Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган. Кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш ана шу ўзгаришларнинг муҳим ва ажралмас қисмидир.
Ижтимоий шериклик, жамоатчилик назорати ҳамда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватланишини кучайтириш – демократик ислоҳотларни изчил давом эттиришда муҳим саналади.
Шу боис, фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият бошқарувидаги роли ва ўрнини оширишга қаратилган ҳуқуқий асослар мустаҳкамланмоқда.
Нодавлат нотижорат ташкилот (ННТ)лар фаолияти давлат бошқаруви органларининг аралашувидан холи бўлмоғи, уларнинг жамоатчилик назоратига оид таклиф ва тавсиялари давлат органларида кўриб чиқилмоғи лозимлиги белгиланган.
Шу билан бирга, кейинги йиллардаги глобал демократик чақириқлар таҳлили ННТлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, бунда аҳоли манфаатларини бевосита ифодалаш мақсадида нотижорат ташкилотларнинг фуқаролар ва жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлигини белгилашни тақозо этди.
Ҳомийлик қилиш тартиби миллий қонунчилигимизда аниқ белгиланмагани сабабли айрим фирибгарлар фуқароларнинг ишончини суиистеъмол қилиб, уларнинг мулкини ноқонуний эгаллаб келаётган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Мисол учун, ижтимоий тармоқларда болаларнинг касал ҳолатдаги суратини жойлаб, хайрия пулларини йиғиш ва ўғирлаш билан шуғулланган шахслар учрамоқда. Бундай ҳолатлар нафақат фуқароларнинг моддий зарар кўришига олиб келади, балки уларнинг хайрия фаолиятига бўлган ишончини пасайтиради ва жамиятдаги ижтимоий ҳамжиҳатликка путур етказади.
Бу каби фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш учун хайрия фаолияти ва хорижий молиявий ёрдамнинг шаффофлигини таъминлашга қаратилган қонунчилик механизмларини жорий этиш жуда муҳим.
Жорий йил 21 августда Президентимиз имзолаган “Айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунда юқоридаги каби муаммоларга чек қўйишга қаратилган асослар яратилди.
Қонун билан бир қатор қонун-ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилмоқда. Улар ичида “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”, “Жамоат фондлари тўғрисида”, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”, “Давлат божи тўғрисида”ги қонунлар бор.
Қонунчиликка киритилган ўзгартиришларга кўра, ННТларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, қайта рўйхатдан ўтказганлик учун давлат божи миқдори аниқлаштирилди. Фуқаролик жамияти институтларига давлат органлари томонидан бевосита давлат ижтимоий буюртмалари берилишининг янги механизми белгиланди.
Хусусан, соҳада бир хил ҳуқуқни қўллаш амалиётини йўлга қўйиш мақсадида ННТ ваколатхонаси ва филиали юридик шахс ҳисобланиши белгиланди. Уларни юридик шахс бўлмаган бўлинма сифатида ҳисобга қўйиш тартиби бекор қилинди.
ННТ томонидан давлат органига ижтимоий буюртма олиш учун таклиф киритиш тартиби кўзда тутилди. Жамоатчилик назоратининг натижалари бўйича якуний ҳужжат давлат органига келиб тушган кундан эътиборан бир ойда кўриб чиқилади.
ННТ фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, ННТларнинг, энг аввало, жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлиги ва ишончини кафолатлаш мақсадида ташқи манбалардан олинган пул маблағлари тўғрисидаги ахборот ҳар чоракда жамоатчиликка эълон қилинади.
ННТни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш асослари янада аниқлаштирилди (ННТнинг ташаббускори, раҳбар органи аъзоси террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда гумон қилинаётган, талон-торож қилиш, фирибгарлик жиноятини содир этган ёхуд экстремистик деб топилган ташкилотнинг аъзоси ва раҳбар органлари аъзоси бўлган шахс бўлса, ташкилотни рўйхатдан ўтказиш рад этилади).
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ННТларнинг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик, жамоатчилик назоратини амалга ошириш натижалари бўйича тайёрланган якуний ҳужжатни кўриб чиқмаганлик учун жавобгарлик белгиланди. ННТларнинг фаолиятни амалга ошириш тартибини бузганлиги учун жавобгарлиги қайта кўриб чиқилди.
Жумладан, қонунчилигимизда биринчи маротаба ННТнинг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун 2,8 миллион сўмдан 6,1 миллион сўмгача жарима белгиланди. Жамоатчилик назоратини амалга ошириш натижалари бўйича тайёрланган якуний ҳужжатни белгиланган муддатда кўриб чиқмаганлик учун давлат органлари мансабдор шахсларига 1,2 миллион сўмдан 2 миллион сўмгача жарима белгиланди.
ННТ фаолиятини амалга ошириш тартибини бузиш билан боғлиқ айрим ҳуқуқбузарликлар учун жарималар ўртача чорак қисмга камайтирилди.
“Ҳомийлик тўғрисида”ги қонунда ҳомийлик хайриялари нақд пул шаклида фақат хайрия қутиси ёрдамида йиғилиши ёки ҳомийлик ташкилотлари, ҳомийликни амалга оширувчи юридик шахсларнинг банк ҳисобварақларига пул ўтказиш йўли билан амалга оширилиши белгиланди.
Ҳомийлик хайриялари мол-мулк шаклида йиғилган тақдирда қабул қилиб олинган мол-мулк рўйхати шакллантирилиб, унинг тури, миқдори (ҳажми) кўрсатилган ҳолда далолатнома тузилади.
Ҳомийлик олувчи жисмоний шахслар ҳомийлик хайрияларининг миқдори ва улардан мақсадли фойдаланилганлиги тўғрисидаги маълумотни ушбу хайрияларни берган шахсларнинг талабига кўра тақдим этади.
Ҳомийлик хайрияларини йиғиш жараёнлари бошланиши ва якуни бўйича ОАВ, расмий веб-сайтлар ёки ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда тегишли маълумотлар эълон қилинади ва солиқ ҳисоботларида акс эттирилади.
Жисмоний шахслар ҳомийлик хайрияларини нақд пул ёки мол-мулк шаклида фақат ўзи ёки яқин қариндошлари манфаатида йиғади, бунда нақд пул фақат уларнинг банк ҳисобварақларига ёки шахсий банк картасига ўтказилади.
Кўнгиллилар ҳомийлик олувчиларнинг манфаатларини кўзлаб, ҳомийлик хайрияларини йиғишга фақат эълон бериш орқали кўмаклашади. Хайрия қутиси фақат ҳомийлик ташкилотлари, ҳомийликни амалга оширувчи ёки олувчи юридик шахслар томонидан ўрнатилади. Қути шаффоф ва муҳрланган бўлади, уни очиш ва маблағларни ҳисоблаб чиқиш жараёни видеоёзувга олинади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ҳомийлик тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун 1,2 миллион сўмдан 2,8 миллион сўмгача жарима белгиланди.
“Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунга маҳаллий кенгашлар ҳузуридаги жамоат фондлари Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондига қўшиб юборилиб, уларнинг негизида Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилиши билан боғлиқ ўзгартиришлар киритилди.
Қонун фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга, унинг самарадорлигини оширишга, ижтимоий шериклик муносабатларини ривожлантиришга, жамоат фондлари фаолиятидаги ортиқча бюрократик талабларни бартараф этишга, шунингдек, ҳомийлик ташкилотлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.
Норгул Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 27.08.2025
- Кўришлар: 103
- Чоп этиш