Шуша шаҳрида “Сохта нарративларни фош қилиш: дезинформацияга қарши кураш” мавзусидаги II Глобал медиафорумнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Дунёнинг 50 дан зиёд давлатидан ОАВ вакиллари иштирок этаётган ушбу тадбирнинг муҳим қисми – Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан мулоқот барчанинг диққат марказида бўлди.
Ер юзининг турли минтақаларидан келган ҳамкасбларимиз томонидан давлат раҳбарига берилган саволлар турли мавзуларни қамраб олди. Хусусан, ЎзА мухбири мамлакат етакчисининг медиаиндустрия келажаги борасидаги қарашлари ва журналистика соҳасига нисбатан кенг жорий қилина бошлаган нейротармоқнинг тобора ортаётган аҳамияти ҳақидаги фикри билан қизиқди. Бугунги кунда жадал ривожланиб бораётган нейротармоқ, бир томондан, турли соҳаларда ишни енгиллаштирса, иккинчи томондан фейк янгилик ва дипфей яратиш воситаси бўлиб хизмат қилиши, ҳатто турли давлатлар раҳбарлари, таниқли шахслар ҳам шундай жараён қурбони бўлаётганини таъкидлади.
Шу нуқтаи назардан медиа соҳаси вакиллари зиммасидаги масъулият, хусусан бундай таваккалчиликка қарши кураш бўйича глобал кўламда муайян таклифлар, чора-тадбирлар ишлаб чиқиш вазифани алоҳида таъкидлади. Барчани БМТ, G20 ва бошқа йирик халқаро тузилмалар доирасида ҳамкорлик қилишга чақирди.
Илҳом Алиевнинг медиа соҳаси вакиллари билан мулоқоти кутилганидек очиқ, конструктив руҳда ўтди.
Бошқа тадбирлар, жумладан Туркий ахборот агентликлари альянси (ATNA) бошқаруви йиғилиши бугун бўлиб ўтяпти.
Форум доирасида “Таъсирни баҳолаш: дезинформация қамрови соҳасини белгилаш”, “Дезинформацияга қарши турувчи янада барқарор жамият барпо этиш бўйича сиёсат ва ташаббуслар”, “Сунъий интеллектнинг воқеликка, ОАВ ва дезинформацияга таъсири: медиасаводхонликни рағбатлантириш”, “Иқлим ҳаракати ва ОАВ” каби мавзуларда сессиялар ташкил қилинади.
Айни пайт форум иштирокчилари – расмий шахслар, журналистлар, фуқаролик жамияти, давлат идоралари ва бизнес тузилмалар, халқаро ташкилотлар вакиллари, медиа соҳаси экспертлари сессиялар доирасида ўзаро фикр, тажриба алмашмоқда.
Дурдона Солиҳова тайёрлади, ЎзА.
Шуша шаҳри, Озарбайжон
- Қўшилди: 22.07.2024
- Кўришлар: 1214
- Чоп этиш