Қонун ва ижро
Жорий йилнинг 29 февраль куни "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида"ги қонун қабул қилинди.
Қонун билан болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасидаги вазифалар нималардан иборат? Янги парламент болалар ҳуқуқларини таъминлашда қандай янгиликлар қилиши мумкин? Шу каби масалалар хусусида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) Сурайё РАҲМОНОВА билан суҳбатлашдик.
– Аввало айтадиган бўлсак, Асосий қонунимизда боланингжисмоний, ақлий ва маънавий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш бўйича кафолатлар кучайтирилди, бу борада давлатнинг ижтимоий мажбуриятлари кенгайтирилди, – дейди С.Раҳмонова. – Шунингдек, ота-оналарнинг фарзандлари олдидаги мажбурияти алоҳида кўрсатилиб, давлат ва жамият ота-она васийлигидан маҳрум бўлган ва етим болаларга ғамхўрликни ўз зиммасига олиши қайд этилди. Оналик ва болалик давлат муҳофазасида экани қатъий мустаҳкамланди.
Хусусан, конституциявий янги ёндашув натижасида сўнгги йиллар давомида давлатимизда бола ҳуқуқлари ишончли ҳимояланмоқда. Соҳада янги ёндашув ва услублар жорий этилди. Бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга оид махсус қонунчилик базаси яратилиб, уни ижро этиш юзасидан самарали ҳуқуқий механизм йўлга қўйилди.
Жумладан, неонатал ўлим кўрсаткичлари сезиларли пасайгани, мактабгача таълим қамрови 76 фоизгача ошгани, бунга қарийб 2 миллион бола қамраб олингани, энг муҳими эса давлатимизда болалар меҳнатига батамом барҳам берилгани каби ютуқларни таъкидлаш жоиз. Бу натижалар нафақат миллий даражада, балки жаҳон миқёсида ҳам кенг эътироф этилмоқда.
Хусусан, Болалар фаровонлиги бўйича Глобал индексда Ўзбекистон 2017 йилда 78-ўринни эгаллаган бўлса, 2021 йилда 16 позиция юқорига кўтарилган. Бу ҳам, албатта, соҳада қилинаётган ишларнинг амалий натижасидир.
– Янги парламент болалар ҳуқуқини таъминлаш борасида янгиликлар олиб келиши мумкинми?
– Бугунги кунда миллий қонунчилигимизда бола ҳуқуқлари билан боғлиқ 40 дан ортиқ қонун ҳужжатлари, 500 дан ортиқ қонуности ҳужжатлари мавжуд. Янги парламент ҳам мазкур ижобий қонунчилик тажрибасини фаол давом эттиришига ишончимиз комил.
Зеро, бола манфаатларини ҳимоя қилиш ҳозирда давлат сиёсатининг энг устувор вазифаларидан бири деб белгиланган экан, мазкур қатъий курс давлат ҳокимиятининг барча бўғинлари томонидан фаол олиб борилади. Бунда парламент ҳам, ижро ҳокимияти ҳам, суд ҳокимияти ҳам ўз функцияси доирасида муҳим вазифаларни амалга оширади.
Шу билан бирга, бугунги кунда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид давлат сиёсати соҳада яна кўплаб муҳим ва долзарб масалаларни ҳал этишни тақозо этмоқда. Шубҳасиз, янги чақириқдаги парламент ҳам қонун ижодкорлиги жараёнида айнан ана шу масалалар ечими устида ишлайди.
– Жорий йил "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида"ги қонун қабул қилинди. Қонун доирасида Болалар омбудсманининг ваколатлари қандай мустаҳкамланди?
– Болалар омбудсманининг институционал ислоҳ этилиши, парламентнинг мустақил сиёсий институти сифатида мақоми мустаҳкамланиши муҳим принципиал аҳамиятга эга.
Албатта, Болалар омбудсманининг бирламчи вазифаси – бола манфаатларига оид қонунчилик ижроси устидан самарали мониторинг – парламент назоратини олиб боришдир.
Асосий мақсад – мансабдор шахслар, ташкилот ва муассасалар томонидан болалар манфаатларига зид ҳаракатларга йўл қўймасликни таъминлашдир.
Шу функцияни самарали амалга ошириш доирасида қонун билан Болалар омбудсманининг асосий вазифалари белгиланди.
Бунда бола ҳуқуқларига оид давлат сиёсатини амалга ошириш ҳамда БМТ Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини бажаришда иштирок этиш, бола ҳуқуқлари бузилиши тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқиш орқали боланинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш, ҳимоялаш каби вазифалар белгиланган.
Ҳозирда ваколатларимиз доирасида кўплаб масалалар ечимига қаратилган фаолият олиб бормоқдамиз.
Аввало, кун тартибимиздаги асосий масала – болага нисбатан бўлаётган нафақат жисмоний, руҳий, жинсий зўравонлик, балки ғамхўрлик кўрсатмаслик (яъни, боланинг жисмоний, моддий, психологик, ижтимоий ва бошқа эҳтиёжларини қондирмаслик) каби шакллардан ҳимоялашга алоҳида эътибор қаратилаяпти.
Бунда нафақат боланинг яқинлари, балки таълим-тарбия муассасалари масъуллари томонидан ҳам унга нисбатан турли шаклдаги тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларига барҳам беришга эришиш мақсад қилинган.
Фаолиятимизнинг таянч йўналишларидан яна бири, бу – бола ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган (ёпиқ) муассасаларда уларнинг ҳуқуқлари таъминланиши даражаси, яшаш, таълим олиш, соғлиғини сақлашга оид шарт-шароитларни мониторинг қилишдир.
Яъни, Болалар омбудсмани томонидан бола ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган таълим, тарбия, тиббиёт муассасалари, қамоқда сақлаш жойлари ва жазони ижро этиш муассасалари, вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари, ихтисослаштирилган ўқув муассасаларида мунтазам мониторинглар олиб борилади.
Жумладан, 2024 январь-октябрь ойлари давомида Болалар омбудсманининг бундай муассасаларга 50 дан ортиқ мониторинг ташрифлари ўтказилди.
– Болаларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятларини таъминлаш қандай йўлга қўйилмоқда?
– 2016 йилдан бошлаб Ўзбекистонда миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти халқаро стандартларга мувофиқлаштирилиб, болаларнинг одил судловга эришиши учун имкониятлари таъминланмоқда.
Шу билан бирга, катталардан фарқли равишда болалар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қонуний манфаатларига риоя этилишини талаб қилишда заиф эканини инобатга олиш керак.
Одил судлов жараёнларида боланинг хоҳ жиноят, хоҳ фуқаролик ёки бошқа юритув бўлсин, самарали юридик ёрдам, вакиллик ва қўллаб-қувватлаш хизматларидан фойдаланиш имконияти тўлиқ таъминланиши зарур. Яъни, одил судлов тизими билан ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш ва таълим тизимлари ўртасидаги яқиндан ҳамкорлик болалар билан ишлайдиган ходимлар ва махсус мутахассисларнинг янада ихтисослашувини талаб этади.
Ҳозирда мазкур йўналишда мутахассислар салоҳиятини шакллантириш ва малакасини ошириш бўйича тизимли ишлар олиб бораяпмиз.
– Болалар омбудсмани котибиятига келиб тушаётган мурожаатлар билан қай тарзда ишланади?
– Болалар омбудсмани фаолиятининг асосий йўналиши фуқароларнинг мурожаатларини ўрганишдир. Мурожаатлар фақатгина ота ёки она, боланинг яқин қариндошларидан эмас, балки вояга етмаганларнинг ўзларидан ҳам келиб тушмоқда. Хусусан, вояга етмаган қизлар оилавий зўравонлик қурбони, ота-она ёки умуман, учинчи шахслар томонидан эрта турмуш қуришга мажбурланаётганликлари, вояга етмаган ўғил болалар эса уларга мактабларда бошқа синф ўқувчилари томонидан тазйиқ ўтказиб келинаётганлиги юзасидан мурожаат қилишмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 9 ойида Болалар омбудсмани котибиятига бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши юзасидан жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан, болалар ҳамда уларнинг қонуний вакилларидан жами 800 дан ортиқ мурожаат келиб тушган. Мурожаатлар билан ишлаш механизмига кўра, мутасаддилар билан ҳар бир кейс юзасидан алоҳида манзилли иш олиб борамиз ва зарурат бўлса, вазиятни жойига бориб ўрганамиз.
Ҳар бир мурожаат билан ишлашда боланинг энг устун манфаатини таъминлаш ёндашувига таянамиз. Зеро, барча саъй-ҳаракатларимизнинг ягона мақсади – юртимизнинг ҳар бир кичик фуқароси, ҳар бир бола Конституция ва қонунларда кафолатланган барча ҳуқуқ ва имкониятларидан тенг, тўла фойдалана олишини таъминлашдир.
ЎзА мухбири
Абдулазиз РУСТАМОВ
суҳбатлашди.
- Қўшилди: 04.11.2024
- Кўришлар: 915
- Чоп этиш