Президентимизнинг 2025 йил 30 июлдаги “Халқаро шартномага қўшилиш тўғрисида”ги қарорига асосан, Ўзбекистон 2013 йилда Минск шаҳрида имзоланган Коррупцияга қарши курашиш бўйича давлатлараро кенгашни тузиш тўғрисидаги битимга расман қўшилди.
Қарорга мувофиқ, мазкур халқаро шартномани амалга ошириш бўйича масъул орган сифатида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги белгиланган. Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия вa Тожикистоннинг аксилкоррупция идоралари раҳбарлари кенгаш аъзолари ҳисобланади.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича давлатлараро кенгашнинг 10-мажлиси Арманистоннинг Ереван шаҳрида ташкил этилди. Унда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди.
Мазкур йиғилишда Ўзбекистон делегацияси иштироки ташкилотнинг тўлақонли аъзоси сифатидаги илк иштироки бўлди. Ташрифдан асосий мақсад – давлатлараро кенгаш фаолияти доирасида минтақада коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги долзарб муаммолар, ташаббуслар вa стратегик йўналишларни муҳокама қилиш ҳамда амалий ҳамкорликни кучайтиришдан иборат.

Кенгаш йиғилиши доирасида Ўзбекистон делегацияси раҳбари Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида мамлакатда амалга оширилаётган аксилкоррупция ислоҳотлари, миллий ва минтақавий ташаббуслар ҳамда халқаро ҳамкорлик самарадорлигини қайд этиб, кенгаш фаолиятида фаол иштирок этиш, орттирилган тажриба билан ўртоқлашиш вa янги қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.
Кенгаш мажлисида виртуал валюталарнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш, коррупция учун юридик шахсларнинг жавобгарлиги, коррупциядан холи бизнес муҳитини яратиш каби бир қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Ташриф доирасида Агентлик делегацияси бир қатор хорижий ваколатли органлар билан икки томонлама учрашувлар ўтказди. Жумладан, Арманистон Бош прокурори Анна Вардапетян билан бўлиб ўтган учрашувда икки давлат ўртасида коррупцияга қарши курашиш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга келишиб олинди.
Шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Беларусь Республикаси Бош прокуратураси ўртасида ҳамкорлик ҳужжати имзоланди.
Мазкур ҳужжат ҳуқуқий ахборотлар алмашинуви, илмий-услубий тавсиялар ишлаб чиқиш, коррупциянинг сабаб вa шарт-шароитларини аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш, мансабдор шахслар фаолиятида ҳалоллик вa шаффофликни таъминлаш каби йўналишларда ўзаро ҳамкорлик қилишни назарда тутади.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 06.10.2025
- Кўришлар: 87
- Чоп этиш