Ўзбекистоннинг очиқ, амалий ва прагматик ташқи сиёсатининг яна бир эътирофи

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Марказий Осиё – Россия” саммитидаги нутқининг аҳамияти ҳақида Олий Мажлис Сенати аъзоси Гулнора Маруфова муносабат билдирди:

– Давлатимиз раҳбарининг халқаро майдондаги навбатдаги чиқиши – Ўзбекистоннинг очиқ, амалий ва прагматик ташқи сиёсатининг яна бир бор эътирофига сабаб бўлди. 

Нутқда асосий эътибор натижага қаратилган мулоқот ва амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш биз учун жуда долзарб масала экани қайд этилди. Чунки минтақа тараққиёти аниқ ҳаракатларимиз орқали таъминланади. Шу нуқтаи назардан, 2027 йилгача бўлган Қўшма ҳаракатлар режаси ва “йўл харитаси” таклифи – минтақавий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади.

Айниқса, Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузиш ғояси – давлатларимиз ўртасидаги қарорларнинг тез ва самарали ижросини таъминлашда муҳим инструмент бўлади. Бу, фақат сиёсий мулоқот эмас, балки аниқ натижа берадиган тизим яратиш демакдир.

Шу билан бирга, Президентимиз оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, меҳнат мигрантларини ижтимоий мослаштириш ҳамда минтақавий туризмни ривожлантириш бўйича таклифларини ҳам илгари сурди. Бу масалалар ҳар бир оила, ҳар бир фуқаро ҳаёти билан чамбарчас боғлиқ. Демак, ташаббусларимиз нафақат давлатлараро, балки инсон марказидаги сиёсатга таянади.

Хулоса қилиб айтганда, бу нутқ – Марказий Осиёда ҳамжиҳатлик ва прагматик ҳамкорлик сиёсатининг мантиқий давоми бўлиб, минтақада тинчлик, барқарорлик ва умумий тараққиёт учун мустаҳкам асос яратади.

Н.Абдураимова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech