Турли табиий офатлар инсоният бошига кулфатлар келтириб, аҳолига, инфратузилмага ҳар хил кўламда зиён етказади. Айниқса, зилзилалар табиий офатлар ичида энг хавфлиларидан бири бўлиб, уни олдиндан билишнинг имкони йўқ. Шу боис ҳам зилзилаларнинг оқибатлари аянчли кўриниш ҳосил қилиши мумкин.
2023 йил 16 март куни бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдан ташқари саммитида давлатимиз раҳбари томонидан фавқулодда вазиятлар бўйича ихтисослашган халқаро тузилмалар билан амалий ҳамкорликни кучайтириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилган эди. Ўзбекистон Республикаси Президенти зилзила қурбонларига ҳурмат кўрсатиш ва бу борада халқаро ҳамкорлик зарурлигини эслатиш мақсадида хотира ва бирдамлик кунини таъсис этиш тўғрисидаги ташаббусни илгари сурди.
Бугунги кунда мазкур ташаббус амалда ўз натижасини кўрсатди. Гап шундаки, 2025 йил 29 апрелда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси билан 29 апрелни Халқаро зилзила қурбонларини хотирлаш куни деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди. Ҳужжатга дунёнинг барча минтақаларидан 80 дан ортиқ давлат ҳаммуаллифлик қилган.
Халқаро зилзила қурбонларини хотирлаш куни илк бор 2026 йил 29 апрель куни нишонланади. Бу сана 1966 йилда Тошкент шаҳрида содир бўлган вайронкор зилзиланинг 60 йиллиги муносабати билан белгиланди.
Шу ўринда қайд этиш лозимки, яқинда БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси билан Ўрмонзорлаштириш ва ўрмон тиклаш декадаси ҳақидаги резолюцияни ҳам қабул қилган эди.
Халқаро зилзила қурбонларини хотирлаш кунини белгилашга оид резолюция эса сўнгги йилларда Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган 13 резолюция ҳисобланади. Мазкур резолюциянинг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи тобора ортиб бораётганини, давлатимиз раҳбарининг халқаро доирадаги муҳим ташаббусларидан бири бўлганини ўзида акс эттиради.
Муҳтарама Комилова, ЎзА
- Қўшилди: 02.05.2025
- Кўришлар: 169
- Чоп этиш