Ўзбекистонда иш ташлаш ҳуқуқи қонуний мустаҳкамланмоқда (+видео)

Қонун лойиҳасига шарҳ

Мамлакатимизда иш ташлаш ҳуқуқи биринчи марта қонун даражасида тартибга солинмоқда. 

Сенат янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан илк маротаба фойдаланиб, Қонунчилик палатасига “Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатлари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунчилик таклифини киритди. 

Қонун лойиҳаси иш ташлаш ҳуқуқини қонуний тартибга солишни назарда тутади. Унда иш ташлашнинг аниқ таърифи ва тушунчалари, уни ўтказиш тартиб-таомиллари, ходимларга иш ташлаш жараёнида бериладиган кафолатлар белгиланмоқда. 

Хўш, иш ташлаш жараёни қай тартибда кечади, қайси соҳа вакиллари иш ташлай олмайди? Иш ташлашнинг олдини олиш учун қандай чоралар кўрилиши керак?

Бу каби саволлар билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зуҳриддин Мавлоновга юзландик. 

— Миллий қонунчилигимизни Халқаро меҳнат ташкилотининг талабларига мувофиқлаштириш мақсадида иш ташлаш ҳуқуқи қонун билан кафолатланмоқда. Бу бўйича 2 та қонун, 4 та кодексга қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Жумладан, иш ташлашнинг тартиб-таомиллари, яъни иш ташлашни бошлаш, кечиктириш, тўхтатиб туриш, иш ташлашда иштирок этган ходимларга кафолатлар бериш ҳамда иш ташлашга оид тақиқ ва чекловлар аниқлаштирилмоқда. Меҳнат низоларини кўриш бўйича тартиблар, ноқонуний иш ташлаш ҳолатларини судда кўриш тартиблари ўз аксини топмоқда. 

Шу билан бирга, ходимларнинг иш ташлаши бошқа фуқароларнинг ҳуқуқларига дахл қиладиган соҳа вакиллари — ҳарбийлар, мудофаачилар, энергетика тизими каби соҳа ходимлари иш ташлаши мумкин эмаслиги белгиланмоқда. 

Қонун лойиҳаси миллий қонунчиликни халқаро меҳнат стандартларига тўлиқ мослаштириш, ижтимоий адолат, тенглик ва демократик бошқарув принципларини амалда мустаҳкамлашга хизмат қилади, — деди депутат. 

М.Комилова, Н.Абдувоитов, И.Исматов (видео), ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech