Кувайтнинг етакчи нашрлари шу кунларда мамлакатимиз билан ҳамкорлик мавзусига кенг ўрин ажратмоқда.
Масалан, “Ўзбекистон ва Кувайт: Бирга олға интилиш вақти келди” сарлавҳали мақолада сўнгги йилларда Ўзбекистон дунё мамлакатлари билан кўп қиррали алоқаларни фаол ривожлантираётгани, республикамизда саноат кооперацияси, транспорт-логистика соҳалари ривожига алоҳида эътибор қаратилаётгани, инвестиция муҳитини яхшилаш, сармоядорлар учун қулай шарт-шароит яратиш, уларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича стратегик мақсадлар изчил амалга оширилаётгани таъкидланган.
Эътиборлиси, бу саъй-ҳаракатлар жаҳон ҳамжамияти томонидан ижобий кутиб олиниб, фаол қўллаб-қувватланмоқда.
Маълумки, умумий маданий, тарихий ва диний қадриятлар, урф-одат ва анъаналар муҳим аҳамиятга эга омиллар сифатида мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантирадиган табиий катализатор вазифасини ўтайди. Ўзбекистон учун Яқин Шарқдаги ана шундай ишончли дўст ва ҳамкор давлатлардан бири Кувайтдир.
Кувайт Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини биринчилардан бўлиб 1991 йил 30 декабрда тан олган. Ўша пайтдан эътиборан давлатларимиз тинчлик, иқтисодий тараққиёт, икки халқ фаровонлигини таъминлашга муштарак интилиш асосида дўстона муносабат ўрната бошлаган.
Ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосини ўзаро инвестицияни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, маданият, санъат, савдо-иқтисодиёт, илмий-техникавий алоқалар, икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш, божхона қўмиталари ўртасидаги шериклик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимлар ташкил этади.
Ўзбекистон ва Кувайт ўртасида дипломатик муносабат 1994 йил июль ойида ўрнатилган. 2001 йил Тошкентда Кувайт Давлати элчихонаси, 2004 йил ноябрда эса Кувайтда мамлакатимиз элчихонаси очилган. Ҳозиргача икки марта олий даражадаги ташриф амалга оширилган – 2004 йилда Кувайтга, 2008 йил Ўзбекистонга.
2023 йил июль ойида Тошкентда бўлиб ўтган Марказий ва Жанубий Осиё минтақавий алоқалари мавзусидаги халқаро конференцияда ташқи ва Вазирлар Маҳкамаси ишлари бўйича давлат вазири Шайх Аҳмад Носир Ал-Муҳаммад Ас-Сабоҳ бошчилигидаги делегация қатнашди. Ташриф доирасида мартабали меҳмонни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қабул қилган эди.
Ушбу араб давлати Миллий Ассамблеяси таркибида Кувайт – Ўзбекистон парламент дўстлик гуруҳи ишлаяпти. 2017 йил Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузурида “Ўзбекистон – Кувайт” парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи тузилган.
Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича қўшма ҳукумат комиссияси фаолият юритмоқда. Тузилманинг ўтган йил ноябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтган йиғилишида савдо алоқалари жараёнида товарлар турини кенгайтириш, имтиёзли савдо тўғрисида битим имзолаш, электрон тижорат бўйича ҳамкорликни кенгайтириш, тўсиқларни бартараф этиш, “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ва “Кувайтда ишлаб чиқарилган” кўргазмаларини ўтказиш чора-тадбирлари келишиб олинган. Айни пайт саноат кооперацияси дастури ва икки томонлама сармоявий шартнома ишлаб чиқилмоқда.
Икки давлат ҳам савдо-сотиқни ривожлантириш муҳимлигини эътироф этади ва доимий равишда шу йўналишда ҳаракат қилади. 2020 йилдан буён қарийб 7 баробар ўсган савдо айланмасининг асосий йўналишлари хизмат кўрсатиш, минерал ёнилғи, озиқ-овқат ва кимё маҳсулотлари олди-сотдиси ҳисобланади. Бинобарин, ҳамкорликни кенгайтириш учун ҳали фойдаланилмаган улкан салоҳият мавжуд.
Юртимизда ушбу давлат капитали билан очилган 7 та корхона ишлаяпти.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётган Кувайт Араб иқтисодий тараққиёт жамғармасининг молиявий ва маслаҳат ёрдами билан республикамизда соғлиқни сақлаш, таълим, инфратузилма йўналишларида йирик ижтимоий лойиҳалар амалга оширмоқда. Жумладан, умумий қиймати 213,2 миллион долларга тенг 10 та кредит битими, 2,5 миллион долларлик техник кўмак бўйича 4 та битим имзоланган. Айни пайт “Ўзбекистонда мактабгача таълимни давлат-хусусий шериклик асосида ривожлантириш” лойиҳасини молиялаштириш масаласи ҳал қилинмоқда.
Мутахассислар фикрича, савдо-сармоявий шериклик, саноат кооперациясини кенгайтириш учун кенг имконият мавжуд. Таҳлиллар савдо таъминотини шакллантириш, қўшма корхоналар ташкил этиш ва йирик ҳудудий бозорларга чиқиш учун ўзаро тадбиркорлик имкониятларидан самарали фойдаланиш мумкинлигини кўрсатмоқда.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА
- Қўшилди: 17.02.2025
- Кўришлар: 882
- Чоп этиш