Бугунги мураккаб даврда тинчлик, осойишталик, барқарор муҳитнинг нечоғли бебаҳо неъмат эканини яна бир карра яққолроқ ҳис этмоқдамиз.
Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари қўмитаси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 25-30 июль кунлари ташкил этилаётган “Дўстлик” фестивали ўз моҳияти ва аҳамиятига кўра юртимиздаги ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан диққатга сазовор.
Мазкур фестивалнинг аҳамияти ва мазмун-моҳияти хусусида унинг иштирокчилари ўз фикрларини билдирди.
Қаҳрамон САРИЕВ, Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари қўмитаси раиси:
– Маълумки, БМТнинг тегишли резолюцияси асосида 30 июль дунёда “Халқаро дўстлик куни” сифатида нишонланади. Айни пайтда Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ, 30 июль санаси мамлакатимизда “Халқлар дўстлиги куни” деб эълон қилинган. Юртимизда бошланган “Дўстлик” фестивали орқали биз ўзбек халқининг бағрикенглиги, аҳил ва ҳамжиҳатлигини кўрсатишга ҳаракат қилаяпмиз. Фестиваль Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйлаб кенг нишонланади. Ҳар бир қишлоқ, маҳалла, овулларда, аҳоли пунктларида, энг чекка ҳудудларда ҳам ушбу тадбирни баланд руҳда ўтказишга катта эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга, мазкур фестивалда яқин хорижий давлатлардаги ватандошларимиз ҳам таклиф этилган. Бу йилги “Дўстлик” фестивалининг дастури кенг ва мазмундорлиги билан ажралиб туради.

Гулдана Авездурдиева, Республика Туркман миллий маданий маркази раҳбари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:
–Ушбу фестиваль биз – Туркман миллий маданий маркази вакиллари учун ҳам катта байрамга айланган. Ўзбекистонда турли миллат вакиллари каби бизнинг ҳам анъана ва урф-одатларимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш борасида кенг имкониятлар яратилган. Агар бошқа давлатларда 30 июль – “Халқаро дўстлик куни” сифатида бир кунгина нишонланадиган бўлса, Ўзбекистонда ушбу сана бир ҳафта, яъни “Дўстлик” фестивали сифатида кенг нишонланмоқда. Ўзбекистонда инсон қадрини улуғвор билиш билан бирга, турли халқ ва элатларнинг маданияти, анъана ва урф-одатларини изчил ривожлантиришга катта аҳамият қаратилмоқда. Ўзбекистондаги жаҳонга намуна бўлаётган тинчлик ва дўстлик, ҳамжиҳатлик абадий бўлсин!

Мобил Мамедов, Республика Озарбайжон миллий маданият маркази раҳбари:
–Тўрт йил бўлдики, бу фестиваль анъанавий, жуда баланд ва гўзал тарзда нишонланмоқда. “Дўстлик” фестивали биз учун ҳам севимли байрам. Унга катта тайёргарлик кўрилди. Анъана ва урф-одатларимиз мазкур фестивалда янада ёрқинроқ намоён бўлади. 26 июлдан миллий маданий марказимиз экспозициясининг намойиши бўлади. Ана шундай бетакрор фестиваль, кўрсатилаётган эътибор учун Президентимизга ташаккур билдирамиз.

Раҳматилла Жабборов, Ўзбекистондаги Қирғиз миллий маданий маркази раҳбари:
–Дунёда “халқлар дўстлиги”, деган тушунча бўлса-да, лекин Ўзбекистонда ташкил этилаётган “Дўстлик” фестивали ушбу тушунчанинг моҳиятини янада теранроқ очиб беришга хизмат қилади. Юқорида таъкидланганидек, бу йилги фестивалнинг кўлами, ҳажми, миқёси кенглиги эътиборли. Унинг доирасида Қирғиз маданияти кунлари ҳам ўтказилади. Қирғизистоннинг адиблари, ижодкор зиёлилари билан учрашувлар, мушоиралар, ранг-баранг ва қизиқарли тадбирлар ўтказилиши кўзда тутилган. Бир сўз блан айтганда, “Дўстлик” фестивали Ўзбекистонда дўстлик, қардошлик, аҳиллик, тинчлик ва осойишталикка энг улуғвор қадрият сифатида эътибор қаратилаётганини намоён этувчи катта байрамдир.
ЎзА мухбири
Назокат Усмонова ёзиб олди.
- Қўшилди: 28.07.2025
- Кўришлар: 130
- Чоп этиш