Ўзбекистонда ўрмонлар майдони мамлакат ҳудудининг 8 фоизини ташкил қилади

Пойтахтимизда “Ўзбекистонда ўрмонларни қайта тиклаш ҳамда углерод нейтраллигига эришиш учун ўрмон углерод кредитларидан фойдаланиш стратегиялари” мавзусида халқаро семинар бўлиб ўтди.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги томонидан Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) билан ҳамкорликда ташкил этилган семинарда Ўрмон хўжалиги агентлиги директори Эркин Муҳиддинов, KOICAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Шин Мюнг Сеоп, бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар экспертлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Семинарда Эркин Муҳиддинов бугунги кунда ўрмонларни қайта тиклаш ва уларнинг углерод сақлаш имкониятларини ошириш глобал иқлим ўзгаришларига қарши курашишда муҳим ўрин тутишини таъкидлади. 

–Ўрмон хўжаликлари томонидан 2024 йилда 255 минг гектар майдонда ўрмон барпо қилиш ва қайта тиклаш тадбирлари амалга оширилди, – дейди Э.Муҳиддинов. – Жумладан, Орол денгизининг қуриган тубида ва Оролбўйи ҳудудларида 215 минг гектар майдонда “яшил қоплама”лар барпо этилди. Шунингдек, доривор ва озиқ-овқатбоп ўсимликлар плантацияси 5628 гектарга етказилиб, 9 минг 667 тонна маҳсулот етиштирилди. Ушбу йўналишлардаги ишлар “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да ҳам тизимли равишда давом эттирилади. 

Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Республикасида ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясига асосан ўрмон фонди ерлари майдонини 14 миллион гектарга, шундан ўрмон билан қопланган ерларни 6 миллион гектарга етказиш белгиланган.

Соҳа вакилларининг таъкидлашича, ҳудудларда ўрмонларни такрорий кўпайтириш, уларнинг тур таркибини яхшилаш, ўрмон мелиорацияси ва ўрмонларни плантация усулида етиштириш ишлари амалга оширилган. Ўрмон ерларидаги дарахтларнинг инвентаризацияси ўтказилиб, қуриган кўчатлар ўрни тўлдирилган.

Семинар ўзаро тажриба алмашиш ва ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини тақдим этгани билан аҳамиятли бўлди. Бугун дунёнинг кўпгина минтақаларида чўлланиш ва ерларнинг деградацияга учраши туфайли иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммолар юзага келмоқда. Ўзбекистонда ўрмонлар майдони мамлакат ҳудудининг атиги 8 фоизини ташкил қилади. Бу эса ўрмонларни барқарор бошқаришни рағбатлантириш, уларни қайта тиклаш, ўрмонлаштириш ишларини тизимли амалга оширишни тақозо этади.

Ўрмонларни қайта тиклаш лойиҳалари олиб борилиши натижасида ҳосил қилинган ўрмон углерод кредитлари глобал бозорларда ҳам сотилиши мумкин. Бу эса халқаро миқёсда натижаларни янада яхшилайди. Париж келишувининг 6-моддасига асосан Ўзбекистон бир вақтнинг ўзида иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва  ўрмонларни қайта тиклаш орқали иқтисодий фойда яратиш учун юқори имкониятга эга бўлмоқда. Бу каби семинарлар ҳамкорликда стратегияларни режалаштириш ҳамда муҳокама қилиш имкониятини яратади.

Муҳайё Тошқораева,

ЎзА 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech