АОКАда Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Миллий маданий марказлар раҳбарияти иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида жорий йил ўтган даврида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди:
Мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб республикада истиқомат қилаётган барча миллат ва элатлар учун ўз тили, урф-одатлари, анъаналари, маданий мероси, миллий ўзига хослигини сақлаб қолиш ва ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан бири бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида миллатлараро алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш бўйича катта тажриба тўпланган. Қўмита мамлакатимизда фаолият олиб бораётган 157 та миллий маданий марказлар ва 38 та дўстлик жамиятлари фаолиятини мувофиқлаштирмоқда.
Ўзбекистонда миллатлараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди. Бағрикенглик ва инсонпарварлик тамойиллари жамиятимиз ҳаётининг барча бўғинларига, бу юртда истиқомат қилаётган ҳар бир миллат вакилининг ҳаётига чуқур кириб борди.
Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муносабатларни сақлашга имкон берадиган ўзига хос модель яратилган.
Бу ерда кўп асрлар давомида турли этник гуруҳлар, маданиятлар ва турли динларнинг биргаликда аҳилликда яшаши минтақамизда истиқомат қиладиган ҳамюртларимизнинг диний бағрикенглигини кўрсатади.
Марказий Осиё халқларини узоқ йиллар давомида умумий тарихий анъаналар, этник ва тиллар ҳамжамияти, маданий бир хиллик, ҳудудий ва иқтисодий алоқалар бирлаштириб келади.
Давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси билан мамлакатимизда бағрикенглик тамойилини мустаҳкамлаш, қўшни мамлакатлар билан яқин дўстлик алоқаларини йўлга қўйиш, дунёга Ўзбекистон бағрини кенг очиш борасида кўлами жиҳатидан катта ва ўта муҳим ишлар амалга оширилди.
Миллий маданий марказлар мамлакатимизда истиқомат қилаётган бошқа миллатлар қадриятларини асраб-авайлаш, урф-одат ва анъаналари бардавомлигини таъминлаш баробарида, ёшларимизни ўзга элатлар маданиятини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Жорий йилнинг 17 сентябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Миллий маданий марказлар томонидан Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 33 йиллигини нишонлашга бағишланган тадбирлар юзасидан Марказлар томонидан амалга оширилаётган ишлар, хусусан, ёшларни маънавий-маърифий ислоҳотларга кенг жалб этиш, маърифат тарғиботчиларининг жамиятдаги роли ва ўрнини ошириш борасидаги ишлар ҳақида ОАВ вакиллари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.
Тадбирда республикамизда фаолият олиб бораётган ОАВ вакиллари, Миллий маданий марказлар фаоллари иштирок этишди.
Ўзбекистон қирғиз миллий маданий маркази раиси Раҳматьилла Жабборов, Ўзбекистон қозоқ миллий маданий маркази раиси Серикбай Усенов, Республика туркман маданият маркази раиси Гулдона Авездурдиева ҳамда Республика тожик миллий маданий маркази раиси Гуландом Субхановалар мамалакатимизда турли миллат вакиллари учун яратилган шароитлар, уларнинг давлат тадбирларидаги иштироки ва аҳамияти ҳақида маърузалар қилишди.
Таъкидландики, ушбу тадбирлар жамиятда миллатлараро тотувликни, бағрикенглик ва инсонпарварликни янада мустаҳкамлашга, халқлар ва давлатлар ўртасидаги дўстона, тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Анжуман доирасида спикерлар журналистларни қизиқтирган саволларига жавоб беришди.
Расмий хабарлар
- Қўшилди: 17.09.2024
- Кўришлар: 1233
- Чоп этиш