Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи ва аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш, янги истиқболли режаларни белгилаш мақсадида 1-2 май куни Хоразм вилоятида бўлди.
2 май куни Урганч туманида Хоразм вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш бўйича устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.
Президент Шавкат Мирзиёев Хоразм шонли тарихимиз билан янги ислоҳотлар туташган чорраҳа эканини таъкидлади.
Логистика занжиридан узоқда, табиий ресурслари чекланган бу диёрда ўтган йили “кичик ва ўрта бизнес йили” бўлди, дейиш мумкин. 2024 йили вилоятда 7 минг янги тадбиркор иш бошлаган, 47 та корхона кичикдан ўртага ўтган. 1 минг 700 та корхона фаолияти тикланган. Буларнинг натижасида вилоятда бир йил ичида 290 минг аҳоли ишли бўлган.
Лекин олдинда долзарб масалалар кўп. Вилоятда камбағаллик даражаси ҳали ҳам 12 фоиз атрофида, 45 минг фуқаро ишсиз. Шунинг учун ҳокимлар ва ўринбосарлари ҳар бир имкониятни лойиҳага айлантириб, янги иш ўринлари яратиши, саноат, сервис, туризм, қишлоқ хўжалиги, экспорт салоҳиятини янада ошириши зарурлиги айтилди.
Давлатимиз раҳбари бу соҳалардаги имкониятлар ва уларни ишга солиш чораларини кўрсатиб ўтди.
Масалан, юртимизда туризм экспорти салоҳияти 10 миллиард доллар бўлса, шунинг 2 миллиард доллари айнан Хоразмга тўғри келади. Афсуски, бу тўлиқ ишга солинмаяпти.
Вилоят бўйича жами 263 та маданий мерос обидаси мавжуд. Тадбиркорлар билан ҳамкорликда улар туристик масканга айлантирилса, қўшимча даромад ва иш ўринлари бўлади. Шунингдек, чет элдан тажрибали археологларни жалб қилиб, тарихий жойларни аниқлаш ва тиклашга маблағ ажратилади.
Хоразмда 40 дан ортиқ ҳунармандчилик йўналишлари ривожланган бўлиб, сайёҳлар маҳсулот тайёрлаш жараёнига ҳам қизиқади.
Туризмда овқатланиш жойлари жуда муҳим. Президентимиз миллий таомларимизни чет элларда танитаётган рестораторларни қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлади. Хорижда ўзбек ресторанлари ташкил қилишда рўйхатдан ўтиш, рухсатнома ва иш юритиш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисми қоплаб берилиши белгиланди.
Меҳмон ўринлари ва транспорт қатновларини кўпайтириш, янги кўнгилочар ва тематик масканлар барпо этиш, гид ва официантлар тайёрлаш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Умуман, бу йил жами 200 миллион долларлик 91 та лойиҳани бажариш, туризм ва хизматлар соҳасида 100 мингта иш ўрни очиш вазифаси қўйилди. 2 миллион хорижий ва 10 миллион маҳаллий сайёҳ жалб қилиб, туризм экспортини 700 миллион доллардан ошириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.
Иқтисодиёт соҳасида ҳам имконият кўп. Бу йил Хоразмда камида 6 фоиз иқтисодий ўсишни таъминлаб, ялпи ҳудудий маҳсулотни 60 триллион сўмдан ошириш кўзда тутилган. 265 минг аҳолини банд қилиб, 104 минг одамни камбағалликдан олиб чиқиш мўлжалланган.
Масалан, хусусийлаштириш дастурига асосан 2025 йилда вилоятда 41 та давлат биноси, 350 гектар ер участкаси савдога қўйилаяпти. Бу хизмат кўрсатиш, туризм ва ишлаб чиқариш соҳалари учун катта имконият.
Сўнгги саккиз йилда Хоразмда мебель саноати 3 карра ўсди. Хонқадаги 10 гектар ерда мебелчилик зонаси ташкил этилди. Бу тармоқни янада ривожлантириш учун хориждан дизайнер, маркетолог, инженер-технолог олиб келинади. Юртимизда бу соҳага қўшимча туртки бериш учун махсус дастур тайёрлаш топшириғи берилди.
Ҳозир жаҳондаги мураккаб шароитда инновация ва инвестиция жалб қилган давлат ютаяпти. Бу борада Хоразмда ҳам режалар улкан. Жумладан, бу йил 900 миллион долларлик 12 та йирик, 480 та ҳудудий лойиҳа ишга туширилади. 65 турдаги маҳсулот, 5 турдаги ускуна ишлаб чиқарилиб, маҳаллийлаштириш ҳажми 1,7 триллион сўмга етказилади. 1,5 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб этилиб, 510 миллион долларлик экспорт қилинади.
Масалан, Қўшкўпир туманидаги 175 гектарда “Ўзбекистон – Хитой технопарки” ташкил қилинмоқда. У ерда 1 миллиард долларлик 16 та инвестиция лойиҳалари бўлади.
Тупроққалъада 10 миллиард долларлик газ-кимё мажмуасининг биринчи босқичи бошланади. Унда йилига 2 миллион тонна 14 турдаги юқори қўшилган қийматли базавий полимер маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.
Хоразмда 663 та қурилиш материаллари корхонаси бўлиб, вилоятнинг драйвер тармоқларидан бирига айланди. Энди уларнинг маҳсулотлари сотилиши молиявий чоралар орқали қўллаб-қувватланади. Тармоқда 100 миллион долларлик яна 40 та лойиҳа бошланади.
Словакия компанияси томонидан Тупроққалъа туманида 170 миллион доллар ҳисобидан рапс ўсимлиги етиштириш ва ундан биоэтанол ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Қишлоқ хўжалиги тармоқларида 60 миллион долларлик 56 та лойиҳа ишга туширилади. 3 минг 400 гектар ер қайта фойдаланишга киритилади. 1 минг 200 гектар саноатлашган мевали боғлар ташкил қилинади.
Австриянинг “Бауэр” компанияси билан Хоразмда 7,5 минг гектарда ёмғирлаб суғоришни жорий қилиш режалаштирилган. Бунда фермерларга шундай техникалар тайёр ўрнатилиб, лизинг асосида сўмда йиллик 2,5 фоиз ставкада 10 йил муддатга берилади.
Хоразмлик фермерлар таннархни тушириш учун изланиб, тракторга замонавий “автопилот” ўрнатган. Натижада чигит тўлиқ аниқликда экилади, сифат ошади. Бу ташаббусни қўллаб-қувватлаш учун имтиёзли кредит берилиши қайд этилди.
Вилоятда экин майдонига сув чиқариш осон эмас. Республикадаги насосларнинг 21 фоизи шу ерда жойлашган. Уларга қуёш панели ўрнатиб, электр харажатини иқтисод қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Балиқчиликни ривожлантириш, сутни қайта ишлаш, далаларда қўшимча маҳсулотлар етиштириш чора-тадбирлари белгиланди.
Аҳоли фаровонлигини ошириш мақсадида бунёдкорлик ишлари ҳам режалаштирилган. Жумладан, бу йил 7 минг хонадонли 200 та кўп қаватли уй қурилади, 1,5 минг километр йўл ва 20 та кўприк таъмирланади. Бу соҳада 20 минг нафар аҳоли иш билан таъминланади.
Ижтимоий соҳаларни ривожлантириш вазифалари ҳам кўрсатиб ўтилди. Тиббиёт масканлари ва юқори технологик жарроҳлик амалиётларини кўпайтириб, аҳолини соғломлаштириш, техникум ва олийгоҳ талабаларини дуал таълимга қамраб олиш, ёшларни иш билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилишда белгиланган чора-тадбирларни бажариш режалари юзасидан мутасаддиларнинг ахбороти эшитилди.
Шундан сўнг давлатимиз раҳбари Хоразмдаги “Урганч кластер”нинг янги корхоналари фаолияти билан танишди.
Кластернинг ташкил этилганига беш йил бўлган. Бугун у пахта хомашёсини етиштиришдан тортиб тайёр кийим-кечак тикишгача бўлган барча жараёнларни қамраб олган яхлит “занжир”. Унинг тизимида 3 минг киши иш билан таъминланган.
Тадбиркор 8 минг 500 гектар майдонда етиштирилган пахтани 100 фоиз қайта ишлайди. Бунинг учун пахта тозалаш ва ёғ заводлари бор.
Шу кунларда кластернинг ип-йигирув ҳамда мато тўқиш қуввати ортди. Қўшимча инвестиция эвазига яна иккита корхона фаолияти йўлга қўйилди. Германия, Япония ва Туркиядан замонавий ускуналар келтириб ўрнатилди.
Корхонада ўқув-тажриба маркази ташкил этилган. Тикувчи ва дизайнер-мутахассислар аввал шу ерда ўқитилиб, кейин ишга қўйилади.
Буларнинг натижасида ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли ортди. Йилига 10 минг 800 тонна атрофида ип-калава ва 3 миллион дона тикувчилик маҳсулотлари тайёрлаш қуввати яратилди.
Президент Шавкат Мирзиёев янги фабрикаларда бўлиб, иш жараёни, тайёр маҳсулотларни кўздан кечирди. Тикувчи хотин-қизлар билан суҳбатлашди. Уларнинг ойлик маошлари, меҳнат шароитлари билан қизиқди.
Бу ерда тайёрланаётган юқори сифатли кийим-кечакларнинг катта қисми экспортга йўналтирилади. Корхонанинг йиллик экспорт салоҳияти 28 миллион доллар атрофида.
Маҳсулотлар тури ва сифатини кўпайтириб, экспорт кўламини кенгайтириш, энергия тежамкорлик орқали маҳсулот таннархини камайтириш бўйича тавсиялар берилди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Урганч шаҳрида барпо этилган Касбий кўникмалар минтақавий марказини бориб кўрди.
Мажмуа Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги – KOICAнинг 9 миллион долларлик грант маблағлари ҳисобидан қурилган. Замонавий касблар учун зарур жиҳозлар, симулацион ускуналар келтириб ўрнатилган. Бу ерда автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, пайвандчилик, юк кўтариш машинистлиги, электрон ва маиший техника таъмири, мебелсозлик, сартарошлик ва косметология, мобилография ҳамда меҳмонхона хизмати каби 10 та талаб юқори бўлган мутахассислик ўргатилади.
Бунинг учун қарийб 2 гектар ҳудудда замонавий ўқув бинолари, амалий машғулот хоналари, 64 ўринли ётоқхона ва бошқа ёрдамчи иншоотлар қурилган. Муассаса йилига 300 нафар тингловчини 6 ойлик касбий тайёргарлик курсларида ўқитиш имкониятига эга.
Президент ўқув-машғулот хоналарини кириб кўрди. Меҳмонхона йўналишида сабоқ олаётган ёшлар билан самимий суҳбатлашди.
– Урганч аэропортини Инчон аэропорти билан шерикликда дунё даражасига олиб чиқамиз. Катта туризм марказлари, меҳмонхоналар қураяпмиз. Энди хорижий туристлар кўп келиши учун хизмат ҳам халқаро даражада бўлиши керак. Улар тарихимиз, табиатимиз учун келади, сервис яхши бўлса, хурсанд бўлиб кетади. Бунда кўп нарса хизмат кўрсатувчиларнинг муомаласи, этикаси, савиясига боғлиқ. Шунинг учун бу имкониятдан фойдаланиб, касбни яхши ўрганинг. Келгусида ўзингиз ҳам тадбиркор бўлишга ҳаракат қилинг, – деди Шавкат Мирзиёев.
Марказда Миграция агентлиги ҳамда Кореянинг Hyundai ва Германиянинг SBH West билан ҳамкорликда электромобилларга хизмат кўрсатиш ихтисослиги ҳам йўлга қўйилган. Бу эса ички ва ташқи меҳнат бозори талабларига мос кадрлар етиштириш имконини беради.
Халқаро ҳамкорлик кенг йўлга қўйилган. Жорий йил январь ойида марказнинг бошқарув ходимлари Корея Республикасида 2 ҳафталик ўқув курсларини тамомлаб қайтган. Айни пайтда эса ушбу мамлакатда 20 нафардан зиёд ўқитувчи ва мураббийлар малака оширмоқда.
Давлатимиз раҳбари малакали касбий тайёргарлик саноатлаштириш, умуман, давлат ривожининг асоси эканини таъкидлади. Амалиёт ускуналаридан самарали фойдаланиш, дарс сменаларини оқилона ташкил этиб, кўпроқ ёшларни ўқитиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи якунланди.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
Аҳмаджон ШОКИРОВ,
ЎзА махсус мухбирлари
- Қўшилди: 05.05.2025
- Кўришлар: 108
- Чоп этиш