун ИИВнинг “Долзарб алоқа тармоғи” узлуксиз ишлаши таъминланмоқда.  

Одам савдосига оид жиноятларни аниқлаш ва айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш борасида сезиларли ўзгаришлар кузатилди. Судлар томонидан одам савдосига алоқадор 195 нафар шахсга нисбатан 143 жиноят иши кўриб чиқилган. 138 жиноят иши бўйича айблов ҳукми 188 нафар шахсга нисбатан чиқарилган. 

Одам савдосига оид жиноятлардан жабрланган шахсларга тиббий-психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб этиш, уй-жой муаммоларини ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатилди.

Мажлисда ҳудудларда одам савдосига қарши курашиш, муносиб меҳнат тамойилларини илгари суриш борасидаги муаммоли масалалар муҳокама қилинди. 

Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича Ички ишлар вазирлиги, муносиб меҳнат масалалари бўйича Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги раҳбарлари, ҳудудий комиссиялар вакилларининг ахборотлари эшитилди. 

Миллий комиссия томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда ишлаб чиқилган 2025 йилда одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари соҳасида амалга оширилган ишлар юзасидан ахборотда билдирилган таклифларни амалиётга татбиқ этиш бўйича чора-тадбирлар режаси (йўл харитаси) лойиҳаси кўриб чиқилди. 

Одам савдосига қарши курашиш кичик комиссияси томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Одам савдосига қарши курашиш концепцияси лойиҳаси ҳамда уни амалга ошириш бўйича Чора-тадбирлар режаси кўриб чиқилди. 

Муҳокама қилинган масалалар юзасидан Миллий комиссиянинг тегишли қарори қабул қилиниб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.

Норгул Абдураимова,

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech